Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мухтабар ҲУСАНОВА: Ҳуқуқий ҳужжатлар ижросида соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратади

Мухтабар ҲУСАНОВА: Ҳуқуқий ҳужжатлар ижросида соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратади

Юртимизда кейинги икки йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нафақат сифатига, балки ижросига ҳам, жиддий эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “...қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратиш” ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишида муҳим ўрин тутади.

Қолаверса, тараққиётимизнинг галдаги йўриқномаси — Ҳаракатлар стратегиясида қабул қилинаётган қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирилган қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Биз депутатлар жойлардаги аҳоли билан мулоқотлар чоғида бу борада бир жиҳатга амин бўлдик: фуқароларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, ислоҳотлар самарасини таъминлаш учун ҳали кўп ишлар қилишимиз керак экан. Хусусан, айрим ҳолларда қабул қилинган амалдаги қонунларнинг тўғридан-тўғри татбиқ этилмаслиги, бир ижтимоий муносабатнинг турли хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниши оқибатида ижро органлари томонидан уларнинг турлича қўлланилиши ҳолатлари амалиётда кўплаб кузатилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августда қабул қилинган “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони бу борадаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу ҳужжатда амалга оширишнинг муайян механизмига эга, давлат ва жамият ривожининг ҳуқуқий механизмини таъминлайдиган ҳамда тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш, пировардида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш масаласига катта эътибор қаратилган.

Фармон билан Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Шунингдек, норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Хусусан, қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш – бунда муайян ижтимоий муносабатни ҳуқуқий тартибга солишда қайта-қайта ўзгартириш киритилишини бартараф этиш назарда тутилмоқда.

Бунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини оширишга эришилади. Шунингдек, уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш йўналиши белгиланишининг мазмун-моҳиятида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқилиш жараёнида ижтимоий муносабатни тартибга солишга қаратилган барча омилларнинг, айниқса, ижтимоий заруратнинг мавжудлиги ҳисобга олиниши ҳамда халқимиз турмуш тарзида қанчалик самара бергани таҳлил қилинишига эришилади.

Яна бир бир муҳим  йўналиш норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишдир. Бугунги кунда барча соҳалар каби норма ижодкорлиги жараёнига ҳам замонавий технологияларнинг жорий этилиши иш самарадорлигини ошириши билан бир қаторда, ушбу жараённинг шаффофлигини таъминлайди.

Шунингдек, норма ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементларини қўллаш, яъни унинг таъсир доираси, иқтисодий-ижтимоий самарадорлиги прогнози ва бошқа омиллар инобатга олиниши лозимлиги назарда тутилмоқда. Фаолиятнинг институционал асосларини такомиллаштириш орқали ушбу жараён самарадорлигига хизмат қилувчи лойиҳаларни жамоатчилик ва касбий доирада муҳокама этиш, жумладан, фойда, харажат, кутилаётган натижалар таҳлилини ҳамда уларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, манфаатларига, ижтимоий соҳага, тадбиркорлик фаолиятига, атроф-муҳит ҳолатига таъсирини, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни баҳолаш имконини яратишга устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.

Мазкур Фармон асосида эндиликда давлат органлари томонидан қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ташаббусига фақатгина ушбу органларнинг кўтарилаётган масалалар ёки муаммоларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган амалдаги нормалар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал қилиш ваколати бўлмаган тақдирда йўл қўйилиши белгилаб берилди.

Бундан кейин қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини қўллаш, улар кучга кирган пайтдан эътиборан ижросини ташкил этиш юзасидан қўшимча ички идоравий ҳужжатлар қабул қилишга доир мажбуриятлар юклатилмаган ҳолда амалга оширилади.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш чоғида унга, қоида тариқасида, қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш, ташкилий-техник чораларни амалга ошириш, шунингдек, қонун лойиҳасини кенг кўламда тарқатиш ҳамда унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш бўйича масалаларни ўз ичига олган қонун лойиҳасини амалга оширишга доир тадбирлар режасини илова қилади.

Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларида улар қабул қилинганидан кейин алоҳида тадбирлар ва назорат режаларини, шунингдек, “йўл хариталари”ни қўшимча тарзда тасдиқламаган ҳолда аниқ топшириқлар ва уларни амалга ошириш механизмларини белгиловчи нормалар, муддатлар, масъул ижрочилар мажбурий равишда назарда тутилади.

Эътиборли томони шундаки, Фармон билан қонунчилик базасини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш бўйича Комиссия томонидан таклифлар киритиш вазифаси юклатилди. Хусусан, аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи (сайлов тизими, архитектура ва қурилиш, таълим, инвестициялар, тадбиркорлик фаолияти ва бошқалар) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш – бу билан нормаларнинг такрор акс эттирилишининг олди олиниб,  ихчамлашади ҳамда ҳуқуқни қўллашда қулайлик яратилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар даражасида мустаҳкамлаш талаб этиладиган юқори юридик кучга эга нормаларни белгилаш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб таомиллар, эскирган тартибга солиш механизмларининг мавжудлиги ҳолатларини таҳлил этиш бугунги кун заруриятидир.

Лўндасини айтганда, мазкур Фармон  тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантиришга, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатини оширишга, қонунлар ижросини таъминлашда соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратишга асос бўлади. Қабул қилинган қонунларнинг ўз вақтида ва бир хил қўлланилишига, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.  

Мухтабар ҲУСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 233

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2018
Давлат гранти “Учинчи сектор” фаоллигини янада оширади

Давлат грантлари доирасида жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш, камқонлик в...

18.08.2018
Парламентлараро алоқалар янги босқичга кўтарилади

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 1...

17.08.2018
Депутатлар аҳолининг соғлом овқатланиши масаласини таҳлилий ўрганмоқда

Мазкур деҳқон бозори ҳудудида жойлашган баъзи умумий овқатланиш шохобчаларида соғлом овқатланишни ...

Тадбирлар тақвими