Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўрол ҲАИТОВ: Сув бўлса, омбор донга, дастурхон нонга тўлади

Ўрол ҲАИТОВ: Сув бўлса, омбор донга, дастурхон нонга тўлади

Бу йил мамлакатимизда кузатилаётган сув тақчиллиги қишлоқ хўжалигимизда сув тизими соҳасига бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришимиз зарурлигини кўрсатди.

Аввало, Президентимизнинг 2018 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сув хўжалиги тизимини такомиллаштириш масалалари назарда тутилганини таъкидлаб ўтиш лозим. Хусусан, ушбу ҳужжатда фаолият юритаётган сув истеъмолчилари уюшмалари ўрнига туман истеъмолчилар уюшмаларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш ва келгусида уларнинг моддий-техника базасини кучайтириш вазифаси ҳам қўйилган. Айни мақсаддан келиб чиқиб, сув хўжалиги соҳаси алоҳида вазирликка айлантирилди. Унинг тизимига кирувчи ташкилотлар қайта ташкил этилиб, функциялари аниқ белгилаб берилди.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигидаги долзарб паллада фермерларимизга сувни ўз вақтида, керагича етказиб бериш, ундан самарали фойдаланишни ташкил этиш сув истеъмолчилари уюшмалари зиммасига катта масъулият юкламоқда.

Биз депутатлар бутун республикамиз бўйича жойларга чиқиб, сувдан фойдаланилиши ҳолатини ўргандик, муаммоларга дуч келаётган деҳқон ва фермерларга кўмаклашиш чораларини кўрдик. Мазкур соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган янгиликларни қонунчилигимизга сингдириш бўйича фаол иш олиб борилди.

Мисол учун, Қашқадарё вилоятида сув истеъмолчилари ҳисобида 20449,6 км суғориш, шундан 2205,95 км бетон канал, 11143,25 ер ўзанли, 6236,62 км лоток, 864,0 км металл қувур тармоқлари, 13403 дона гидроиншоотлар, 9269 дона гидропостлар, 934 дона насос станциялари ва насос-агрегатлар, 11333 км коллектор-дренаж тармоқлари мавжуд.

Бу, албатта, жуда катта тизим. Лекин мазкур суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини соз ҳолатда сақлаш ва назорат қилувчи ходимлар – муҳандис-гидротехник, муҳандис-мелиоратор, техник мелиораторлар сув истеъмолчилари уюшмалари штат жадвалига киритилмаган. Бу эса, ўз навбатида, сувдан самарали фойдаланишни ташкил этишда муайян қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, коллектор-дренаж тармоқларини назорат қилишда ҳар 40 км тармоқ учун бир нафар техник назоратчи талаб этилади. Агар вилоятда 11 333 км коллектор-дренаж тармоқлари мавжудлигини эътиборга олсак, туманлардаги сув истеъмолчилари штат жадвалига қўшимча 283 нафар техник назоратчи ходимни киритиш лозимлиги ойдинлашади. Қолаверса, сув истеъмолчилари уюшмаларининг туманларда назорат органи ташкил қилинмагани ҳам бу борадаги ишларни сифатли ташкил этишга салбий таъсир қилаётгани сир эмас.

Албатта, сув давлат мулки ҳисобланади. Уни лимит асосида сув хўжалиги ташкилотлари катта харажатлар эвазига сув истеъмолчилари ҳудуди черасигача етказиб бермоқда. Ўрганишлар жараёнида сувни бошқариш механизми сув истеъмолчилари ҳудуди — далага келгандан кейин бузилиши ҳолатига кўп гувоҳ бўлдик. Яъни, етказиб берилаётган сувни бошқариш асосий жойга келиб, фермерлар қўлига ўтади.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири маслаҳатчиси И. Жўрабеков ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор В.Духовнийнинг матбуотда билдирилган фикрига эътибор қаратсак. Уларнинг фикрича, “Сувни истеъмолчига талаб қилинган ҳажмда ва керакли пайтда етказиб бериш Сув истеъмолчилари уюшмаларига муносабатни ўзгартиришни тақозо этади. Аммо бунинг учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорлик лозим. Яна парламент билан ҳам ҳамкорлик зарур, чунки СИУ билан давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш — давр талаби. Бунда давлат умумхалқ мулки бўлган обиҳаётдан оқилона фойдаланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини қисман уюшмаларга ўтказади, лекин шу билан бир қаторда, улар томонидан ушбу давлат функцияларининг бажарилишини қўллаб-қувватлайди”. Дарҳақиқат, сувдан фойдаланиш тизимини ислоҳ қилиш жуда муҳим вазифа, давр тақозосига айланмоқда.

