Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Акмал УМАРАЛИЕВ: Иқтидорли ва истеъдодли ёшлар — жамиятимиз таянчи

Акмал УМАРАЛИЕВ: Иқтидорли ва истеъдодли ёшлар — жамиятимиз таянчи

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Барчамиз гувоҳи бўляпмизки, бугун Ўзбекистон ёшлари учун барча имкониятлар эшиклари очилган. Аввало, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини эгаллашига кўмаклашиш бўйича бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ва 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан йўланган табриклари бу борада олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Бугунги Ўзбекистон ёшлари – иқтидорли, истеъдодли, баркамол, маърифатли, мукаммал, комил, етук ва келажаги буюк давлатнинг ёшлари десак бўлади. Шунинг учун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол – жисмонан соғлом, ақлан етук, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясининг ишлаб чиқилиши, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ёшларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши халқаро миқёсда қўллаб-қувватланиб,мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга доир давлат сиёсати жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ёшларга табригида ўтган бир йилнинг ўзида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 20 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани, Ҳаракатлар стратегияси доирасида “Ёшлар – келажак бунёдкори”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ақлли шаҳар” каби дастурларни амалга оширишда ҳар бир масалага янгича ёндашадиган ёшларнинг фаол иштирок этаётгани, “Мард ўғлон” давлат мукофоти ҳамда “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этилгани бу ёшларимизни яна бир бор илҳомлантирмай иложи йўқ ва бугун барчамизга мамнуният бағишлайди.

Шунингдек, мазкур видеоселекторда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес кўникмаларига ўқитиш бўйича Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида янги тизим синовдан ўтказилгани қайд этилди. 

Унга кўра, мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттирган туман паспорти ишлаб чиқилган. Маҳаллаларда «Ёшлар меҳнат гузарлари» ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилиб, ташаббускор тадбиркорлар жалб қилинган. Тадбиркорлик, балиқчилик, боғдорчилик, савдо-сотиқ қилиш истагидаги йигит-қизларга зарур маблағ ва ресурслар берилган. Ёшларни қийнаб келаётган 1,5 мингдан зиёд муаммолар аниқланиб, 1 мингдан ортиғи жойида ҳал этилган, қолган 500 тасини ҳам ҳал этиш чоралари кўрилган.

Ушбу тажриба натижаларидан келиб чиқиб, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастури қабул қилинди. 

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурига мувофиқ, 2018 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасини, шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиалларини ташкил этилиши белгилаб қуйилмоқда. Ушбу жамғарма маблағларидан ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш, ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш каби муҳим вазифалар молиялаштириш белгиланган. Шунингдек, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссиялари ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, йиғилишда шу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш, Жамғарма маблағларидан самарали фойдаланишни доимий назорат қилиб, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Шу боис ёшлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни янада жонлантириб, уларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш ва ажралишларнинг олдини олиш юзасидан вазифалар қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, ёшларга берилаётган бу имкониятлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати юксак даражада олиб борилишини ва келажагимиз эгаларининг таълим-тарбияси, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясига бўлган эътибор ва рағбатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 65

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2018
Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати: Ўзбекистон тажрибаси — экспертлар нигоҳида

Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда...

14.07.2018
Депутатлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида мамлак...

11.07.2018
Олмазорнинг ҳар бир маҳалласида тадбиркорлик ривожланади

Бугун мамлакатимизни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари, кичик бизнес ва хусусий ...

Тадбирлар тақвими