Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Хатамжон КЕТМОНОВ: Баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз қалбидан жой олиш керак

Хатамжон КЕТМОНОВ: Баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз қалбидан жой олиш керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган учрашувдаги маърузасида сиёсий партиялар ва уларнинг парламентдаги фракциялари фаолияти чуқур таҳлил қилиниб, сиёсий партиялар ҳамда фракцияларда ташаббус етишмаётганлиги, жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари фаолияти мутлақо талаб даражасида эмаслиги, партиялар ва депутатлар ўзларининг сайловолди дастурларида халқ олдида берган ваъдаларини аксарият ҳолларда бутунлай эсдан чиқарганлиги, қонун ижодкорлиги фаолиятидаги сусткашликлар ҳаққоний танқид қилинган эди.

Мана, орадан роппа-роса бир йил ўтди. Ушбу давр ичида сиёсий партиялар фаолиятида жонланиш кузатилдими, билдирилган танқидий фикрлардан тегишли хулосалар қилиндими? Умуман, одамлар ишончини оқлаш йўлида қандай амалий ишларга қўл урилди?

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан депутатлар фаоллигини янада ошириш, Парламент ва парламентдаги фракциялар ҳамда сиёсий партиялар фаолиятидаги мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, сайловчилар ишончини қозониш юзасидан аниқ таклифлар билдирилганлиги ҳар биримизга катта масъулият юклади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партияси сиёсий мафкурасининг устувор йўналишлари ва партиянинг дастурий мақсадлари қайтадан кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сиёсий ғоялари ва устувор тамойиллари “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси” билан боғлиқлиги акс эттирилди, партия доимий электорати таркибига кирувчи асосий ижтимоий гуруҳларга аниқликлар киритилиб, партиянинг мафкуравий ғоя ҳамда мақсадлари янада бойитилди.

Ўтган давр мобайнида фракциямиз аъзолари Сайловолди дастуримиздан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонунчиликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид 13 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатди. Шунингдек, Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган 97 та Қонунга фракция томонидан 205 та таклиф тайёрланди.

Қолаверса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, партиянинг фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг тегишли вазирликлар фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб боришга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди.

Депутатлик бирлашмаларимиз томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликларининг ҳудудий бошқарма ҳамда бўлимларининг ҳисобот ва ахборотлари 51 маротаба партия гуруҳларида, 42 маротаба тегишли доимий комиссияларда ва 29 маротаба сессияларда эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Партиямиз томонидан  “Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ва “Уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаларида фойдаланиш учун таклифлар киритилди.

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Кўзи ожизлар, Карлар жамиятлари, Ногиронлар ассоциацияси билан тузилган меморандумлар доирасида меҳнат ва уруш фахрийлари пансионатлари, “Саховат”, “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйлари, ногирон болалар учун мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, сифатли тиббий хизматларни олиш учун шароитлар яратиш ва ёлғиз қариялар, пенсионерлар, ногиронлар ва тегишли болалар муассасалари тарбияланувчиларининг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондириш масалалари тегишли ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда жойлардаги партия гуруҳлари томонидан доимий ўрганиб борилди.

Ўрганишлар натижасида аниқланган 77 та муаммо партиянинг ваколатли органлари томонидан ҳал этилишига эришилди. Шунингдек, кўтарилган масалалар бўйича ишлаб чиқилган 50 дан ортиқ таклифлар умумлаштирилиб, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳасини тайёрлаётган республика ишчи гуруҳига тақдим этилди.

Фракция аъзоларини жойларда аҳоли билан мулоқотлари давомида фуқароларнинг руҳий соғлиғини текширувдан ўтказиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш, даволаш ва тиббий-ижтимоий жиҳатдан муаммолар борлиги аниқланган эди. Ушбу муаммолар давлатимиз раҳбарининг “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топиб, соҳани ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлди. Шунингдек, 2000 йили қабул қилинган “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича фракция ташаббуси ишлаб чиқилди.

Фаолиятимиз самарадорлигини оширишда, партиямизда жорий этилган “марказ — вилоят — туман” тартибида ишлайдиган янги тизим муҳим ўрин тутмоқда. Айнан шу тизим орқали Парламент аъзоларининг иш услуби партиянинг вилоят, туман, шаҳар кенгашларига етказиляпти. Бир вақтнинг ўзида, маҳаллий Кенгашларнинг фракцияда кўриб чиқилаётган масалалардан етарлича хабардор қилиб бориш тизими ишлаётганлиги натижасида партия ташкилотларидан қонун лойиҳаларига келиб тушган 60 га яқин таклифлар умумлаштирилиб, фракция муҳокамасига киритилди.

Президентимиз таъбири билан айтганда қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ҳамда таклифларни қуйидан — фуқаролардан, сайловчилардан, жойлардаги депутатлардан олиш тартиби жорий этилди. Натижада улардан 70 га яқин яхши таклифлар олиниб, фракция йиғилишларида кўриб чиқилди.

