Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ: Халқ фаровонлигига хизмат қилувчи яна бир тизим мукаммаллаштирилди

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ: Халқ фаровонлигига хизмат қилувчи яна бир тизим мукаммаллаштирилди

Бугун миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан аниқ ва стратегик вазифалар белгилаб берилмоқдаки, уларнинг бажарилиши тармоқлар ва ҳудудларда мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларига эришиш, давлат бюджети мутаносиблиги ва барқарорлигини ҳамда унинг кафолатланганлигини таъминлаш, ҳудудларни комплекс ва жадал ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Мамлакатимиз келажагини таъминлашнинг асосий йўналиши ва омили бўлган иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган ўзгаришлар ва янгиланишларни таҳлил қилар эканмиз ўтган бир ярим йил мобайнида соҳада мавжуд камчиликлар ва иш услублари танқидий қайта кўриб чиқилганлигини, бу йўналишда асосий эътибор амалий самарадорлик ва натижадорликка эришиш ҳамда  инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини  кўришимиз мумкин.

Иқтисодий ислоҳотларни тубдан такомиллаштириш борасида давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ва Қарорлари қабул қилиниб, амалиётга жорий этилмоқда. Уларда асосий эътибор мамлакат салоҳиятидан самарали фойдаланишга, мавжуд заҳира ва имкониятларни сафарбар этишга ҳамда уларни биринчи навбатда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилаётганлиги алоҳида эътирофга лойиқ.

Жумладан, солиқ ва бюджет сиёсатида солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш ва солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш борасида жиддий ўзгариш ва янгиланишларнинг амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида прогнозга нисбатан 2,7 трл.сўм ёки 16 фоиз кўп солиқ тушумлари туширишга эришилган. Шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг юқори бюджетларга бўлган боғлиқлигини кескин камайтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет маблағларини бошқаришдаги мустақиллигини кучайтириш борасида Тошкент шаҳрида ўтказилган тажриба, унинг ушбу йилдан худудларда жорий этилганлиги барча бўғиндаги бюджетларнинг барқарорлигини таъминловчи тизимни яратиш ва маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

Айни пайтда, шу йил 5 июнь куни худудларда бюджетга қўшимча даромадлар тушириш ва бошқа масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз таъкидлаганларидек, “ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий ҳокимликлар, молия-солиқ органлари томонидан бюджетга қўшимча солиқ тушуриш борасидаги резервлар ҳали ҳам тўлиқ ишга солинмаябди”.

Шу билан бирга  Президентимиз тавсияларига биноан депутатлар ва Сенаторлар томонидан жойлардаги ҳақиқий холатни ўрганиш ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнларида худудларда давлат солиқ хизмати органлари фаолиятининг таҳлили уларга қўйилган янги вазифаларни ҳал қилишда, хусусан, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқлар йиғилувчанлигини ошириш, қўшимча манбалар ва имкониятларни излаб топишда оқсоқликларга йўл қўйилаётганлиги, бу борада иқтисодий соҳа ташкилотларида ўзаро мувофиқлаштиришнинг сустлиги, мавжуд резервлардан самарали фойдаланишни таъминлашда назоратнинг бўшлиги каби ечимини кутаётган масалалар борлиги яққол кўзга ташланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўгрисида”ги Қарори айнан ана шу масалалар ечимига, хусусан, давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш, солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чораларини қўллаш, солиқ тўловларининг ўз вақтида ва бир хилдаги тушумини таъминлаш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш,  маълумотларни тўлиқ йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишни таъминлайдиган илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чораларини кучайтириш, давлат солиқ хизмати органлари ходимларига ўз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича янги мотивациялаш тизимини жорий этишга қаратилганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Бинобарин, Қарор билан Давлат солиқ  хизмати органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари, якуний натижаларга эришишдан келиб чиқиб, уларни моддий рағбатлантириш механизмлари кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари фаолиятида коррупциявий жиҳатларга барҳам бериш мақсадида Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилмоқда.

Қарорнинг яна бир ўта муҳим жиҳати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши ташкил қилиниши белгиланиб, унинг асосий вазифалари этиб солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашда низоли масалалар юзасидан хулосалар чиқариш, ушбу ҳужжатлар бузилишини аниқлашда солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасида юзага келадиган низоларни кўриб чиқиш, солиқ низоларини кўриб чиқиш жараёнида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш кўзда тутилмоқда.

Жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар энг аввало, кадрларнинг ўз вазифасини ҳалол ва малакали бажаришига, қолаверса, фидойилигига боғлиқ бўлмоқда. Жумладан, солиқ органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришда  ҳам кадрларни танлаш, тарбиялаш ва янгилаш соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масаласига ҳам қарорда алоҳида эътибор қаратилиб, Солиқ академияси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази этиб қайта ташкил қилиниши белгиланмоқда. Шу билан бирга бу борада Давлат солиқ қўмитаси раҳбарларига аниқ вазифалар қўйилиб,  уларнинг бажарилиши бўйича шахсий жавобгарлиги ҳам белгилаб қўйилмоқда.

Умуман олганда, мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг амалиётга тадбиқ этилиши Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллашувига, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларининг олдини олишга, бу соҳада ҳам мукаммал ишлайдиган тизим яратилишига, энг муҳими халқ фаровонлигини оширишнинг асоси бўлган давлат бюджетининг мутаносиб ва мукаммал бўлишига ҳамда кафолатли ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Шу боис биз, депутатлар парламент назорати институтидан кенг фойдаланган ҳолда ушбу Қарор ижросини таъминлашда фаол иштирок этишимиз, жойларда унинг мазмун-моҳиятини мутахассислар ва аҳоли ўртасида кенг тушунтиришимиз лозим бўлади.

 

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

ЎЗМТДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 471

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.09.2018
Қонунларга киритилаётган ўзгартишлар фуқароларнинг манфаатини ёқлашга, фаоллигини оширишга қаратилди

Киритилаётган ўзгартишларга кўра,  турар жой мулкдорининг оила аъзоси деб эр-хотиннинг ота-онаси,...

21.09.2018
Энергиядан оқилона фойдаланиш масаласи муҳокама марказида

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда муҳандислик коммуникацияларнинг эскириши ва қониқарсиз...

21.09.2018
Илм-фан иқтисодиёт реал секторига наф беряптими?

Ахборотларда қайд этилишича, инновациявий ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш ...

Тадбирлар тақвими