Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қодир ЖЎРАЕВ: Тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланади

Қодир ЖЎРАЕВ: Тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланади

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва конструктив ҳамкорлик муҳитини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада барчани фаолликка чақирган эди. Натижалар кўп куттирмади.

Бугун сессияда илгари сурилган ана шундай ташаббус ҳамда Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган изчил ташқи сиёсат дунё миқёсда кенг эътироф қилинмоқда.

Куни кеча БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси ана шундан далолат беради.

Ўзбекистон ташаббуси билан минтақадаги қўшни давлатлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжатни халқлар ўртасида тотувлик ва муштарак мақсадларга эришишни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин. Эътиборлиси, ушбу резолюцияни дунёдаги 55 давлат вакиллари бир овоздан қўллаб-қувватлади. Унинг лойиҳасини тайёрлашда Россия, Хитой, АҚШ ва Европа Иттифоқидаги етакчи давлатлар фаол қатнашди. Зеро, бундай ҳамкорлик Марказий Осиёда дунёнинг етакчи давлатлари ўртасида манфаатлар рақобатидан кўра, самарали ҳамкорлик муҳити устун эканидан далолатдир.

Резолюция муқаддимасида бу борадаги фаолият аниқ мисоллар билан бирма-бир тилга олинган. Хусусан, Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан 2017 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция натижаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки айнан мазкур халқаро анжуман минтақа давлатларининг бу борадаги амалий ишлари асосий йўналиш ҳамда мезонларини белгилаб берди.

Шунингдек, ҳужжатда хавфсизлик ва тараққиёт соҳаларида ҳудудий ҳамда халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бош мезонга айлангани қайд этилган. Чунки фақатгина шу йўл билан, яъни минтақавий ва халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириш йўли билангина барқарор тараққиётга эришиш мумкин.

Қолаверса, ҳужжатда қўшни давлатларнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётига қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларига ҳам урғу берилган. Жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича конференциянинг аҳамияти алоҳида қайд этилган. Бу принципиал жиҳатдан тўғри ёндашув ҳисобланади.

Зеро, Афғонистондаги низони ҳал қилмасдан туриб, Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантириш мумкин эмас. Чунки афғон замини тарихий ва геосиёсий жиҳатдан Марказий Осиёнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Унинг тинчлиги нафақат афғон халқи, балки бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиётнинг муҳим омили саналади.

Резолюцияда, шунингдек, халқлар келажак тақдирига дахлдор муҳим масалалар тилга олинган. Жумладан, сув-энергетика захираларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи ҳалокатининг асоратларини юмшатиш, минтақада транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш, фан, таълим, маданият ва туризм соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш, мамлакатларнинг инновацион тараққиётини қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам кенг эътибор қаратилган.

Қисқаси, БМТга аъзо давлатлар томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланган ушбу муҳим резолюциянинг қабул қилиниши, аввало, Ўзбекистон дипломатиясининг катта ютуғидир. Бош Ассамблеянинг мазкур резолюцияси турли мамлакатларни айнан Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорлик йўлида ўзаро жипслаштирувчи, уларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларига асос солувчи тарихий ҳужжат ҳамдир. Ушбу келишув келгусида давлатлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, пировардида минтақа аҳолисининг бахту саодати ва фаровонлиги йўлида кенг имкониятлар яратишга  хизмат қилади.

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

 Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро

 алоқалар қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 691

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.11.2018
ЎзЛиДеП фракцияси таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Мисол учун, 2018 йилда 9,6 трлн. сўм маблағ мазкур тизимга йўналтирилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан...

17.11.2018
Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил 9 ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

2018 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетидан илм-фанни ривожлантиришга молиялаштирилган 213,3 млрд. сўм...

17.11.2018
2019 йил Бюджетномаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди

Мажлисда қайд этилганидек, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

Тадбирлар тақвими