Парламент назорати институтидан фойдаланишда ҳам фракциямиз фаоллиги ошганлигини эътироф этиш лозим. Жойларда фуқаролар билан мулоқотлар жараёнида аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликлар ва аниқланаётган муаммоларни бартараф этиш борасидаги “Ҳудудларда аҳоли бандлиги масаласида йўл қўйилаётган расмиятчиликларни бартараф этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабни оширишга олиб келадиган чора-тадбирларни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахбороти, фракция ташаббуси билан “Ҳукумат соати”га олиб чиқилди. Қолаверса, Парламент эшитуви доирасида Республика соғлиқни сақлаш вазирининг “Мамлакатимизда ногиронликни белгилаш амалиёти ва уни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Ўтган давр мобайнида партиямиз ўзининг ҳар бир йўналишларини қайта кўриб чиқиб, “йўл хариталари”ни ишлаб чиқди. Унга кўра, асосий эътибор халқ билан мулоқотга қаратилди. Хонадонма-хонадон юриш, партия қошида очилган Жамоатчилик қабулхоналари ишини янги замонавий ёндшувлар асосида ташкил қилиш, жойларда режа-график асосида партия раҳбарлари ва депутатларимизни сайёр қабулларга чиқишлари биринчи вазифа қилиб белгиланди. Натижада ўтган олти ойлик вақт давомида 18 минг нафар фуқаро билан мулоқот ўтказилди, 16 мингга яқин мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 11360 таси ёки 71 фоизи ижобий ҳал қилинди.

Фракция аъзоларини тизимли равишда 10 кунлик жойларга чиқиши, одамлар билан мулоқотлар ўтказиб, уларнинг муаммоларини ўрганиши бугунги кунда ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Натижада улар томонидан томонидан 7112 та хонадонларга кирилиб, 34 минг 305 нафар аҳоли билан, жумладан, 7 минг 446 нафар тадбиркорлик субъекти вакили билан суҳбатлашилди. Жами 4 минг 391 та масала кўтарилиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Марказ билан ечиладиган 81 масалани бевосита фракциянинг кенгайтирилган йиғилишларида муҳокама қилиниб, қабул қилинган қарорлар ижроси таъминланди.

Ёшлар муаммоси, уларни ўрганиш ва ҳал этиш Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг устувор вазифаларидан биридир. Шу боис партиянинг ёшлар қаноти жойлардаги “Ёш сиёсатчилар клуби” билан уюшмаган ёшлар таркибини аниқлаб, улар билан мунтазам шуғулланишди.

Яна бир жиҳат. “Ижтимоий кўмак — ташаббускорликка йўл очмоғи керак” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у мамлакат бўйлаб, айниқса, олис қишлоқларда аҳолининг кам таъминланган қатламлари, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда қўл келди. Лойиҳа доирасида маҳаллалардаги мингдан ортиқ кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кириб борилди ва муаммолари ўрганилиб, ечимида амалий кўмак берилди.

Айтиш жоизки, “Facebook” ижтимоий тармоғида партия ва фракция аъзоларининг фаоллиги ошди. Фракция аъзолари томонидан ўтган ярим йил давомида, долзарб масалалар юзасидан 1500 га яқин фикр-мулоҳаза ва муносабатлардан иборат материаллари ушбу ижтимоий тармоғидаги ўз шахсий саҳифаларида жойлаштирилди.

Лекин, юқорида амалга оширилаётган ишлар партия ўз олдига қўйган вазифаларини тўлақонли амалга оширяпти, дегани эмас. Ҳали олдимизда амалга оширишимиз лозим бўлган тадбирлар, қолаверса, фаолиятимизда ҳам қатор камчиликлар мавжуд.

Тан олиш керак, жойларда аҳоли, хусусан, электоратимизни безовта қилаётган муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлаш, бандлик масалалари, пенсионерлар, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғиз қариялар билан олиб бораётган ишларимиз талаб даражасида эмас. Ижтимоий дорихоналар фаолияти ҳам аҳолини қониқтирмаяпти.

Шундай экан, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятимизни янада жонлантиришни замоннинг ўзи тақозо қиляпти. Мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш баробарида, уларнинг юзага келишига сабаб бўлаётган омилларни ҳам чуқур ўрганиш ва олдини олишда муҳим ўрин тутади. Бунинг учун эса барча бўғиндаги депутатлик корпуслари ишини янада фаоллаштириш, парламент ҳамда депутатлик назорати, депутатлик сўрови, тегишли давлат идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш каби ваколатлардан самарали фойдаланиш зарур.

Президентимиз таъбири билан айтганда, баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчиларимиз ишончини қозониш, уларнинг қалбидан жой олишимиз керак. 

Хатамжон КЕТМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, 

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари


Кўришлар сони: 3849

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.11.2018
ЎзЛиДеП фракцияси таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Мисол учун, 2018 йилда 9,6 трлн. сўм маблағ мазкур тизимга йўналтирилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан...

17.11.2018
Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил 9 ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

2018 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетидан илм-фанни ривожлантиришга молиялаштирилган 213,3 млрд. сўм...

17.11.2018
2019 йил Бюджетномаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди

Мажлисда қайд этилганидек, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

Тадбирлар тақвими