Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ёшлар муаммоларини ҳал қилиш сиёсий партиялар фаолиятининг устувор йўналишига айланади

Ёшлар муаммоларини ҳал қилиш сиёсий партиялар фаолиятининг устувор йўналишига айланади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида халқ вакиллари сифатида депутатлар корпуси ёшлар келажаги учун ҳаммадан ҳам кўпроқ жон куйдириши лозимлигини қайд этиб, жойларда сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаган эди. Хўш, бу борада сиёсий партиялар олдида қандай вазифалар турибди? Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари раҳбарларининг фикр-мулоҳазалари қуйидагича.

Сарвар ОТАМУРАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси:

—        Ўзбекистон қисқа давр ичида ёшлар сиёсати соҳасида халқаро даражада эътирофга лойиқ ташаббусларни илгари суриб, уларни фаол амалга оширмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Юртбошимиз БМТнинг Ёшлар хуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвециясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Ҳозирда ушбу хужжат устида фаол иш олиб бориляпти. Ёшлар масаласи Ўзбекистон Республикаси Президенти таклифига биноан ШҲТнинг Циндао саммити кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлди. Яъни, унда ШҲТ давлатлари раҳбарларининг ёшлар масаласидаги Қўшма мурожаати ҳамда уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури қабул қилинди.

Президентимизнинг 27 июндаги Фармони билан тасдиқланган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурининг рўёбга чиқарилиши мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этувчи навқирон авлод ҳаётида катта “сакраш” юзага келишига хизмат қилади.

Бу борада сиёсий партияларнинг “Ёшлар қанотлари” ўз фаолиятини янада такомиллаштириб, ушбу жараёнларда фаол иштирок этиши, зарур бўлса етакчилик қилиши лозим. Шу жумладан, партиямиз, барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатларимиз асосий эътиборни ёшларга оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган манзилли ва мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш, вояга етмаганлар, қизлар ўртасида эрта ниқоҳ ва эрта туғруқларнинг олдини олиш, ёш оилалар ўртасидаги ажрашишларга барҳам бериш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, ёшлар билан, айниқса, уюшмаган ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, музей, театр ва бошқа маданий-маънавий масканлар, илм-фан, спорт ва амалий санъат тўгаракларига фаол жалб этиш орқали баркамол авлодни тарбиялаш масаласига қаратмоғи даркор. Шундагина келажагимиз янада фаровон, жамиятимиз соғлом, давлатимиз қудратли бўлади.

Хатамжон КЕТМОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари:

—        Видеоселектор йиғилишидан сўнг партиямизнинг ёшлар масаласига доир фаолиятини таҳлилий-танқидий қайта кўриб чиқдик. Кўплаб саволлар кўтарилди. Эртамиз эгаларини нималар ўйлантиради ва ташвишга солади? Нега Юртбошимиз ёшлар муаммосини давлат сиёсати даражасига олиб чиқмоқда? Агар чуқурроқ таҳлил қилинса, уларнинг барчаси замирида ёшлар бандлиги масаласи ётибди. Чунки улар бирор иш билан машғул бўлмас экан, яъни ёшларнинг бандлиги рақамларда эмас, амалда таъминланмас экан, мавжуд камчиликлар яна такрорланаверади.

Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида ҳам мустақил ҳаётга кириб келаётган йигит-қизларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратиш устувор этиб белгиланган. Хўш, ёшларнинг муаммоларига ечим топиш, уларнинг бандлигини ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш каби вазифаларни қай даражада бажара олдик? Ёшларнинг орзу истак ва ғояларини амалга оширишда қандай ташаббуслар билан чиқдик? Афсуски, ушбу саволларга баландпарвоз жавобларни бера олсакда, лекин амалий фаолиятимиздан реал мисоллар келтиришда қийналамиз.

