Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шуҳрат ЯКУБОВ: Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти янада ошади

Шуҳрат ЯКУБОВ: Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти янада  ошади

Ўзбекистонда сўнги вақтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали аҳоли даромадларини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 2018 йилнинг ўзида мамлакатимиз биргина гилос экспорт қилувчи мамлакатлар рейтингида бир неча поғона кўратилиб, тўртинчи ўринга чиқиб олди. Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатларда Ўзбекистон етиштирилган маҳсулотлар истеъмол қилина бошлади. Бундай ижобий кўрсаткичларни янада ошириш қонунларни ҳам замонавийлаштиришни, такомиллаштиришни талаб этади. 

Кеча кучга кирган янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонун юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда турли зарарли организмларнинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, хорижга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Шуни таъкидлаш керакки, аввал ҳам мазкур соҳани тартибга солувчи алоҳида қонун бўлган. Лекин у 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талаблари, айниқса, илм-фан ютуқлари ва замонавий технологияларни жорий этиш нуқтаи назаридан, қолаверса, мазмунан эскирган эди.

Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинишига яна бир муҳим асос шунда эдики, ўсимликлар карантини соҳасидаги бошқарув тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди. Мазкур соҳага давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, Президентнинг махсус Фармони ва иккита қарори қабул қилинди. Улар асосида, муқаддам Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимига кирувчи Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг ташкилий-ҳуқуқий мақоми янада кучайтирилиб, Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўтказилди. Қонун асосида янги ташкил этилган инспекциянинг тизими, ҳуқуқ ва ваколатлари аниқ белгиланди.

Бу йўналишдаги яна бир муҳим масала шундаки, аввалги қонунда ўсимликлар карантини давлат инспекторларнинг ҳуқуқлари кўрсатилган бўлса-да, мажбуриятлари аниқ белгиланмаган эди. Фуқароларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда янги Қонуннинг 17-моддасида ўсимликлар карантини давлат инспекторлари мажбуриятлари ҳам аниқ кўрсатилди.

Сўнгги вақтларда ташқи сиёсатимизда амалга оширилган ижобий ислоҳотлар натижасида Тожикистон, Қирғизистон каби чегарадош давлатлар билан ўзаро дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланди, савдо-сотиқ ишлари кенг йўлга қўйилмоқда. Шу асосда, ўзаро қўшничилик алоқалари яхшиланган қўшни давлатлар билан 20 дан ортиқ чегара пунктлари ташкил этилди. Шу асосда Инспекцияга қўшимча 400 дан ортиқ штатлар ажратилди, ходимлар масъулияти оширилди. Мақсад хорижий мамлакатлардан кириб келаётган маҳсулотлар таркибида ўсимликлар карантини назорати остидаги зарарли организмларнинг йўқлигини аниқлаш, шу билан бирга, мамлакатимиздан эскпорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тез ва қулай шароитларда хорижий мамлакатларга етказилишини таъминлашдан иборат.

Янги Қонунда ўсимликлар карантини давлат инспекцияси масъул ходимларининг лавозимларини аниқ белгилаб бериш, шунингдек, халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришда ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотлари билан савдо алоқаларини йўлга қўйишда фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, импорт ва экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари амал қилиши керак бўлган зарарли ўсимлик касалликлари, ҳашоратлар ва бегона ўтлар кириб келишининг олдини олиш бўйича аниқ нормалар белгиланган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида Қонуннинг 30-моддасига асосан, аввалги қонундаги ўсимликлар карантини давлат хизмати органларини юкни жўнатилиши кутилаётган кундан олдин ҳабар қилиш муддати 30 кундан 10 кунгача, экспорт қилинаётган маҳсулотни текширув кўригидан ўтказиш учун тақдим қилиш муддати 15 кундан 3 кунгача қисқартирилди.

Шунингдек, Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари алоҳида янги моддаларда мустаҳкамланди.

Мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ҳам ўсимликлар карантини хизмати муҳим рол ўйнайди. Чунки, биргина зарарли организмни уруғ, кўчат каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орқали мамлакатга киритиб, бутун қишлоқ хўжалигини издан чиқариш мумкин. Бундай мудҳиш ҳолатлар хорижий мамлакатлар тажрибасида бир неча бор кузатилган. Шундай хавфларнинг олдини олиш учун ҳам қонунда инспекциянинг ваколатларини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўсимликлар карантини масалаларини ҳал этишда қатнашиши ҳам тартибга солинди. Хусусан, уларнинг иштироки жамоатчилик назоратини амалга оширишида, карантиндаги зарарли организмларнинг тарқалиши тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантирилишида намоён бўлади. Бу эса, зарарли организмларнинг ўчоқлари тарқалишига йўл қўймаслик ва уларни йўқ қилиш бўйича зарурий ҳамда тезкор бажарилиши лозим бўлган чораларни ўз вақтида кўришга имконият яратади. 

Бугунги кунда ахборот технологиялари кенг ривожланаётганлигини ҳисобга олиб, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида қонунга Ўсимликлар карантини соҳасидаги ахборотнинг очиқлиги номли янги боб киритилди, унда ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати томонидан амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ўсимликлар карантини соҳасидаги бошқа ахборот оммавий ахборот воситаларида ва Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланди. Сабаби, ҳозирги кунга қадар ўсимликлар карантини тўғрисидаги норматив ҳужжатлар, фитосанитар хавфсизлик доирасидаги тадбирлар ва бошқа маълумотларнинг очиқлиги тўлиқ таъминланмаганлиги фуқароларга, жумладан, тадбиркорларга ноқулайликлар туғдираётган эди. Улар қайси маҳсулотларни экспорт қилиш мумкин ёки йўқ ва бунинг сабаблари ҳақидаги маълумотларни олгунча, анча вақтини йўқотар эди. Қонунга киритилган мазкур янгиликлар бу борадаги қийинчиликларни бартараф этади.

Умуман, янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонуннинг амалга самарали татбиқ этилиши мамлакат ҳудудини турли зарарли организмлардан ҳимоя қилишда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эскпорти кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 53

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2018
Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати: Ўзбекистон тажрибаси — экспертлар нигоҳида

Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда...

14.07.2018
Депутатлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида мамлак...

11.07.2018
Олмазорнинг ҳар бир маҳалласида тадбиркорлик ривожланади

Бугун мамлакатимизни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари, кичик бизнес ва хусусий ...

Тадбирлар тақвими