Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдурашид ТЎХТАБАЕВ: Халқ фаровонлигини таъминлаш амалий ишларимизнинг асосий йўналишига айланмоқда

Абдурашид ТЎХТАБАЕВ: Халқ фаровонлигини таъминлаш амалий ишларимизнинг асосий йўналишига айланмоқда

Халқимиз асрлар мобайнида орзиқиб кутган миллий истиқлолнинг тарихга айланган йигирма етти довонига разм солар эканмиз, чидам ва ирода, умид ва ишонч билан дадил ташланган ҳар бир қадамда тикланиш ва янгиланиш нафаси, ўзимизга хос ва мос фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги курашлар машаққати, бутун дунё тан олаётган ютуқларимиз асоси кўз олдимизда намоён бўлади. Истиқлол йилларида олиб борилган ислоҳотлар натижасида миллий давлат чилигимиз мустаҳкамланди, қонун устиворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилди.

Президентимизнинг шу йил 28 июнь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу қутлуғ сана, буюк неъматни муносиб кутиб олиш ва нишонлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Қарорга биноан бу йилги истиқлол шодиёналари “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган улуғ шиор асосида кенг нишонланади. Бу улуғвор ғоя ўзбегимнинг буюк неъмати бўлган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш замирида халқимизни бирлаштиришга, юртимиздаги тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашга, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Мана шундай улуғ кунларда ҳар биримиз ўтган давр мобайнида босиб ўтган йўлимизни, амалга оширган ишларимизни, эришган натижаларимизни, йўл қўйган хато ва камчиликларимизни холисона таҳлил ва сарҳисоб қилишимиз лозим. Шунингдек, давлатимиз раҳбари мамлакатимизни янада ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш борасида илгари суриётган илғор ғоялар, устивор йўналишлар ва улкан вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга, айниқса, ёшларимизга етказиш, уларни амалга оширишда фаол бўлишимиз талаб этилади.

Бугун жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонни жадал тараққий этаётган, иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатларига эришаётган, энг асосийси, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароити тубдан яхшиланаётган, ҳаёт даражаси изчил юксалаётган мамлакат сифатида эътироф этмоқда.  Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган, бугун ўзининг мукаммал ва самарали йўл эканлигини исботлаган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устивор йўналишлар ва вазифалар ҳалқимизнинг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Бу борада “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғоя изчил ҳаётга татбиқ этилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Аҳоли билан доимий ва очиқ мулоқотни йўлга қўйилгани уларни дарду-ташвишлардан халос қилиш, муаммоларини ҳал этиш, турмуш даражаси сифатини ошириш имкониятларини яратмоқда.

Шиддат билан кечаётган ҳозирги даврда жаҳон иқтисодиётида юз бераётган мураккаб жараёнларга қaрaмaсдан мамлакатимизда олиб борилаётган тизимли, изчил ва чуқур ислоҳотлар иқтисодиёт ва жамият ижтимоий ҳаётини барқарор, мувозанатли ривожлантиришни таъминламоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда бугун “Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига қадам қўймоқда”.

Биргина иқтисодиёт соҳасини оладиган бўлсак, ўтган икки йиллик қисқа даврда миллий валютамиз – сўмнинг эркин конвертациясини жорий қилиш, солиқ ва бюджет сиёсатини мутлақо янги асосда қуриш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш, улар фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишларни бекор қилиш каби ўта салмоқли ўзгаришлар амалга оширилди.

Бугун иқтисодиёт соҳасига оид тизимли ислоҳотлар уни мутлақо янги асосда ташкил этиш, янада эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишнинг янги имкониятларини очиб берди.

Бу борада саноатни ривожлантиришнинг янги имкониятлари ишга солинаётгани, худудларнинг ҳом ашё ва ресурс салоҳиятидан оқилона фойдаланган ҳолда уларни жадал ва комплекс ривожланиши таъминланаётганлиги диққатга сазовор. Айниқса, жаҳон стандартларига мос, ташқи бозорларда рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган илғор корхоналарни кўпайтиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсати юритилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мисол учун, шу йилнинг ўзида инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари дастурлари доирасида барча маблағлар ҳисобидан 2 минг 612 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, жами 6 миллиард 850 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағларни ўзлаштириш белгилангани, шундан 4,9 миллиард доллари хорижий инвестициялар,  бунинг 2.6 миллиард доллари тўғридан-тўғри инвестициялар эканлиги эътиборга молик. 

