Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Нурия АЙТЖАНОВА: Тиббиёт ривожида янги стратегик босқич

Нурия АЙТЖАНОВА: Тиббиёт ривожида янги стратегик босқич

Мамлакатимизда кейинги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кўп ишга қўл урилди. Давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ушбу масалага жиддий эътибор қаратилаётгани боис, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат сифати ошди, айниқса, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда сезиларли ўзгаришларга, натижаларга эришилмоқда.

Бироқ, жойларда тиббий хизматнинг сифатига бевосита таъсир кўрсатувчи клиник баённомалар ва тиббий стандартларнинг мукаммал эмаслиги, бунда инновацион ишланмалар ва технологиялардан тўлиқ фойдаланмаслик олдимизга қўйган мақсадларга тўла эришишда тўсиқ бўлмоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 2 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича стратегик мақсадлар белгиланди. Жумладан, умумэътироф этилган халқаро методикаларга мувофиқ аниқланадиган мамлакат аҳолиси саломатлиги кўрсаткичларининг барқарор яхшиланишини ва соғлиқни сақлаш тизимидан қаноатланганлик даражасини таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажмида хусусий сектор улушини салмоқли даражада кўпайтириш каби бир қатор вазифалар қўйилди. Шунингдек, тиббий туризмни ривожлантириш орқали мамлакат ялпи ички маҳсулотига ҳиссасини изчил ошириб бориш, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, шу жумладан, бошқарув кадрларига халқаро стандартларга мувофиқ узлуксиз таълим бериш ва улар малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўзда тутилди.

Бундан ташқари, қарорга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида мамлакатимизда илк бор Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси ташкил этилмоқда.

Республика соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш миллий палатанинг асосий вазифаларининг бири этиб белгиланди. Шунингдек, у хусусий, энг аввало, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, соғлиқни сақлашнинг хусусий тизимини жадал ривожлантириш мақсадида давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, фуқароларни тиббий суғурталашни жорий этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратишга кўмаклашади.

Айнан тиббий суғурталаш масаласи бугунгача мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб келаётган эди. Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг истиқболдаги режаларида белгиланган вазифалардан бўлиб, ушбу масаланинг ҳуқуқий асосларини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Айни янгилик аҳоли учун ҳам, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун ҳам катта имконият яратиши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси келгусида соғлиқни сақлаш тизимидаги статистика маълумотларини тўплаш, уларни таҳлил қилиш билан соҳадаги энг долзарб масалаларни аниқлайди. Бу эса, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилашда, қолаверса, парламент томонидан қонунчиликни янада такомиллаштиришда муҳим асос бўлади.

Эътиборга молик яна бир жиҳати, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида 2020 йил 31 декабрга қадар республикада касбий фаолиятни амалга ошираётган шифокорлар ва провизорларни рўйхатга олиш орқали, улар тўғрисида ягона электрон маълумотлар базасини яратиш вазифаси қўйилди. Фикримча, бу юртимизда эҳтиёжга қараб тиббий кадрлар сиёсатини тўғри йўлга қўйишда, айниқса тор мутахассисларнинг республика бўйича тақсимланишда ёрдам беради.

Халқаро стандартларга мувофиқ, илғор тиббиёт, фармацевтика ташкилотларини ташкил этиш, шунингдек, уларни замонавий ускуналар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш, кадрларнинг малакасини ошириш, хорижий мутахассисларни жалб этиш ва тажриба алмашиш каби кўплаб тадбирлар келгусида қарор билан қилинган Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мен тиббиёт соҳаси вакили сифатида мазкур қарор юртимиз тиббиётида жуда катта ўзгаришлар ясашига ишончим комил. Бу янгилик, ўйлайманки, соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш орқали мамлакатимизда мазкур тизимни янада ислоҳ қилишни янги стратегик босқичга кўтаради.

 

Нурия АЙТЖАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси депутати


Кўришлар сони: 1197

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.12.2018
Депутатлар соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ўрганди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ...

13.12.2018
Сессияларда ҳудудлардаги аҳвол, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар муҳокама қилинмоқда

2018 йил 13 декабрь куни Cирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ва Сайхунобод тумани ҳокимликларида Олий...

11.12.2018
Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019...

Тадбирлар тақвими