Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Раҳимжон ҲАКИМОВ: Норма ижодкорлигида инновация — соҳада янги даврни бошлаб беради

Раҳимжон ҲАКИМОВ: Норма ижодкорлигида инновация  —  соҳада янги даврни бошлаб беради

Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланишида қонунчиликнинг мақбуллиги, мукаммаллиги, халқчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Боиси ҳар бир фуқаро кундалик ҳаётида муайян ҳуқуқий муносабатларга киришади, тартиб-қоидалар билан тўқнаш келади. Бу жараёнда бир масаланинг бир неча турдаги ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниши баъзан қарор қабул қилишда номувофиқлар, хатоликлар, зиддиятли вазиятларни келтириб чиқаради. Ортиқча сансалорлик, бюрократик тўсиқларнинг юзага келишига сабаб бўлади.  

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони бу борадаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган, норма ижодкорлиги фаолиятига янги, инновацион ғоялар ва усулларни татбиқ этишни назарда тутувчи, том маънодаги тарихий ҳужжат бўлди.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда узоқ йиллар давомида янги, инновацион усул ва принципларнинг норма ижодкорлиги фаолиятига татбиқ этилмагани, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларни тезкори ва самарали ҳуқуқий таъминлай оладиган норматив-ҳуқуқий база шаклланишига ўзига хос тўсиқ бўлди. Хусусан, идоравий ҳужжатларнинг салмоғи ҳаддан зиёд ошиб кетди. 1992 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ваколатига эга субъектлар 7 тани ташкил этган бўлса, бугунга келиб улар сони 50 тадан ошди. Бу эса, жамиятдаги ижтимоий муносабатлар кўпроқ идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинишини кўрсатмоқда.

Рақамларга эътибор берсак, айни вақтда мамлакатимизда 15 308 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда бўлиб, улардан 716 таси қонун, 1 253 таси Олий Мажлис қарорлари, 2 972 таси Президент фармон ва қарорлари, 5664 таси ҳукумат қарорлари, 3 340 таси идоравий меъёрий ҳужжатлар ва 1 343 маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларидир.

Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни муайян ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги аниқ шаклининг белгиланмагани ҳуқуқни қўлловчи субъектлар учун ҳам қийинчиликлар туғдирмоқда.

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида бу борадаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгилангани билан аҳамиятлидир. Унда илғор тажрибага эга ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея кабиларнинг энг ижобий тажрибаси, замонавий илм-фан ютуқлари ҳар томонлама ҳисобга олинган.

Юртбошимиз қарорида мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятининг бир қатор устувор йўналишларини белгилаб берилди. Хусусан, эндиликда қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлиги таъминланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш чоралари кўрилади. Норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган ҳолда, “ақлли тартибга солиш” модели татбиқ этилади. Фаолиятнинг институционал асослари такомиллаштирилади.

Фармон билан норма ижодкорлиги соҳасида бир қатор янги тартиблар белгилаб берилди. Янги тартибга кўра, давлат органлари томонидан қонунларни, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ташаббусига фақатгина ушбу органларнинг кўтарилаётган масалалар ёки муаммоларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган амалдаги нормалар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал қилиш ваколати бўлмаган тақдирдагина йўл қўйилади.

Қонунларни Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини қўллаш, улар кучга кирган пайтдан эътиборан ижросини ташкил этиш юзасидан қўшимча идоравий ҳужжатлар қабул қилишга доир мажбуриятлар юклатилмаган ҳолда амалга оширилади.

Бундан буён қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш чоғида унга қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш, ташкилий-техник чораларни амалга ошириш, шунингдек, қонун лойиҳасини кенг кўламда тарқатиш ҳамда унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш бўйича масалаларни ўз ичига олган тадбирлар режасини илова қилади. Тадбирлар режаси эса, қонун Олий Мажлис Сенати томонидан маъқуллаш билан бир вақтда Олий Мажлис палаталари томонидан унинг ижроси устидан таъсирчан назоратни таъминлаган ҳолда тасдиқланиши тартиби жорий этилади.

Шу билан бирга, Фармон асосида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтига Амалий чора-тадбирлар режасида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашда масъул органлар ва ташкилотларга илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмаклашиш вазифаси юклатилди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу Фармонда белгиланган мақсад ва вазифаларни ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш олиб борилаётгани ислоҳотларни тўлиқ ҳуқуқий таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари кафолатлари, ҳимояси ва қўллаб-қувватлашини таъминлашга, пировардида «Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун» принципини рўёбга чиқаришга қаратилган тизимлаштирилган ва самарали қонунчилик базасини шакллантиришга хизмат қилади.

Раҳимжон ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва

парламент тадқиқотлари институти директори


Кўришлар сони: 1776

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.12.2018
Депутатлар соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ўрганди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ...

13.12.2018
Сессияларда ҳудудлардаги аҳвол, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар муҳокама қилинмоқда

2018 йил 13 декабрь куни Cирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ва Сайхунобод тумани ҳокимликларида Олий...

11.12.2018
Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019...

Тадбирлар тақвими