Жойларда бўлиб, сув истеъмолчилари уюшмаси фаолияти билан боғлиқ масалаларда мутахассислар, фермерлар, мироблар билан ўтказилган суҳбатларда ҳар бир туман миқёсида туман Сув истеъмолчилари уюшмаси ташкил этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги фикрларни эшитдик.

Хўш, бу таклифлар ортида ортиқча харажатларга зарурат борми, у қандай натижа беради?

Ортиқча харажатларга йўл қўймаслик учун, аввало, мавжуд сув истеъмолчилари уюшмаларидаги бошқарув аппарати сонини қисқартириш ҳисобига туман сувдан фойдаланиш уюшмасидаги мироблар сонини кўпайтириш мумкин. Умуман, бу — ўрганишга арзийдиган таклиф.

Мазкур масала вилоят миқёсида таҳлил қилинганда қизиқ рақамлар сизиб чиқади. Ҳозирда мавжуд ҳар бир Сув истеъмолчилари уюшмасида бир нафардан бошлиқ ва бухгалтер фаолият юритмоқда. Вилоят бўйича 152 та Сув истеъмолчилари уюшмасида 948 нафар ходим бўлиб, шундан 152 нафари бошлиқ, 154 нафари бухгалтер. Туманлардаги барча сув истеъмолчилари уюшмалари битта ташкилотга бирлаштирилса, вилоят бўйича амалдаги 306 та раҳбар ходим ўрнига 24 раҳбар – 12 Сув истеъмолчилари уюшмаси раҳбари ва 12 нафар бухгалтер қолади. Бўшаб қолган 282 та ўринга қўшимча мироблар штатини ташкил этиш имкони яратилади. Табиийки, натижада сувнинг бошқаруви ва назоратини яхшилашга шароит туғилади.

Албатта, мазкур таклифнинг иқтисодий томонларини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ҳисоб-китобларга кўра, мавжуд Сув истеъмолчилари уюшмаларига тушадиган маблағларни марказлаштириш орқали туман сув истеъмолчилари уюшмаларининг тўлов қобилияти оширилади. Бунга қуйидаги мисоллардан яққол тасаввур ҳосил қилиш мумкин: жорий йилда вилоятда пахта кредити ҳисобидан сув истеъмолчилари уюшмаларга жами 8,035 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 15 июнь ҳолатида 4,379 млрд.сўм ўзлаштирилган. Бу ўртача битта сув истеъмолчилари уюшмасига 28,8 млн. сўмга ёки ўртача 2 нафар ходимнинг иш ҳақига етадиган маблағга тўғри келади, холос. Ғалла кредити ҳисобидан сув истеъмолчилари уюшмаларига 1,039 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан 575,217 млн. сўм, яъни 55 фоиз маблағ ўзлаштирилган, холос.

Туманда ягона Сув истеъмолчилари уюшмаси ташкил қилинса, ажратиладиган маблағлар марказлаштирилган ҳолда, Сув истеъмолчилари уюшмаси томонидан тўлиқ ўзлаштириш имконияти яратилади. Шу ҳолатда биргина ажратиладиган кредит ҳисобидан йилига битта Сув истеъмолчилари уюшмасига ўртача 59,7 млн. сўм маблағ тушириш иконияти пайдо бўлади.

Бундан ташқари, сувчиларимиз томонидан билдирилган яна бир таклиф — хўжалик ички суғориш тармоқларини ва улардаги гидротехник иншоотларнинг техник ҳолатини яхшилаш, уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини бажаришни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар Дастурини ишлаб чиқиб, давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши мақсадга мувофиқ, деган фикр ҳам диққатга молик.

Бир сўз билан айтганда, сув тизими соҳасида бошланган ислоҳатларни мантиқий якунига етказиш устида кўп ишлашимиз зарур. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари соҳанинг ҳуқуқий асосларини бугунги давр талабидан келиб чиқиб янада такомиллаштириши эртанги кунимиз учун омборларимизни донга, дастурхонимизни нонга тўлдиришда, умуман, қишлоқ хўжалигидаги кўзланган натижаларга эришишимизда муҳим омил бўлади.

Ўрол ҲАИТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 94

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2018
Давлат гранти “Учинчи сектор” фаоллигини янада оширади

Давлат грантлари доирасида жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш, камқонлик в...

18.08.2018
Парламентлараро алоқалар янги босқичга кўтарилади

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 1...

17.08.2018
Депутатлар аҳолининг соғлом овқатланиши масаласини таҳлилий ўрганмоқда

Мазкур деҳқон бозори ҳудудида жойлашган баъзи умумий овқатланиш шохобчаларида соғлом овқатланишни ...

Тадбирлар тақвими