Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жамила НИЁЗОВА: Концепция ишга тушди энди норма ижодкорлиги тубдан такомиллашади

Жамила НИЁЗОВА: Концепция ишга тушди  энди норма ижодкорлиги тубдан такомиллашади

Биз табиатан тартиб-интизомни хуш кўрадиган халқмиз. Айни пайтда ҳақиқатгўйлигу адолатпарварлик бобида ҳам бошқалардан қолишмаймиз.

Мен уч чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида узоқ йиллик фаолиятимда англаб етган бир ҳақиқат бор: жамиятимизда барча соҳадаги ҳуқуқий муносабатларнинг тартибга солиниши қабул қилинажак ҳар қандай қонуннинг ана шу икки жиҳатни қай даражада омихталашига боғлиқ экан. Парламентимизнинг асосий фаолияти – қонун ижодкорлигида бу жуда ҳам муҳим омилдир.

Бироқ иш бор жойда, озми-кўпми, камчилигу нуқсонлар ҳам бўлиши табиий. Ўтган йилги энг муҳим воқеалардан бири — Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасини тинглаб ўтирар эканман, давлатимиз раҳбарининг парламентимиз ҳақидаги бир гапидан жуда таъсирланган эдим. У кишининг аксарият ҳолларда бирон-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган қонун ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши, ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир кўрсатмайдиган, ижро механизмларига эга бўлмаган “ўлик” қонунлар ҳақидаги фикрлари ҳозиргача қулоғимиз остида жаранглаб турибди.  

Бугун қайси қонун лойиҳаси устида ишламайлик, қайси қонунга ўзгартиш ё қўшимча киритмайлик, масалага ана шу танқидий мулоҳазадан келиб чиқиб ёндашмоқдамиз. Шу боис норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нафақат сифатига, балки уларнинг ўз вақтида бажарилишига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, ўтган қисқа вақт ичида давлатимиз раҳбарининг «Қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқишни таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи комиссияси тузилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб олинди. Амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда «Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун» принципини рўёбга чиқаришга қаратилган тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш Концепциянинг асосий мақсади этиб белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони эса норма ижодкорлиги йўналишидаги устувор вазифалар сифатида қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, улар ижроси мониторингини такомиллаштириш, норма ижодкорлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, «ақлли тартибга солиш» модели элементларини қўллаш ва ушбу фаолиятнинг институционал асосларини такомиллаштиришни кўзда тутгани билан аҳамиятли бўлди.

Хўш, бу аҳамият нималарда кўзга ташланади? Қандай янгиликларга асос бўлди?

Биринчидан, амалдаги норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатлар билан ҳал қилиш мумкин бўлган масалалар ва муаммолар бўйича янги қарор тайёрлаш амалиётига чек қўйилди. Шу билан бирга, Президент ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорлари кучга кирган пайтдан бошлаб уларнинг ижросини таъминлаш бўйича яна қўшимча ички идоравий ҳужжатлар қабул қилишга доир мажбуриятлар ҳам бекор қилинди.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш чоғида унга, қоида тариқасида, қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш, ташкилий-техник чораларини амалга ошириш, қонун лойиҳасини кенг кўламда тарқатиш ҳамда унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш бўйича масалаларни ўз ичига олган тадбирлар режасини илова қилади.

Бундан ташқари, фармон ва қарорларда топшириқлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини белгиловчи нормалар, муддатлар ва масъул ижрочилар аниқ кўрсатилиши мажбурий қилиб қўйилди. Алоҳида тадбирлар, назорат режалари ва «йўл хариталари»ни қўшимча тарзда тасдиқлаш амалиётига барҳам берилди. Янги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат эса, ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи айнан бир хил юридик кучга эга, худди шундай ҳужжатни бекор қилиш билан биргаликда қабул қилинади ёки амалдаги ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Норма ижодкорлиги жараёнида замонавий технологияларнинг қўлланилиши иш самарадорлигини ошириши ҳамда ушбу жараённинг шаффофлигини таъминлашидан келиб чиққан ҳолда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг лойиҳалари тегишли вазирликлар ва идоралар билан электрон шаклда келишувдан ўтказиш амалиёти жорий қилинади.

Албатта, ҳар қандай ҳужжат, жумладан Концепциянинг қабул қилиниши унинг тўлиқ ишлаб кетишини англатмайди. Шу боис қисқа вақт ичида мазкур Концепцияни ҳаётга самарали татбиқ қилиш мақсадида Комиссия ташкил қилинди.

Парламент Қонунчилик палатаси Спикери раҳбарлигида унинг кенгайтирилган тартибдаги илк ташкилий йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда Концепцияни амалга оширишда қонунчиликнинг амалдаги ҳолати, мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш натижасида қонунчилик базасини тизимлаштириш, ҳар хил идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш, асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар, эскирган тартибга солиш механизмлари мавжуд бўлган қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш бўйича истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама этилиб, келишиб олинди.

Норма ижодкорлиги соҳасидаги ушбу муҳим янгилик ва ўзгаришлар парламент зимммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шу боис, мазкур масала бугунги кун тартибимиздан муҳим ўрин эгаллаб турибди.

Эътиборли жиҳати, Қонунчилик палатасида Концепцияни амалга ошириш юзасидан қатор амалий ишлар бошлаб юборилди. Эндиликда ҳар бир қонун лойиҳаси Концепция талаблари асосида кўриб чиқиляпти. Масалан, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ва “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари иккинчи ўқишга тайёрланиш жараёнида Концепцияга мувофиқ равишда кўриб чиқилди.

Ҳукумат томонидан киритилган “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси концепцияга мос равишда деярли қайта ишлаб чиқилди. Қонуннинг мақсади, унинг амал қилиш соҳаси, низоларни ҳал этиш, қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик,  қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш каби доимий тусга эга трафарет нормалар олиб ташланди. Қонунда бир-бирини мазмунан такрорлайдиган нормалар умумлаштирилди, такрорланишларнинг олдини олиш мақсадида ўнга яқин ҳаволаки нормалар қисқартирилди. “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам Концепция талабларига тўлиқ мослаштирилди.

Бир сўз билан айтганда, Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси мамлакатимизда халқ ҳокимияти, конституция устуворлиги, қонунийлик ва адолатлилик принципларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.

 

Жамила НИЁЗОВА,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 265

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.09.2018
Ўзбекистон-Туркия: Парламент ҳамкорлиги тобора кучаймоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон Туркия билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий...

21.09.2018
Қонунларга киритилаётган ўзгартишлар фуқароларнинг манфаатини ёқлашга, фаоллигини оширишга қаратилди

Киритилаётган ўзгартишларга кўра,  турар жой мулкдорининг оила аъзоси деб эр-хотиннинг ота-онаси,...

21.09.2018
Энергиядан оқилона фойдаланиш масаласи муҳокама марказида

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда муҳандислик коммуникацияларнинг эскириши ва қониқарсиз...

Тадбирлар тақвими