Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жолдасбай АБДИЖАМИЛОВ: Эртамиз қандай бўлишини истасак, шунга яраша йўл тутмоғимиз лозим

Жолдасбай АБДИЖАМИЛОВ: Эртамиз қандай бўлишини истасак,  шунга яраша йўл тутмоғимиз лозим

Мамлакатимизда барча жабҳадаги ислоҳотларда алоҳида эътибор қаратилаётган қатлам бу — ёш авлоддир. Сабаби, эртамизнинг эгаси — шулар. Бугун биз қандай авлодни вояга етказиб, тарбияласак, эртага унинг мевасини албатта ўзимиз тотамиз.

Жорий йилнинг 27 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўтарилган оғриқли муаммолар ҳар биримизни шу ҳақда жиддий ўйлашга ундади.   

Дарҳақиқат, ёшлар орасида жиноятчиликни камайтириш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар кутилган самарани бермаётгани бу борада мушоҳада юритишга чорлайдиган ҳолдир. Йиғилишда жорий йилнинг 6 ойида юртимизда қайд этилган жами жиноятларнинг 30 фоизида ёшларнинг қўли борлиги ачинарли аҳвол экани айтилди.

Давлатимиз раҳбари бунинг сабабини ёшлар ягона ғоя, ягона мақсадлар йўлида жипслаштирилмаётгани, таълим-тарбия ва бандликни таъминлашда кўплаб тизимли муаммолар ҳал этилмаётгани билан изоҳлади.

Яхши биласиз, бир йилда 600 мингдан зиёд йигит-қиз мактаб, лицей ва коллежларни битиради. Уларнинг 10-15 фоизигина олий ўқув юртлари талабаси деган номга муяссар бўлади. Хўш, қолганлари-чи? Улар эртага ким бўлиши ҳақида сизу биз бош қотиряпмизми? Ёш авлоднинг ана шу катта бир “армияси” эътибордан четда қолса, ким ютадию ким ютқизади?

Албатта, бу барчамизни бирдай ўйлантирадиган масала...

Аслида мамлакатимизда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури қабул қилинди. 800 миллиард сўм маблағ айнан ёшлар тадбиркорлиги, бандлиги учун йўналтирилди. Қолаверса, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш, уларнинг ташаббусларини, ғояларини рўёбга чиқариш, умуман, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тузилди, унга кўп ваколатлар берилди. Айни пайтда мазкур иттифоқ йирик-йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Ёшлар масаласи бўйича ҳатто парламентда ҳам махсус тузилмалар ташкил этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтган йили Ёшлар масалалари бўйича комиссия, парламентнинг юқори палатаси — Сенатда эса жорий йилда Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташкил қилинди. Видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлайдиган бошқа ташкилотлар, ҳокимликлар, ички ишлар бўлимларида ёшлар бўйича ўринбосар лавозими жорий этилди.

Бироқ, яратилаётган бундай шароитлар, тузилаётган нуфузли тармоқ бирликлари, ажратилаётган маблағлар, кўрилаётган чора-тадбирлар кўламига қарамасдан, ёшлар ўртасидаги жиноятчиликка батамом барҳам бериб бўлмаяпти.

Назаримда, бундай хунук манзаранинг юзага келишига сабаб бўлаётган омиллардан бири аксарият ёшларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганидир. Шунинг оқибатида ҳозирда бирорта ҳам ижтимоий фойдали ишларга жалб этилмаган, уюшмаган ёшларнинг сафи 1 миллиондан ошиб кетган ва бу рақам тобора ортиб бормоқда.  

Кўринадики, Президентимизнинг бу борадаги қайғуриб, ташвиш тортаётгани,  жойлардаги масъуллар ёшлар томонидан содир этилаётган ҳар бир жиноят бўйича муҳокамаларни ўзлари ташкиллаштириши ва сабабларини аниқлаши, оммавий ахборот воситаларида бевосита чиқиб маълумот бериши даркор, деган талабни қўяётгани бежиз эмас. Шундагина ҳар бир жиноятнинг илдизигача етиб бориш, сабабларини аниқлаб, келгусида унинг олдини олишда самарага эришиш мумкин бўлади. Акс ҳолда, ҳамма жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш ўрнига унинг оқибатлари билан овора бўлиб қолаверади. 

Биз — халқ вакиллари айни масала юзасидан барча давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари қатори парламент ҳам бу йўналишдаги ўз ишларини албатта қайта кўриб чиқиши, фаолиятини жонлантириши лозим, деган хулосага келдик. Тўғри, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ибратли ишларни амалга оширди. Бироқ бу ишлар бугунги воқелик олдида етарли эмаслиги аён бўлиб турибди.

Шу сабаб парламент аъзолари яқин кунларда Қонунчилик паталасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси иштирокида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш борасида қилинаётган ишларни танқидий ўрганиб, аниқ таклифлар билан чиқади.

Зеро, эртамиз қандай бўлишини истасак, бугун, ҳозирдан шунга яраша йўл тутмоғимиз, келажагимизни таъминловчи авлодга муносиб шароит ва имконият яратишимиз, улар тақдирига бефарқ қарамаслигимиз лозим.

 

Жолдасбай АБДИЖАМИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ёшлар масалалари бўйича комиссия раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 714

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.10.2018
Ангорликларни қийнаб келаётган муаммолар туман сессиясида муҳокама этилди

Ўтган қисқа вақт мобайнида Президентимизнинг мазкур топшириғини тўла-тўкис бажариш мақсадида воҳада...

12.10.2018
Ўзбекистон – БМТ: тинчлик ва барқарорлик сари ҳамкорлик

Хавфсизликнинг замонавий таҳдидларига қарши кураш, оммавий қирғин қуролларини тарқалишининг олдини...

11.10.2018
Евросиё парламентлари спикерларининг III йиғилиши самарали кечди

Жорий йил 8-10 октябрь кунлари Туркия Республикасининг Анталия шаҳрида Евросиё парламентлари спикерларининг...

Тадбирлар тақвими