Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Борий АЛИХОНОВ: Оролбўйида экологик барқарорликни таъминлаш — минтақа учун долзарб масала

Борий АЛИХОНОВ: Оролбўйида экологик барқарорликни таъминлаш — минтақа учун долзарб масала

Орол денгизи фожиаси натижасида юзага келган сув ресурслари танқислиги, ер деградацияси, чўлланишнинг кучайиши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши ва бошқа жиддий иқлим ўзгаришлари тобора чуқурлашиб бораётгани нафақат минтақамиздаги, балки дунёдаги экология ва атроф-муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонда жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Ўзбекистон Орол ҳалокати оқибатларини юмшатиш бўйича минтақа ҳудудида 500 дан ортиқ кенг миқёсли лойиҳаларни амалга ошириб, қуриган денгизнинг 350 минг гектар майдонига саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, бутазорлар барпо этилди. Бугун бундай ҳудудларнинг умумий майдони қарийб 700 минг гектарга етди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Ҳозирда ушбу маблағлар ҳисобидан аниқ амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти, турмуш шароитини яхшилашга йўналтирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш, БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича 2017 йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши масаласига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратган эдилар.

Шунингдек, жорий йилнинг 7-8 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янги ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзусидаги халқаро анжуманда қабул қилинган резолюция бу борада амалий ечими сифатида хизмат қилиши шубҳасиз.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича ҳудуддаги барча давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозимлиги янада яққолроқ намоён бўлмоқда.

Юртбошимиз куни кеча Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари иштирокидаги мажлисда ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратди. Ўз навбатида, Орол фожиаси оқибатларини юмшатишда минтақадаги давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги борасида устувор аҳамиятга молик конструктив йўналишлар Марказий Осиё давлат раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Президентимиз Орол муаммоси минтақа ҳаёти ва келажагига дахлдор долзарб масала экани, музокараларда анчадан буён тўпланиб қолган саволлар очиқ ва конструктив муҳокама қилинганини, энди қоғоздан амалий ишга ўтилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Айниқса, минтақа давлатлари умумий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича барча саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозимлиги қайд этилди. Дарҳақиқат, минтақа давлатларининг барчаси Жамғарма фаолиятида, жумладан, Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича тўртинчи Дастурни ишлаб чиқиш ва ўзаро келишиш жараёнида тўлақонли қатнашиши бу борадаги умумий муаммоларни ҳал этиш ва таҳдидларни бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир.

Давлатимиз раҳбари томонидан Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш юзасидан таклиф этилган конструктив йўналишлар халқаро жамоатчилик томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилиб, эътироф этилмоқда.

Ана шу конструктив йўналишлардан келиб чиқиб, биз депутатлар парламентимизда соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштириш, давлат дастурларига амалий таклифлар бериш, дастурлар ижросини таъминлашда парламент назоратини янада кучайтиришимиз лозим. Албатта, мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган бу борадаги чора-тадбирларни тизимли амалга ошириш бугунги кунда барчамизнинг олдимиздаги долзарб вазифадир.

 

Борий АЛИХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари


Кўришлар сони: 156

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.09.2018
Демократия ахборот очиқлиги демакдир

2018 йил 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

14.09.2018
Етим болалар ҳуқуқлари қандай таъминланади?

Юртимизда бола ҳуқуқларини таъминлашда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, етим болалар ҳуқуқларини...

14.09.2018
Сайёрамиз бошпанасини асрашга ҳар бир мамлакат масъул

Тадбирда қайд этилганидек, 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул...

Тадбирлар тақвими