Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қобил НОСИРОВ: “Париж битими” Ўзбекистонга нима беради?

Қобил НОСИРОВ: “Париж битими” Ўзбекистонга нима беради?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йилнинг 25 сентябрда ўтказилган навбатдаги мажлисида бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари кўриб чиқилди. Улардан бири — Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида парламент қуйи палатасига киритилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси “Париж битими” (Париж, 2015 йил 12 декабр)ни ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасидир.

Мажлисда қайд этилганидек, бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири, деб тан олмоқда. Дарҳақиқат, XX асрга келиб, дунё мамлакатларининг кескин индустриал ривожланиши, табиат қонуниятларига бўйсунмасдан, унинг ресурсларидан нооқилона фойдаланиши натижасида атмосферага беҳисоб миқдорда иссиқхона газлари чиқарилиши иқлим ўзгаришига олиб келди. Бу  эса, ўз навбатида, дунёнинг турли нуқталарида йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳароратнинг кескин ўзгаришига, баъзи ерларда ҳалокатли ёғингарчиликлар, тошқин, бўрону тўфон каби офатларга, аксинча бошқа жойларда қурғоқчилик, чўлланиш, ер деградацияси, ўрмон ёнғинлари ва бошқа экологик муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистонда худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га кўтарилган. Яъни, исиш жадаллиги глобал миқёсда кузатилаётган ўртача суръатдан юқори. Сабаби, Ўзбекистон иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил бўлган мамлакатлар қаторига киради.

Экспертларнинг хулосасига кўра, иқлим исиши экотизимлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилояти каби минтақаларда экологик вазиятнинг кескинлашувига, йил мобайнида жазирама давр давомийлигининг ортиши ва кучайиши натижасида аҳоли ўртасида касалликларнинг ортиши, шунингдек, бошқа хавфли табиат ҳодисалари – селлар, тошқинларнинг тез-тез такрорланиши, юқори тоғлардаги кўлларнинг ўпирилишига олиб келиши мумкин.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида 2015 йил 12 декабрда Парижда Бирлашган Миллатлар Ташкилотиниинг (БМТ) иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий конвенцияси (ИЎДК)га бағишланган конференциянинг 21-сессиясида Париж битими қабул қилинди ва 2016 йил 4 ноябрда кучга кирди.

Ҳозирги вақтда Париж битимини имзолаган 195 мамлакатнинг 180 таси мазкур ҳужжат иштирокчиси ҳисобланади. Битимни ратификация қилмаган мамлакатлар кузатувчи мақомига эга бўлиб, улар учун халқаро ташкилотлар томонидан иқлимга доир дастур ва лойиҳаларни молиялаштиришда чекловлар қўлланилади.  

Мазкур битимнинг мақсади сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 2°С га сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг 1,5°С гача ўсишини чеклашга ҳаракат қилишдан иборат. 2050 йилга бориб иссиқхона газларининг глобал ажратмаларини 40-70 фоизга камайтиришни, 2100 йилгача эса унинг 0 ёки манфий кўрсаткичга етказишни талаб этади. Мамлакат 2030 йилга келиб эришиши лозим бўлган иссиқхона газлар ажратмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини камайтириш тўғрисида ИЎДК котибиятига маълумот тайёрлаши Париж битимини имзолашнинг мажбурий шарти ҳисобланади.

Битимда ривожланган мамлакатларнинг тараққий этаётган мамлакатларга иқлим ўзгаришининг олдини олиш ва унга мослашиш борасидаги саъй-ҳаракатларида қўллаб-қувватлаш мажбурияти юклатилган. 2020 йилда ривожланаётган мамлакатларнинг эҳтиёжлари ва устуворликларини эътиборга олиб, молиявий кўмакни 100 миллиард АҚШ долларига етказишга қарор қилинган.

Ҳозирги вақтда махсус жамғарма умумий қиймати 1.5 миллиард АҚШ доллари бўлган 35 та лойиҳани молиялаштирмоқда. Уларнинг орасида Ўзбекистон ва Тожикистон учун Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги “Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг олдини олиш дастури” лойиҳасини молиялаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда (20 миллион АҚШ долларга тенг грант).

Маълумки, Ўзбекистон 2017 йил 19 апрелида БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Париж битимини имзолаган, бироқ ҳозирги вақтга қадар ушбу битимни ратификация қилмаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси  томонидан БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси “Париж келишувини (Париж, 2015 йил 12 декабр) ратификация қилиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниши Ўзбекистон учун қатор манфаатли имкониятларни тақдим этади. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича Давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурслари (асосан грантлар)ни жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатлар (Орол фожиаси, чўлланиш, қурғоқчилик)га қарши курашиш кабиларда имконият яратади.

Париж битимида қатнашиш инвестиция ресурсларини жалб қилиш ҳамда халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг кредитларини олиш учун индикатор ҳисобланади. Мазкур битимга мувофиқ, Иқлим соҳасидаги ҳаракатлар келажакдаги савдо келишувлари учун шарт бўлиши мумкин. Франция ҳукумати Париж битимига аъзоликни Европа Иттифоқи савдо келишувларидаги муҳим элемент сифатида қабул қилиш таклифини билдирди. Бу Европа Иттифоқи Париж битимини ратификация қилмаган ёки уни амалга оширмаётган мамлакатлар билан бошқа савдо-сотиқ қилинмаслигини англатади.

Шу жиҳатларни, энг муҳими, халқимиз манфаатларини, экологик хавфсизликни таъминлаш мақсади устувор эканини инобатга олган ҳолда, Париж битимини ратификация қилиш Ўзбекистон Республикасининг умуминсоний қадриятлар, битимда акс эттирилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ғояларига содиқлигини кўрсатади. Айни пайтда бу Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияга аъзо давлатлар билан халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Қобил НОСИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати


Кўришлар сони: 102

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2018
Янги қўмита қандай ишлаяпти?

Қўмита аъзолари ҳар ойда 10-15 кун давомида жойларда аҳоли билан тўғридан-тўғри, юзма-юз мулоқотлар ...

17.10.2018
Халқ манфаатига мос иш тутилмоқда

Таъкидланганидек, фракция аъзолари қонун ижодкорлиги фаолиятида асосий эътиборни айнан аҳолини қийнаётган...

17.10.2018
Фракция аъзолари юборган 33 депутатлик сўровининг тақдири не бўлди?

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 19 та қонун лойиҳаси қонун...

Тадбирлар тақвими