Агар, ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ечиб, ёшлар ичида доимий равишда юрганимизда вазият бугунги даражагача етиб келмас эди. Чунки ҳалигача меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолмоқда. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашувлар учраяпти. Йиғилишида ўтган давр мобайнида 1 минг 700 дан зиёд меҳнат ярмаркаси ўтказилганига қарамай, уларда иштирок этган ёшларнинг атиги 5 фоизигина ишга жойлаштирилгани, сўнгги бир йилда 509 минг нафар ёшлар узоқ муддатга чел элларга чиқиб кетгани ишга масъулиятсиз ёндашувдан далолат бериши танқид қилинди. Ушбу рақамларнинг ўзи ҳам минглаб ёшларимиз кўча-кўйда сарсон, ишсиз юрганлигидан далолатдир.

Шубҳасиз, “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастуридаги ҳар бир масала ва уларни амалга ошириш механизмлари узоқ йиллар қийнаб келаётган муаммоларнинг ечиш йўллари эканлигини барчамиз теран ҳис этиб турибмиз.

Шундай экан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, бугуннинг ўзида барча партия фаоллари ва ёшларни эзгу мақсад йўлида бирлаштиради. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг ёшларга мурожаатини ишлаб чиқиб, дастурнинг энг фаол ижрочилари қаторига киради.

Нариман УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари:

—        Ёшлар куни арафасида қабул қилинган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Йиғилишда мазкур Давлат дастурининг ҳаётга самарали жорий этилишида кенг жамоатчилик олдида турган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, унинг ижросида сенаторлар, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар вакиллари алоҳида ўрин тутиши лозимлиги Президентимиз томонидан қайд этилди. Бинобарин, дастурнинг асосий мақсади ёшлар бандлиги, тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган.

Дарҳақиқат, бугунги кунда барча партия тизимида ёшлар қаноти фаолият олиб бормоқда. Аммо уларнинг фаолиятини бугунги кун талабига тўлиқ жавоб беради, дея олмаймиз. Буни, айниқса, ёшлар қанотларининг уюшмаган ёшлар билан ишлашида ҳам кўришимиз мумкин. Сабаби, бугунги кунда мактаб, ўрта-махсус таълим муассасалари битирувчиларининг атиги 9 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинмоқда. Шу боис “Қолган 91 фоиз ёшларнинг тақдири нима бўлмоқда? Улар қаерда, нима билан машғул? Улар бугун жамиятдан розими?” деган саволларга жавоб топиш, ёшларнинг ушбу қатлами билан ишлаш фаолиятимизнинг асосий йўналишига айланиши лозим.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ёшларга жамиятнинг муҳим, қимматли миллий ресурси сифатида қарайди ва уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишда олий таълимнинг ўрни юқори, деб билади. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан ёшларимизнинг олий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилиши, олий таълимнинг сиртқи, масофавий, кечки турларини жорий қилиш ўта долзарб бўлиб, ушбу ислоҳотларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиш барча даражадаги депутатлик корпуси, партия ташкилотлари олдидаги муҳим вазифа, деб биламиз. Зеро, дунё ёшлари билан тенг рақобатлаша оладиган, замонавий билимларни эгаллаган, инновацион фикрлайдиган ёшлар ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашимизнинг асосий гаровидир.


Кўришлар сони: 2436

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.09.2018
Қонунларга киритилаётган ўзгартишлар фуқароларнинг манфаатини ёқлашга, фаоллигини оширишга қаратилди

Киритилаётган ўзгартишларга кўра,  турар жой мулкдорининг оила аъзоси деб эр-хотиннинг ота-онаси,...

21.09.2018
Энергиядан оқилона фойдаланиш масаласи муҳокама марказида

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда муҳандислик коммуникацияларнинг эскириши ва қониқарсиз...

21.09.2018
Илм-фан иқтисодиёт реал секторига наф беряптими?

Ахборотларда қайд этилишича, инновациявий ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш ...

Тадбирлар тақвими