Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдурашид ТЎХТАБАЕВ: Ҳудудларни ривожлантиришга сарфланаётган маблағлар қаердан пайдо бўлди?

Абдурашид ТЎХТАБАЕВ: Ҳудудларни ривожлантиришга сарфланаётган маблағлар қаердан пайдо бўлди?

Депутат сифатида жойларда бўлганимизда, айниқса чекка, олис туман ва қишлоқлардаги сайловчилар билан учрашувларда бир ҳолатга кўп эътибор берамиз: одамларнинг турмуш шароитида ўзгариш бўляптими?

Қарийб ҳар куни қайсидир соҳа, жабҳани яхшилаш, оқсаб турган бирор тармоқни оёққа турғизиш, қайсидир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўнглашга қаратилган қарор ё фармон эълон қилинади. Албатта, ушбу ҳужжатларга биноан, кўламдор ишлар бошлаб юборилади.

Хўш, улар оддий одамлар ҳаётида ҳам ўзгариш ясаяптими? Юртдошларимизга нафи тегяптими?

Халқимиз аввал иқтисод, кейин сиёсат, деган мақолга ҳаётий ҳақиқат деб қарайди. Дарҳақиқат, шундай: пул бўлмаса, маблағ етишмаса, ҳеч қандай яхши ғоя, ташаббусни рўёбга чиқариб бўлмайди.

Шу маънода, ўтган давр мобайнида босиб ўтган йўлимизни, бу соҳада амалга оширган ишларимизни холисона сарҳисоб қилар эканмиз, яқин-яқингача маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва раҳбарларига кўпгина ҳуқуқ ва ваколатлар берилгани, бироқ улар бундан ўз ҳудудидаги мавжуд муаммоларни, ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилишда тўлақонли фойдалана олмаганини эслаймиз. Сабаби оддий: уларда ваколат ва мажбурият бор эди-ю, мустақиллик ва молиявий эркинлик тўлақонли таъминланмаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 декабрдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони, таъбир жоиз бўлса, бу борада катта инқилобий ўзгаришларга йўл очди.

Бу нималарда кўринади?

Аввало, ушбу ҳужжат ҳудудлардаги муҳим масалалар ечимига, тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан эътиборлидир. Унга кўра, маҳаллий бюджетларнинг даромадини кўпайтириш, орттирилган қўшимча даромадларни эса маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини кучайтириш ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга йўналтириш кўзда тутилган эди.

Фармонда белгиланган мазкур чора-тадбирларнинг ҳаётга жорий этилиши ниҳоятда қисқа муддатда ҳудудларнинг ресурс салоҳиятидан унумли ва самарали фойдаланишга, мавжуд имконият ва резервларни тўла рўёбга чиқаришга, маҳаллий бюджетлар даромадларининг ортишига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, улар раҳбарларининг молиявий масалаларда мустақиллигини таъминлашга жуда катта имконият яратди.

Шу ўринда бир мисолга эътибор қаратсак.

Андижон вилояти маҳаллий бюджетининг жорий йил олти ойлик даромадлар режаси 599,4 миллиард сўм белгилангани ҳолда биринчи ярим йиллик якуни билан маҳаллий бюджетга 739,8 миллиард сўм ёки режага нисбатан 140,4 миллиард сўм кўп (123,4 фоиз) маблағ туширилишига эришилган! Худди шунингдек, Қўрғотепа тумани маҳаллий бюджетига қўшимча 1 миллиард 335 миллион сўм, Хонобод шаҳри бўйича эса 582,2 миллион сўм қўшимча маблағлар туширилишига эришилган. Даромадларнинг орттириб бажарилган қисмлари тўлалигича ҳудудлар ихтиёрида қолдирилган.

Аввал-чи? Бу маблағлар қаерга, нима мақсадларга йўналтириларди?

Фармон қабул қилингунга қадар, яъни олдинги йилларда тегишли ҳудуднинг даромад режалари халқ депутатлари Кенгашларининг йиғилишида номигагина тасдиқланар, йил давомида Молия вазирлиги кўрсатмасига биноан ўзгаришлар киритилиб, қўшимча режалар ҳам ўрнатилар эди. Бундан ташқари, ҳосил бўлган қўшимча даромадларни республика бюджетига олиб қўйиш ҳолатлари бўлган.

Жорий йил апрель ойида Олий Мажлис депутатлари томонидан Президентимизнинг мазукр Фармонининг Қорақалпоғистон Республикасида ва Навоий вилоятида ижросини ўрганиш жараёнида дуч келинган бир ҳолат киши эътиборини тортмасдан қолмайди. Биргина Қорақалпоғистон Республикасидан 2014 йилда 10,4 миллиард сўм, 2015 йилда 13,1 миллиард сўм, 2016 йилда эса ҳосил бўлган 101,4 миллиард сўмлик қўшимча даромадлар республика бюджетига олиб қўйилган! Бошқа ҳудудларимизда ҳам аҳвол шунга ўхшаш бўлганини айтиб ўтириш шарт эмас, албатта.

Энди ўзингиз ўйланг: вилоят ва туманларнинг, заҳматкаш халқимизнинг минг машаққат билан топган қўшимча даромади ўша ҳудудни ривожлантиришга сарфланмаса, тараққиёт, халқ ҳаётида бирор ўзгариш бўлиши осонми?