Мамлакатда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этилаётгани ҳамда изчил ривожланаётгани, экспорт ҳажмининг тобора ортаётгани, аҳоли харид қобилиятининг муайян тарзда кўпайиб бораётганлиги ялпи ички маҳсулот ҳажмини ортишини таъминламоқда. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 4,9 фоизга ўсган. Айни вақтда, ЯИМ таркибида саноатнинг улуши 30,6 фоизга етгани, хизматлар соҳаси улуши 45,3 фоизга тенг бўлгани ривожланган давлатлардаги мос кўрсаткичлар тенденцияларига яқинлашаётганлигини, бу, ўз навбатида, мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий сиёсатнинг нақадар тўғрилигини кўрсатади.

Халқимиз бугун ислоҳотлар самарасини ўз даромадларининг изчил ортиб бораётганида, яшаш шароитлари ва стандартларининг янги даражага кўтарилаётганида ҳис этаётир. Ҳаёт даражасини белгилайдиган замонавий уй-жойлар ва сифатли истеъмол товарларига эга бўлиш билан бирга, уларнинг замон талаблари асосида таълим олиш, малакали тиббий хизматлардан баҳраманд бўлиш каби ҳаётий эҳтиёжлари учун ҳам шароит ва имкониятлар кенгайтирилмоқда.

Якка-ёлғиз нуронийларга, кам таъминланган,  турмуши оғир ва кўп болали оилалар ҳамда ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини биринчи ўринга қўйиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, моддий аҳволини янада яхшилаш мақсадида “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган наъмунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш” дастури, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари амалга оширилаётгани халқ фаровонлигини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг яққол намунасидир.

Булар, ўз навбатида, адолатли жамият барпо бўлиши, унда соғлом муҳит қарор топиши, одамларнинг розилиги ва олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишига замин бўлмоқда. Ҳа, давлатимиз раҳбарининг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз”, деган ҳаётбахш эзгу ниятлари бугун ўзини тасдиғини топмоқда.

Бугун амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни таҳлил қилар эканмиз, барча соҳаларда мукаммал тизимлар яратилаётганига, индустриал давлатлар қаторидан муносиб ўрин олишга илдам қадамлар билан яқинлашаётганимизга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва позицияси янада мустаҳкамланаётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Биз парламент аъзоларидан ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мукаммаллаштириш, қонун нормаларини амалга ошириш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини таъминлаш ҳамда назорат қилиш каби вазифаларни рўёбга чиқаришда фаолликни янада ошириш талаб этилмоқда.

Олдимизда турган вазифаларни амалга оширишда депутатлар корпуси нафақат ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ва қонунлар ижросини назорат қилиш, балки худудларда мавжуд муаммолар ва ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок этишимиз лозим, асосий эътиборни уларнинг келиб чиқиш сабабларига, қонунчиликда мавжуд бўшлиқларга, уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳокимликлар ва мутасадди идоралар билан биргаликда чора-тадбирлар кўришга ҳамда бу борада парламент назоратини янада кучайтиришга қаратишимиз керак бўлмоқда. Жойларда бўганимизда давлат ва худудий дастурларни амалга оширишда бевосита иштирок этишимиз, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда ички резерв ва имкониятларни тўла ишга солишда фаол иштирок этишимиз. 

Мухтасар айтганда, бугунги кундa aмaлгa oширилaётгaн ислoҳoт вa янгилaнишлaр бутун жaмиятимиз, сaҳoвaтли зaминимиздa яшaётгaн ҳaр бир инсoнни aмaлий ишлaргa сaфaрбaр этaди, эл-юртимиз мaнфaaти, oнa Вaтaнимизнинг кeлaжaги йўлида бирлаштиради.

Абдурашид ТЎХТАБАЕВ,

                                                                     Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 384

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.09.2018
Демократия ахборот очиқлиги демакдир

2018 йил 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

14.09.2018
Етим болалар ҳуқуқлари қандай таъминланади?

Юртимизда бола ҳуқуқларини таъминлашда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, етим болалар ҳуқуқларини...

14.09.2018
Сайёрамиз бошпанасини асрашга ҳар бир мамлакат масъул

Тадбирда қайд этилганидек, 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул...

Тадбирлар тақвими