Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шерзод ТЎХТАШЕВ: Жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш муддатлари қисқартирилди

Шерзод ТЎХТАШЕВ: Жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш муддатлари қисқартирилди

Яқинда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидага кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги қонун кучга кирди. Мазкур ҳужжат 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида қабул қилинди.

Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш ва жиноят содир этган шахсларни жиноий таъқиб қилиш муддатларини мақбуллаштириш кўзда тутилган. Шу муносабат билан, жумладан, Жиноят кодексининг 64-моддасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жиноий жавобгарликдан озод қилиш — бу ваколатли давлат органининг судлов ёки айбловни бекор қилиш, шунингдек, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан давлат мажбурлов чорасини қўллашни бекор қилиш ҳақидаги актидир.

Хусусан, эндиликда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб — 2 йил, унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб — 4 йил, оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб — 8 йил, ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб — 14 йил ўтиб кетган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилинади. Жиноят кодексининг 64-моддаси еттинчи қисмида назарда тутилган ҳолат бундан мус­тасно ҳисобланади.

Агар жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахс тергов ёки суддан яширинса, муддатнинг ўтиши тўхтатилади. Айбдор ушланган ёки айбини бўйнига олиб арз қилган кундан бошлаб муддатнинг ўтиши қайтадан тикланади.

Яна бир муҳим ўзгариш — ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб — 10 йил, оғир ва ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб — 25 йил ўтган бўлса, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги белгиланди.

Муқаддам барча жиноятлар учун бир хил, яъни жиноят содир этилган кундан бошлаб 25 йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликка тортилиши мумкин эмасди. Бундай ҳолатда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этиб, қидирувда бўлган шахслар оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб, тергов ва суддан яширинган шахслар билан тенг равишда жиноий таъ­қиб қилинар эди.

Қонунчиликда жиноий жавобгарликдан озод этиш учун муддат қўлланилмайдиган жиноятлар ҳам бор. Хусусан, урушни тарғиб қи­лиш, агрессия, урушнинг қонун ва удумларини бузганлик, геноцид, ёлланиш, терроризм, миллий, ирқий, этник ёки  диний адоватни қўзғатиш, давлатга хоинлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳаётига тажовуз қилиш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жосуслик, қўпорувчилик ҳамда диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш каби жиноятларни содир этганлик учун муддат қўлланилмайди. Бу жиноятларни содир этган шахслар ҳеч қачон жавобгарликдан озод этилмайди.

Миллий қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида сўз борар экан, жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яширганлик учун жавобгарлик кучайтирилгани ҳақида ҳам атрофлича тўхталиш ўринлидир.

Таҳлилларга қараганда, ўтган йили 2016 йилга нисбатан ҳисобга олинган жиноятлар сони 15,6 фоиз камайган. Бундай кўрсаткичга, бир томондан, жиноятлар содир этилишининг кескин камайиши ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги ишларнинг кучайтирилиши ҳисобига эришилган бўлса, иккинчи томондан, жиноятларни ҳисобга олишдан қасддан яшириш ҳолатлари ҳам аниқланганидан кўз юмиб бўлмайди.

Буни 2012-2017 йилларда 392 та жиноят, яъни 2 та ўта оғир, 24 та оғир ҳамда 366 та ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят қасддан ҳисобга олинмагани факти ҳам тасдиқлаб турибди.

Шу маънода “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидага кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги қонун билан Жиноят кодексининг 2411-моддасига тегишли тартибда ўзгартиришлар киритилгани айни муддао бўлди.

Жиноий тажовузлардан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини амалда таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашувчи органлар мансабдор шахсларининг масъулиятини ошириш мақсадида, жиноятни ҳисобдан қасддан яширганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Жиноят кодексининг 2411-моддаси санкциясида белгиланган жарима жазоси чиқариб ташланиб, қолган жазо турлари кучайтирилди шундан далолатдир.

Яъни жиноятлар тўғрисидаги аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ёки кўриб чиқиш хизмат вазифаларига кирадиган мансабдор шахснинг жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яширганлик учун икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш назарда тутилди.

Шу билан бирга, ушбу модда 2-қисм билан тўлдирилди. Янги нормага кўра, ушбу жиноятлар такроран содир этилганда, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилганда ёки оғир оқибатларга олиб келган тақдирда, муайян ҳуқуқдан маҳрум қи­либ, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланди. 

Мухтасар айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан судланган шахсларнинг сони камайиб, ўз навбатида, бу оилалар равнақига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда  қидирувда бўлган шахсларни экстрадиция қилиниши муносабати билан бюджет маблағлари тежалишига олиб келади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасига ва жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

 

Шерзод ТЎХТАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 155

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2018
Давлат гранти “Учинчи сектор” фаоллигини янада оширади

Давлат грантлари доирасида жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш, камқонлик в...

18.08.2018
Парламентлараро алоқалар янги босқичга кўтарилади

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 1...

17.08.2018
Депутатлар аҳолининг соғлом овқатланиши масаласини таҳлилий ўрганмоқда

Мазкур деҳқон бозори ҳудудида жойлашган баъзи умумий овқатланиш шохобчаларида соғлом овқатланишни ...

Тадбирлар тақвими