Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қодир ЖЎРАЕВ: Ўзбекистон-Тожикистон: Абадий дўстлик ва яхши қўшничилик сари

Қодир ЖЎРАЕВ: Ўзбекистон-Тожикистон:  Абадий дўстлик ва яхши қўшничилик сари

Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, Тожикистон билан алоқаларимиз тобора юксалиб бормоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади. Ўзбек ва тожик халқлари бир-бирига жуда яқин бўлиб, тўй-маросимлари, урф-одатлари, ҳатто либослари, таомлари, куй-қўшиқ ва рақслари ўхшаш. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик, қуда-андачилик ришталари билан мустаҳкам боғланган. Шу боис, уларни “икки тилда гаплашувчи бир халқ” ҳам дейишади.

Бироқ ўтган йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида Ўзбекистон ва Тожикистон аҳолиси бир-биридан айри ҳолда яшади. Бундан албатта оддий халқ, оддий инсонлар азият чекдилар. Шу вақт давомида чегаранинг ҳар икки томонида кўплаб оилалар, қариндош-уруғлар бир-бирларидан ҳабар ололмадилар, борди-келди алоқалар деярли узилди, икки мамлакат ўртасида муносабатларда талайгина муаммолар тўпланиб қолди.

Бундан бир ярим йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқларининг бирида ушбу муаммолар ҳақида тўхталиб, “20 йиллик қалин муз эритилиши керак. Шундан сўнг конструктив қўшничилик муносабатларини тикласа бўлади. Бу осон иш эмас, бунинг учун муайян вақт талаб этилади», деб бежиз таъкидламаган эди.

Ўтган қисқа давр - бир ярим йил ичида ўзбек-тожик муносабатларини мустаҳкамлаш сари муҳим қадамлар қўйилди. Ўзаро муносабатларда мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Яхши қўшничилик ришталари анча мустаҳкамланди, ўртада конструктив ҳамкорлик муҳити юзага келди. Ўзбекистон раҳбарининг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистонга амалга оширган ташрифи билан икки томонлама алоқалардаги янги саҳифа очилди. Мамлакатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли икки мамлакат ўртасидаги гина-кудратлар унутилиб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлида жадал ҳаракат бошланди.

Икки мамлакат ўзаро муносабатларида кузатилаётган ушбу ижобий ўзгаришлардан, биринчи навбатда, оддий одамлар манфаат кўрмоқдалар. Айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги бир қатор назорат постларининг қайта очилганлиги ўзбек ва тожик жамоатчилиги, хусусан чегараолди ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши ҳам одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Президентимизнинг Тожикистонга ташрифи ўзаро муносабатларда том маънода тарихий аҳамиятга эга бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Президентини минглаб тожикистонликлар, Душанбе халқаро аэропортидан то Тожикистон Президентининг Сомонийлар саройигача, икки давлат байроқчалари билан “Хуш омадед!” сўзлари орқали самимий кутиб олганликлари ҳали-ҳануз эсимиздан чиқмайди. Ушбу ажойиб воқеани нафақат Президентимизга, балки бутун ўзбек халқига бўлган чуқур ҳурматнинг ёрқин ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.

Мазкур ташриф натижаси ўлароқ, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ва жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. 2017 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 240 миллион долларни ташкил этди. Бунда транспорт воситалари ва хизматлари, тўқимачилик ва пластмасса маҳсулотлари, маиший техника воситалари асосий ўринни эгаллади.

2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2017 йилнинг шу давридагига нисбатан 35 фоиз ўсган. Ўзбекистонда тожик бизнеси вакиллари иштирокидаги 24 корхона фаолият кўрсатмоқда, Тожикистонда эса юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган 9 та корхона бор. 2017 йилда Тожикистонда Ўзбекистоннинг 6 та “Савдо уйи” очилди. Шу йил февраль ойида Тошкентда Тожикистоннинг “Савдо уйи” иш бошлади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур тарихий ташрифи Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Томонлар энг мураккаб масалаларни ҳам ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида, ҳар икки мамлакатнинг манфаатларини бирдек ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш мумкинлигини амалда исботлаб бердилар.

Президентимизнинг мазкур ташрифига жавобан жорий йилнинг 17-18 август кунлари Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Ушбу олий даражадаги ташрифга ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистонда ҳам Тожикистонда пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг бўлиб ўтиши кутилаётган учрашуви давлатлараро алоқаларни янги стратегик даражага олиб чиқиши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб бериши шубҳасиздир. Ташриф давомида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади; томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади; савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича 20 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланади.

Ташриф доирасида Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”да Тожикистон маҳсулотлари кўргазмаси очилади. Бундан ташқари, Президент И. Раҳмоннинг пойтахтимиздаги “Артел” заводига ҳам ташриф буюриши кўзда тутилган.

Хулоса сифатида шуни эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг ташаббуси ва бевосита саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди. Бизнинг вазифамиз, қайта жонланган ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришдан иборат. Зеро, ўзбек-тожик биродарлиги Марказий Осиёда яхши қўшничилик, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.

 Қодир ЖЎРАЕВ,

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, 

Олий Мажлиснинг Тожикистон парламенти билан ҳамкорлик қилиш бўйича гуруҳи аъзоси


Кўришлар сони: 1070

Депутатлар минбари

Янгиликлар

09.11.2018
Туризмга доир қонунчилик такомиллаштирилади

2018 йилнинг 8 ойи давомида мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 3,4 млн. нафардан...

08.11.2018
Депутатлар жамият ривожига хизмат қиладиган масалаларни кўриб чиқдилар

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигида уруғчиликнинг...

08.11.2018
Хориждаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли муҳофазаланади

Мамлакатимиз ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз бераётган, жамиятимизнинг турли жабҳаларида кенг кўламли...

Тадбирлар тақвими