Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Козим ТОЖИЕВ: “YOSHLAR – KELAJAGIMIZ” давлат дастури соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади

Козим ТОЖИЕВ: “YOSHLAR – KELAJAGIMIZ” давлат дастури соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади

Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътиборга эга бўлиши фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол – жисмонан соғлом, ақлан етук, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад мужассамдир.

Жорий йилнинг 28 июнь куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони бу борада олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури амалга оширилиши ҳамда дастурдаги тадбирларни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасини, шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиалларини ташкил этилиши белгилаб қуйилмоқда. Ушбу жамғарма маблағларидан ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш, ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш каби дастурда белгиланган муҳим вазифалар молиялаштирилади.

Таъкидлаш жоиз, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган бўлиб унинг ижроси бўйича ҳам амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада соҳадаги камчиликлар бартараф этилиб, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла амалга оширишлари учун шароитлар яратилмоқда.

Бундан ташқари, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурида масъул раҳбарлар ва мутахассислардан иборат республика ва ҳудудий Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссиялари ташкил этилиши ҳам белгиланган. Мазкур комиссияларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни хоҳлайдиган банд бўлмаган аҳолини аниқлаш, туманларни (шаҳарларни) аниқлаш ҳамда уларнинг ёшлар паспортларини шакллантириш мақсадида уйма-уй юриш ва аҳоли билан учрашувлар ташкил этиш, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоя ва лойиҳаларини ишлаб чиқишда, зарур ҳужжатлар ва материалларни тайёрлашда ҳамда расмийлаштиришда кўмаклашиш каби вазифалар топширилмоқда. Бу каби омиллар ёшларнинг бандлигини таъминлаш билан бирга соҳанинг янада тараққий этишига олиб келади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига оладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашда муҳим дастурамал бўлиб хизмат қилади.

 

Козим ТОЖИЕВ,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси,

Ёшлар масалалари бўйича комиссия раиси


Кўришлар сони: 152

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2018
Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати: Ўзбекистон тажрибаси — экспертлар нигоҳида

Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда...

14.07.2018
Депутатлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида мамлак...

11.07.2018
Олмазорнинг ҳар бир маҳалласида тадбиркорлик ривожланади

Бугун мамлакатимизни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари, кичик бизнес ва хусусий ...

Тадбирлар тақвими