Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Феруза ЭШМАТОВА: Ўзбекистон-Тожикистон: тарихий учрашув, тарихий натижалар

Феруза ЭШМАТОВА: Ўзбекистон-Тожикистон: тарихий учрашув, тарихий натижалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрида Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Биз ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ва яқин давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш сиёсатини изчил давом эттирамиз”, деб таъкидлаб ўтган эди.  

Мана, қисқа вақт мобайнида давлатимиз раҳбари айтган гап амалда ўз исботини топмоқда: яқин қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аниқ ишлар қилинмоқда. Натижалар ҳам шунга яраша бўляпти, албатта.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг куни кеча мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифи ҳам бунинг яна бир яққол далилидир.

Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бири тарихан боғланган мамлакатлар ҳисобланади. Ўзбек ва тожик халқлари ўзаро жуда яқин бўлиб, тўй-маросимлари, урф-одатлари, куй-қўшиқ ва рақслари бир ўхшаш. Икки халқ азалдан қариндошлик, қуда-андачилик ришталари билан мустаҳкам боғланган. Шу боис, уларни “икки тилда гаплашувчи бир халқ” дейишади.

Ўтган қисқа давр — бир ярим йил ичида ўзбек-тожик муносабатларини мустаҳкамлаш сари муҳим қадамлар қўйилди. Ўзаро муносабатларда мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамланди, ўртада конструктив ҳамкорлик муҳити юзага келди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама алоқаларда янги саҳифа очди. Мамлакатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли ўртадаги гина-кудратлар унутилиб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлида жадал ҳаракат бошланди.

Президентимизнинг ташрифи натижасида икки қардош давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ва жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. 2017 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 240 миллион долларни ташкил этди. Бунда транспорт воситалари ва хизматлари, тўқимачилик ва пластмасса маҳсулотлари, маиший техника воситалари асосий ўринни эгаллади.

2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2017 йилнинг шу давридагига нисбатан 35 фоиз ўсган. Ўзбекистонда тожик бизнеси вакиллари иштирокидаги 24 корхона фаолият кўрсатмоқда, Тожикистонда эса, юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган 9 та корхона бор. 2017 йилда Тожикистонда Ўзбекистоннинг 6 та “Савдо уйи” очилди. Шу йил февраль ойида Тошкентда Тожикистоннинг “Савдо уйи” иш бошлади.

Икки мамлакат ўзаро муносабатларида кузатилаётган ушбу ижобий ўзгаришлардан, биринчи навбатда, халқ манфаат кўрмоқдалар. Айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги бир қатор назорат постларининг қайта очилгани ўзбек ва тожик жамоатчилиги, хусусан чегараолди ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши ҳам одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур тарихий ташрифи Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Томонлар энг мураккаб масалаларни ҳам ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида, ҳар икки мамлакатнинг манфаатларини бирдек ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш мумкинлигини амалда исботлаб бердилар.

17-18 август кунлари Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг юртимизга давлат ташрифи ана шу ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Президентларнинг мазкур учрашуви давлатлараро алоқаларни янги стратегик даражага олиб чиқди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб берди. Ташриф давомида икки мамлакат ўртасида қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича 20 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. Мазкур ташрифга бағишланган Дўстлик кечасида иккала давлат раҳбари мамлакатларимиз олдида ечилмаган масалалар қолмаганини айтиб ўтишди.

Шунингдек, Тожикистон Президенти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери билан ҳам учрашиб, парламентлараро муносабатларни-да энг юқори даражада йўлга қўйиш масаласи ҳақида сўз юритилди.

Маълумки, Олий Мажлисда Ўзбекистон-Тожикистон парламентлараро дўстлик гуруҳи тузилган. Худди шундай гуруҳ Тожикистон парламентида ҳам тузилган. Мазкур дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада ривожлантириш, икки давлат қонун чиқарувчи органларининг ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари келишиб олинди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур тарихий учрашув Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларида янги саҳифа очди. Муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Биз парламент аъзолари ҳам ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришда фаол бўлмоғимиз шарт.

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 322

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2018
Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамланиш — эътибор марказида

2018 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Европада Хавфсизлик...

25.09.2018
Унумдорлик меҳнат муҳофазаланган жойда бўлади

Юртимизда меҳнат муҳофазаси — энг кўп эътибор қаратилаётган масалалардан бирига айланмоқда. Иш жойларида...

25.09.2018
Мавсумий ишлар ихтиёрийлик касб этмоқда

АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан 2018 йил 20 сентябрь куни эълон қилинган болалар меҳнатининг ёмон...

Тадбирлар тақвими