Маҳаллий давлат ҳокимлиги органларининг молиявий эркинлиги йўқлиги туфайли жойлардаги ҳокимлар аҳолининг ҳақли талаб ва истакларини, муаммоларини ечишга қурби етмасдан, фақат қуруқ ваъдалар билан чекланиб қолгани сир эмас.

Эндиликда эса, Президентимизнинг оқилона ечимга асос бўлган Фармонига биноан, ушбу маблағлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан вилоят, туман ва шаҳарлар қиёфасини тубдан янгилаш, замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига сарфланмоқда. Қўйингки, кечагина республика билан келишиб, рухсат олиб бажарилаётган ишлар бугун ўша худуднинг ўзида муваффақиятли амалга оширилмоқда, марказдан нима буйруқ келаркан, деб ўтирмай, ҳудудлардагиларнинг ўзи марказга елкадош бўлиб, муаммоларни ҳал этишяпти.

Юқорида таъкидлаганимиз биргина Андижон вилоятининг ярим йил якуни билан маҳаллий бюджетида қолдирилган 140,4 миллиард сўмлик қўшимча даромадга вилоятнинг кўпдан-кўп муаммолари ҳал этилади. Ижтимоий-иқтисодий аҳволи янада яхшиланиб, аҳолининг фаровонлигига шароит яратади.

Бугун давлатимиз раҳбари ғоялари асосида ҳудудларни жадал ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги бу каби тизимли ислоҳотларнинг дастлабки натижаларини халқимизнинг кундалик ҳаётида кўряпмиз, бу янгиликлар аҳолимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Боиси ҳар бир ҳудуд ўз даромадидан манфаат кўряпти. Бу эса, айниқса, ҳокимлар, соҳа ва тармоқлар раҳбарларининг қўлини узун қилиб, имконият чегарасини кенгайтирмоқда.

Назаримда, ҳудудларимизнинг бундан кейинги ривожланиш суръати раҳбар кадрларнинг ўз вазифасини ҳалол бажаришига, фидойилик билан халқ манфаати йўлида кўрсатадиган ғайрат-шижоатига боғлиқ.

Яқин-яқингача маҳаллий раҳбарларга фақат вазифа бериб, елкасига масъулият юкланарди. Уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш масаласи эса эътибордан четда эди. Бу эса, ўз навбатида, ҳар қандай фидоий, ташаббускор, ишбилармон ва меҳнаткаш раҳбарларга ўзини тўлақонли намоён қилишига жиддий тўсиқ бўлар, жойларда ҳал этилиши мумкин масалалар ечилмасдан қолар, уларда раҳбарлик учун ўта муҳим фазилатларнинг пасайишига олиб келгани сир эмас.

Мен уч чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида жойларда аҳоли, сайловчилар, тадбиркорлар ва маҳаллий раҳбарлар билан учрашувларда ушбу ҳолатларга кўп бора гувоҳ бўлганман. Айнан шу муаммолар кўпгина ташаббусларни бўғиши, раҳбар ходимларнинг янада жўшқин ва шижоат билан ишга киришишига салбий таъсир кўрсатар эди. Афсуски, муаммоларни ҳал этишнинг ҳуқуқий асослари яратилмаганди.

Мана, бугунга келиб маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар раҳбарларига ҳалол, фидоий бўлиб ишлаши учун Президентимиз ташаббуси билан ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий шароитлар – уй-жой, хизмат машинаси, ойлик маош ва рағбатлар, умуман, кўп қулайликлар муҳайё қилинди. Энди давлат раҳбари илгари сураётган долзарб масалалар ва устувор вазифаларни муваффақиятли ҳал қилиш ва амалга оширишда шижоат, юксак масъулият билан ташаббус кўрсатиб ишлаш, фидоий бўлиш талаб этилади, холос.

Ишончим комилки, бундай эътиборга муносиб фидойилик халқимизнинг турмушини фаровон қилишда, ҳар бир ҳудудимизни обод гўшага айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўз навбатида, биз парламент аъзолари ҳудудларни жадал ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қабул қилинган Фармон ва Қарорларни депутатлик ва парламент назорати институтидан кенг фойдаланган ҳолда ижросини таъминлашда фаол иштирок этишимиз, улар асосида тегишли қонунларни такомиллаштиришда ташаббус кўрсатишимиз лозим. Маҳаллий давлат органларининг ўзида қолдирилаётган қўшимча даромадларнинг ўрнатилган тартибда, тийин-тийинигача кўзланган мақсадларга ва самарали сарфланиши устидан назоратни кучайтиришимиз эса ислоҳотларнинг тўлақонли адо этилишида муҳим омил бўлади.

Абдурашид ТЎХТАБАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1585

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.12.2018
Депутатлар соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ўрганди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ...

13.12.2018
Сессияларда ҳудудлардаги аҳвол, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар муҳокама қилинмоқда

2018 йил 13 декабрь куни Cирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ва Сайхунобод тумани ҳокимликларида Олий...

11.12.2018
Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019...

Тадбирлар тақвими