Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Авазбек ЖАЛИЛОВ: Парламент дипломатияси — халқаро ҳамкорликнинг таянч нуқтаси

Авазбек ЖАЛИЛОВ: Парламент дипломатияси —  халқаро ҳамкорликнинг таянч нуқтаси

Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, фаол ташқи сиёсат юритиш миллий давлатчилигимиз тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлашга ҳамда Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бугун янги тарихимиздаги тинчликсевар ташқи сиёсат ўзаро ишонч, яхши қўшничилик, манфаатли ҳамкорлик ва очиқлик тамойиллари асосида изчил амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрида Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Биз ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ва яқин давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар, халқаро ташкилотлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш сиёсатини изчил давом эттирамиз”, деб таъкидлаб ўтган эди.  

Шу нуқтаи назардан етакчи хорижий давлатлар, аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аниқ ишлар қилинмоқда. Натижалар ҳам шунга яраша бўляпти, албатта. Кўплаб олий даражадаги ташриф ва учрашувлар, халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларнинг ечимига қаратилган шартнома ва келишувларга эришилаётгани принципиал жиҳатдан янги мазмундаги ҳамкорлик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу жараёнда парламентнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Халқаро алоқалар ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳозирги даврда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, хусусан Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.

Давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган парламентлараро алоқалар замонавий халқаро муносабатларнинг ривожланиш динамикаси, даражаси, мазмун-моҳияти ва истиқболларига катта таъсир кўрсатмоқда. Бундай алоқалар парламент дипломатиясининг мавқеини юксалтиришга, томонларнинг ўзаро позицияларини яқинлаштиришга, давлатлараро муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишига замин яратади.

Парламент қуйи палатасининг халқаро алоқалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос равишда янги сифат босқичига кўтарилди. Етакчи хорижий давлатларнинг парламентлари ва ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ҳамда элчихоналар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик янгича мазмунда, турли шаклларда амалга ошириб келинмоқда.

2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Қонунчилик палатасида АҚШ, Грузия, Германия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Қирғизистон, Қозоғистон, Чехия, Россия, Фаластин, Хитой, Япония парламентлари делегациялари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувлар ўтказилди. Жумладан, парламент қуйи палатасида қабул қилинган хорижий делегациялар сони 47 тани ташкил этди. Шундан 25 таси парламент ва ҳукумат вакиллари ҳамда 22 таси элчихоналар ва халқаро тузилмалар вакиллари таркибидаги делегациялардир.

Бугунги кунда Қонунчилик палатасида хорижий давлатларнинг парламентлари билан ҳамкорлик бўйича 21 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда, шундан 17 таси Сенат билан ҳамкорликда тузилган.

Дунёдаги энг нуфузли парламент ташкилотларидан бири ҳисобланган Парламентлараро иттифоқнинг 2017 йилнинг октябрида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган 137-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси глобал парламентлар ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида ўз иштирокини тиклаши тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Парламент Ассамблеясида ҳам аъзолигимизнинг тиклангани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси тадбирларида парламентимиз вакилларининг мунтазам равишда иштирок этгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Қонунчилик палатасининг халқаро алоқалар ва парламентлараро ҳамкорлик йўналишидаги фаолиятини амалга ошириш ҳамда янада кучайтиришда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида биргина 2018 йилнинг ярми давомида Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро шартномаларни ратификация қилиш бўйича 5 та қонун лойиҳасини тайёрлаш ва қабул қилишда бевосита қатнашди. Бундан ташқари, қўмита аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида мамлакатимиз парламентининг халқаро алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган алоҳида қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилиб, қабул қилинди.

Шунингдек, жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни таҳлил қилиш ва ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида қўмита аъзолари томонидан 14 та депутат сўрови юборилди.

Қўмитанинг бевосита ташаббуси билан Қонунчилик палатасида 10 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари, шу жумладан Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларнинг парламентлари билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари тузилди ва улар фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизнинг минтақа давлатлари билан ҳар томонлама алоқаларини кенгайтириш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Миллий парламентимизнинг халқаро алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси қошида олимлар ва мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳи ташкил этилгани ушбу соҳага оид масалаларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ҳамда тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш имконини бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, айни замонда мамлакатимизнинг изчил ривожланиб бораётган ташқи сиёсати, унинг кўлами ва суръати парламентлараро муносабатларда ҳам шунга мос равишда ҳаракат қилишни, жадалликни талаб этмоқда. Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳам ўз фаолиятини ислоҳотларга ҳамоҳанг олиб бормоғи лозим.

Шу маънода, бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим вазифа сифатида Президентимиз томонидан олиб борилаётган изчил, вазмин ва конструктив ташқи сиёсат моҳиятидан келиб чиқиб, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб бориш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди. Бу режалар яқин орада ўз натижасини албатта беради.

Авазбек ЖАЛИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 98

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2018
Давлат гранти “Учинчи сектор” фаоллигини янада оширади

Давлат грантлари доирасида жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш, камқонлик в...

18.08.2018
Парламентлараро алоқалар янги босқичга кўтарилади

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 1...

17.08.2018
Депутатлар аҳолининг соғлом овқатланиши масаласини таҳлилий ўрганмоқда

Мазкур деҳқон бозори ҳудудида жойлашган баъзи умумий овқатланиш шохобчаларида соғлом овқатланишни ...

Тадбирлар тақвими