Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Зумрад БЕКАТОВА: Жамоат жойларида инсон саломатлигига эътибор кучайтирилади

Зумрад БЕКАТОВА: Жамоат жойларида инсон саломатлигига эътибор кучайтирилади

Жорий йилнинг 4 октябридан “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Бундан уч ой олдин қабул қилинган мазкур ҳужжатнинг аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигини муҳофаза қилишдаги аҳамияти катта.  

Қонун профилактик аҳамиятга эга ҳужжатдир. Уни ишлаб чиқишдан мақсад, энг аввало, чилим ва электрон сигареталар чекилишининг салбий оқибатларидан чекмайдиган фуқароларни, яъни уларнинг соғлиғини сақлашга доир конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, чекувчилар саломатлигини сақлашга, ушбу зарарли одатлардан фарзандларимизни асрашга қаратилган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан чилим ва электрон сигареталарни истеъмол қилишнинг инсон саломатлигига зарарли оқибатлари ўрганилганида, уларни чекишда пайдо бўладиган моддалар тамаки маҳсулотларига нисбатан инсон саломатлигига кам таъсир этиши тўғрисидаги қарашларнинг ҳақиқатга мос келмаслиги аён бўлди.

Хусусан, чилим ва электрон сигареталар чекишда ҳосил бўладиган аэрозол, тутуннинг зарари, оддий сигарета чекишда пайдо бўладиган тутундан бир-неча баробар юқори эканлигини кўрсатди. Чилим чекиш жараёнида организмга ис газидан ташқари катта миқдорда хром, никотин, қўрғошин, смола, бензоллар, полициклик углеводлар, карбоксигемоглобин ва бошқа зарарли бирлашмаларнинг тушиши юрак қон-томир, ўпка ва нафас йўллари касалликларига, асаб ва овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятининг бузилишига, онкологик касалликлар келиб чиқиши ва ривожланишига, репродуктив қобилиятнинг сусайишига олиб келади.

Электрон сигареталарга тўхталадиган бўлсак, ўрганишлар ушбу восита ва маҳсулотлар чекишни ташламоқчи бўлганлар учун мутлақо самарасиз бўлиб, саломатлик учун ўта зарарли эканлигини тасдиқлаган. Электрон сигарета чекиш давомида пайдо бўладиган буғли-тутунли аралашма кучли канцероген таъсирга эга, жигар, буйрак, нафас олиш органлари ва иммун тизимига жиддий путур етказади, тери касалликларини келтириб чиқаради.

Ачинарлиси, чилим ва электрон сигареталарни чекишда пайдо бўладиган моддалардан заҳарланганда ҳомиланинг вақтидан олдин, кам вазн билан туғилиши натижасида чақалоқлар ўлими кўпайишига сабаб бўлади. Балоғат ёшида бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш эса бепуштликка олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, чилим ва электрон сигареталарни гуруҳ бўлиб чекиш гигиена талаб ва қоидаларига мос бўлмаган ҳолат бўлиб, турли юқумли касалликларнинг юқиш хавфи ошади.

Чилим чекишда тамаки маҳсулоти ёки чекиладиган қоришмадан (тутатқи қиёмдан, тутатқи тошдан) ташқари кам миқдорда бўлса-да, гиёҳвандлик (наша) ва соғлиқ учун зарарли бўлган бошқа моддаларни истеъмол қилиш ҳоллари ҳам мавжуд. Жумладан, таркибида гавайи атиргули ва мовий лилия мавжуд бўлган чилим қоришмаларидан фойдаланганда инсонга психотроп ва гиёҳвандлик моддалар каби таъсир кўрсатиши аниқланган.

Чилим ва электрон сигареталар чекишда тамакидан кўра, аксарият холларда, тамакисиз маҳсулотлар, хусусан, чилимда чекиладиган қоришма, тутатиладиган қиём ва тутатиладиган тош, электрон сигареталарда эса никотинсиз суюқлик кенг қўлланилади. Шу сабабли, амалдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунлар билан бу муносабатларни тартибга солиш имкони бўлмаган. Чилим ва электрон сигаретада фойдаланиладиган суюқликда турли хил хушбўй там берувчи моддалар (ароматизатор) мавжудлиги унга нисбатан ёшлар, ўсмирларда қизиқишни кучайтиради.

Кўпчиликда чилим ва электрон сигареталарда тамакисиз маҳсулотлар фойдаланилса, улар зарарсиз эканда, деган савол туғилиши мумкин. Сабаби, шу пайтгача чилим ва электрон сигареталар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ҳужжат бўлмаганлиги боис, бу одатларга деярли эътибор қаратилмаган. Шунинг учун, организмга уларни чекиш билан боғлиқ зарарли таъсирлар тўғрисида ҳам ахборот етарли бўлмаган. 

Қонунда асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилди, чилим ва электрон сигареталарни чекишни реклама қилишни чеклаш ва тарғибот қилишни тақиқлашга оид нормалар киритилган ҳамда жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга масъул шахслар, уларнинг мажбуриятлари ифодаланди.

Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш бўйича профилактик чора-тадбирлар, уларни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, корхоналар (муассасалар), ташкилотлар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг иштироки белгилаб қўйилди.

Қонуннинг 6-моддасида чилим ва электрон сигареталар  чекишга йўл қўймайдиган жамоат жойлари аниқ кўрсатиб ўтилди. Айнан шу моддада уни бутунлай чекланмаганлигини ҳам кўрамиз. Яъни жамоат жойларида белгиланган тартиб ва талабларга (хоналарнинг жиҳозларига, чилим ва электрон сигареталарни фойдаланишга бериш тартибига, уларни санитария жиҳатдан тозалашга, чекиладиган қоришмаларни сақлашга ва бошқа талабларга) жавоб берадиган чилим ва электрон сигареталар чекиш учун махсус хоналар ташкил этилган бўлса, шу хоналарда чекишгарухсат этилиши мумкин.  

Шу билан бирга, назорат қилувчи шахслар ҳам аниқлаштирилиб, улар ушбу маҳсулотларни чекиш чекланадиган жамоат жойлари маъмурияти тегишлилиги бўйича назорат олиб боради ва ҳуқуқбузарлик такрорий содир этилган тақдирда Ички ишлар органларига хабар беради.

Умуман айтганда, мазкур Қонун жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишининг олдини олиш баробарида, ёшларни бу каби иллатлардан асраб-авайлашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, чекмайдиган фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, аҳоли саломатлигини сақлаш, чилим ва электрон сигареталар чекилиши натижасида келиб чиқадиган касалликлар, шу жумладан, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади. 

                                                                            

Зумрад БЕКАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

 Қонунчилик палатаси депутати,

“Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 62

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2018
Янги қўмита қандай ишлаяпти?

Қўмита аъзолари ҳар ойда 10-15 кун давомида жойларда аҳоли билан тўғридан-тўғри, юзма-юз мулоқотлар ...

17.10.2018
Халқ манфаатига мос иш тутилмоқда

Таъкидланганидек, фракция аъзолари қонун ижодкорлиги фаолиятида асосий эътиборни айнан аҳолини қийнаётган...

17.10.2018
Фракция аъзолари юборган 33 депутатлик сўровининг тақдири не бўлди?

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 19 та қонун лойиҳаси қонун...

Тадбирлар тақвими