Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қодир ЖЎРАЕВ: “Бўзсув” канали қирғоқларидаги ноқонуний қурилмалар бартараф этилмоқда

Қодир ЖЎРАЕВ: “Бўзсув” канали қирғоқларидаги ноқонуний қурилмалар бартараф этилмоқда

Айни пайтда мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларини обод қилиш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш мақсадида кенг кўламли лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши бир неча йиллар давомида фуқароларни қийнаб келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, аввалига бошланган “Обод қишлоқ” ва кейинчалик Тошкент шаҳри ва вилоятида амалга оширилаётган “Обод маҳалла” дастурлари қишлоқ ва маҳаллаларга янгича қиёфа олиб келиши билан бирга шу ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дунёқариши ўзгаришига туртки бўлди.     

Таъкидлаш лозим, шу йилнинг 27 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор мажлисида Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси, канал ва коллекторларнинг қирғоқ бўйи минтақаларида ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ва ҳудудларни ободонлаштириш бўйича алоҳида топшириқ берилган эди. Мамлакатимиз раҳбари томонидан ҳамма жойда бўлгани каби, бу соҳада ҳам тартиб ўрнатиш бўйича бундай ўта муҳим топшириқнинг берилиши бежиз эмас, албатта. Зеро, канал ва коллекторларнинг муҳофаза қилиш зоналарида сўнгги ўн йилликлар давомида қурилган ноқонуний қурилишлар сабабли ўта салбий ҳолат юзага келган бўлиб, бу жойларни обод қилиш бугунги кунда ўта долзарб масала ҳисобланади.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган ана шу муҳим топшириқдан келиб чиққан ҳолда “Тоза канал” деб номланган кенг кўламли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва уни амалга оширишга киришилди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг барча туманларида тегишли штаблар ва ишчи гуруҳлар тузилди, шаҳар бўйлаб оқиб ўтган магистрал канал, бошқа ариқ ва зовурларнинг аниқ рўйхати тузилди, уларнинг ўлчами ҳамда сув ўтказиш қобилияти аниқланди, обод этилиши лозим бўлган қирғоқбўйи ҳудудлари белгилаб олинди. Шаҳар бўйича қирғоқ ёқаларида жойлашган  жами 769 та ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш учун жами 176 та техника воситалари жалб қилинди.

Ушбу ишларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириб бориш бўйича Тошкент шаҳар ва Республика штаблари ташкил қилиниб, улар таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ва туманлар Кенгашлари депутатлари, Миллий телерадиокомпания, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раисларидан иборат тарғибот гуруҳларнинг фаолияти йўлга қўйилди.

Жумладан, пойтахтимизнинг Юнусобод тумани “Обод” маҳалласи  ҳудудида бажарилаётган ишлар билан танишар эканмиз, ушбу ҳудуддан оқиб ўтувчи “Бўзсув” каналининг 7,4 км узунликдаги қирғоқларини тозалаш ва ободонлаштириш ишларига қатор махсус техника, жумладан 2 та экскаватор, 2 та бульдозер ва 1 та кран доимий жалб этилганлигига гувоҳ бўлдик. Бу ерда қирғоқ ёқаларини тозалаш ва ободонлаштириш, муҳофаза ҳудудларида барпо этилган ноқонуний қурилма ва ўрамаларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қирғоқбўйи ҳудудларидаги ноқонуний иншоотларни бузиш жараёнида тартиб ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, барча ишларни тизимли ва режали олиб бориш мутасадди ташкилотларнинг тўлиқ назоратига олинган. Жумладан, Юнусобод туман прокурорининг ўринбосари, Ички ишлар вазирлиги масъул ходими, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси масъул ходими, Юнусобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, Тошкент Бошрежа ЛИТИ ходими, “Обод” маҳалла оқсоқоли ва бошқалар барча зарур тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириб бормоқдалар.

Кенг кўламли ишларга жалб этилган техникаларга ёқилғи ва бошқа зарур материалларни ўз вақтида етказиб бериш, ҳайдовчиларга белгиланган муддатда иш ҳақи тўлаш масалалари ҳам диққат марказида турибди.

Бу ерда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотларда аксарият фуқароларнинг ушбу масалага муносабати тубдан ўзгара бошлаганини яққол сездик. Кўпчилик фуқаролар  ноқонуний қурилмаларнинг бузилаётганлигини тўғри қабул қилиб,  ушбу соҳада тартиб ўрнатилаётганлиги, ҳудуд қиёфасининг ўзгараётганлиги ва кўркам манзара бунёд этилаётганлигидан хурсандлигини яширишмаяпти. Айниқса, ёши улуғ кексаларимиз сувга хиёнат қилмаслик, маиший чиқинди ва оқаваларнинг сувга ташланишига йўл қўймаслик бизнинг нафақат фуқаролик, балки инсоний бурчимиз эканлигини қайта-қайта уқтиришди. Жумладан, ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси Нарзулла Файзуллаев “сувга бўлган муносабат масаласида ота-боболаримизнинг азалий қадриятлари қайта тикланаётганлигидан мамнун”лигини изҳор этди.

Бир сўз билан айтганда, бир қарашда ўта мураккаб ва чигал кўринган муаммога бинойидек ечим топилмоқда. Бузиш, демонтаж, тозалаш, текислаш, тартиб ўрнатиш ишлари ўз вақтида ва самарали олиб борилмоқда.

Истиқболда ушбу хайрли ишлар албатта давом эттирилади ва ўз ниҳоясига етказилади. Жумладан, пиёдалар учун йўлакчалар ўтказилади,  қирғоқ ёқалари бир хилда текисланиб, турли хил манзарали дарахтлар экилади, йўл четига ёритиш чироқлари ҳамда дам олиш ўриндиклари ўрнатилади. Бир сўз билан айтганда, бу жойда одамлар ҳордиқ чиқариб, сайр қиладиган озода, файзли ва кўркам маскан барпо этилади.

 

                                                       

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати



Кўришлар сони: 305

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2018
Давлат гранти “Учинчи сектор” фаоллигини янада оширади

Давлат грантлари доирасида жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш, камқонлик в...

18.08.2018
Парламентлараро алоқалар янги босқичга кўтарилади

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 1...

17.08.2018
Депутатлар аҳолининг соғлом овқатланиши масаласини таҳлилий ўрганмоқда

Мазкур деҳқон бозори ҳудудида жойлашган баъзи умумий овқатланиш шохобчаларида соғлом овқатланишни ...

Тадбирлар тақвими