Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Мамлакатимизда илм-фан янада равнақ топади

Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Мамлакатимизда илм-фан янада равнақ топади

Мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, ижтимоий-сиёсий юксалиши бевосита малакали ва тажрибали кадрларга боғлиқ. Шу боис, ҳар бир давлат илм-фаннинг равнақ топишига алоҳида эътибор қаратади. Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ҳам соҳада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.

Хўш, мазкур ҳужжатда белгиланган устувор вазифалар нималарда ўз аксини топади?

Унга мувофиқ, хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг бошқа истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги материаллар, инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида меҳнат қилаётган, қимматли илмий, амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш, хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришда, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий марказлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар салоҳиятидан фаол фойдаланиш жамғарманинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Шунингдек, давлат органларининг кадрлар бўйича хизматлари томонидан фойдаланилиши ва онлайн тарзда излаш амалга оширилиши мумкин бўлган жаҳон мамлакатлари ва мутахассисликлар бўйича каталоглаштирилган қимматли илмий-амалий тажрибага эга ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиб, юритади. Бу, албатта, мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, тажрибали кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоиз, “Эл-юрт умиди” жамғармаси илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ҳамда технопаркларнинг ташкил этилишида ҳам муҳим омил бўлади.

Ривожланган мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва докторантура дастурлари бўйича танлов ўтказиш, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида истиқболли мутахассислар, шу жумладан, педагоглар ва илмий кадрлар учун малака ошириш, стажировкадан ўтиш амалиёти ҳам йўлга қўйилади. Албатта, юқори малакали мутахассис, олимларнинг тажрибалар алмашинуви соҳанинг истиқболига, ватан равнақига хизмат қилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясининг дастурий вазифалари билан ҳам ҳамоҳангдир. Партия сайловолди платформасида таълим жараёнига замонавий истиқболли илм-фан ютуқларини жорий этиш, мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, илмий фаолиятга истеъдодли, қобилиятли ёшларни жалб этиш орқали юқори билим-малакали жамиятни шакллантиришга кўмаклашиш кабилар муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони хорижда яшаётган ва профессионал фаолиятини юритаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ҳамда истеъдодли ёшлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиши, жаҳон меҳнат бозорига юқори малакали мутахассислар тайёрлаб беришда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Дилфуза ЖАЛИЛОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 190

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2018
Янги қўмита қандай ишлаяпти?

Қўмита аъзолари ҳар ойда 10-15 кун давомида жойларда аҳоли билан тўғридан-тўғри, юзма-юз мулоқотлар ...

17.10.2018
Халқ манфаатига мос иш тутилмоқда

Таъкидланганидек, фракция аъзолари қонун ижодкорлиги фаолиятида асосий эътиборни айнан аҳолини қийнаётган...

17.10.2018
Фракция аъзолари юборган 33 депутатлик сўровининг тақдири не бўлди?

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 19 та қонун лойиҳаси қонун...

Тадбирлар тақвими