Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Акмал РАҲМОНОВ:Тинчликни қадрлаган ва аждодлар хотирасини улуғлаган халқ асло кам бўлмайди

Акмал РАҲМОНОВ:Тинчликни қадрлаган ва аждодлар хотирасини улуғлаган халқ асло кам бўлмайди

Дунёда халқлар кўп. Аммо Ўзбекистондек азалдан тинчликни қадрлайдиган  ва бағрикенг халқ топилмаса керак. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини эшитган ва ўқиган ҳар бир одам бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилади. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида Ўзбекистон ўзининг бағрикенг халқи билан тинчликсевар сиёсат юритиш орқали миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш тамойилларини амалга ошириш позициясида доимо мустаҳкам туриб келаётгани лекин, зарур бўлса, биз мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига таҳдид соладиган ҳар қандай уринишларга қарши кескин зарба беришга қодир эканлиги тўғрисидаги принципиал жиҳатдан ғоят муҳим бўлган фикрларни билдиради.

Куни кеча мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш кунининг ўзгача кўтаринки руҳ билан кенг нишонлангани, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий ва маънавий рағбатлантирилиши улкан ижтимоий-сиёсий ва тарбиявий аҳамиятга эгадир.

Президентимиз ўз нутқида биринчи навбатда фахрийларимизга мурожаат қилиб, “Сиз, азизларни биз фашизмга қарши мардона курашган, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, Ватанимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, деб биламиз ва сизлар билан чексиз фахрланамиз. Сизларнинг бугун орамизда мана шундай нуроний бўлиб, дуогўй бўлиб юришларингиз биз учун, албатта, катта бахт, катта давлатдир” деган сўзлари ушбу дориломон кунларга етишимизга улкан хисса қўшган инсонларни эъзозлашнинг чинакам намунасидир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонини қабул қилиниши ва унда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобидан беш миллион сўм миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишининг белгиланганлиги ҳам бу борадаги амалий ишларнинг тизимли йўлга қўйилганидан далолат беради. Кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг ижтимоий таъминоти, тиббий хизматдан фойдаланиши, маиший шароитларини яхшилаш, ҳурматли фахрийларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эъзозлаш ва ардоқлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолади. 

Айтилганидек, фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотирасини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз. Айни вақтда мустақил Ватанимиз озодлиги, эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимизнинг номларини ҳам ҳурмат ва эҳтиром билан эсга оламиз. Уларнинг оила аъзолари, фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз, деб биламиз деган сўзлари катта аҳамиятга эга.

Биринчидан, халқимиз бошига қандай оғир азоб-уқубат ва талафотлар, беҳисоб қурбонлар келтирган Иккинчи жаҳон урушидек инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғиннинг яна такрорланмаслигига ундайди, иккинчидан, бугунги кунда мамлакатимиз мустақиллиги, давлат сувренитетини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, мудофаа қудратимизни оширишга қаратилган фаолиятимизни кучайтиришга, учинчидан ёш авлодиҳларимизни фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги руҳида тарбиялаш самарадорлигини оширишга, энг муҳими шундай улуғ тинчликсевар ғоялар атрофида халқимизни бирлаштиришга хизмат қилади.

Ҳар қандай уруш бу талофот. Агар уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 500 мингдан зиёди фронтга сафарбар этилган. Бу ўша пайтдаги халқимизнинг 22 фоизини, меҳнатга яроқли аҳолининг эса 40-42 фоизини ташкил этганини, ўзбекистонлик жангчилардан 500 мингдан кўпроғи – фронтга сафарбар этилганларнинг ҳар учтасидан бири ҳалок бўлгани, 60 мингдан ортиқ ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтганини ҳар биримиз ўз юрагимиздан, қалб ва тафаккуримиздан ўтказиб хис этишимизни талаб этади.

Бундан ташқари ўша уруш йилларида Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланиб, саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилган, барча имкониятлар фронт учун, ғалаба учун сафарбар этилган. Халқимиз томонидан уруш даврида фронтга 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғ, юзлаб ҳарбий-санитария поездлари, дала ошхоналари, палаткалар, жуда катта миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилган.

Ўзбекистон уруш туфайли уй-жойи, ота-онаси ва қариндошларидан ажралган, фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган қарийб 1 миллион кишини, шундан 200 минг нафар болаларни ўз яқинларидек кутиб олган. Халқимизга хос ана шундай буюк инсонпарварлик юксак маънавий жасорат намунаси сифатида бутун дунёда эътироф этилган.

Буларнинг барчаси мустақил мамлакатмизнинг мусаффо осмони остида туриб, ҳар биримиз тинч ва озод ҳаётнинг қадрини, аҳамиятини янада чуқур ҳис этишга чақиради. Лекин, минг афсуски, дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ўчоқлари кўпайиб бормоқда. Шундай мураккаб даврда тинчлик учун кураш чиндан ҳам энг долзарб вазифага айланмоқда. 

Ҳозирги даврда Ўзбекистонда яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни кучайтириш, минтақамизда дўстлик ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлаш бўйича, жумладан, қўшни Афғонистонда салкам 40 йилдан буён давом этаётган можарони тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги улкан ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Кейинги қисқа давр ичида Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар, шунингдек АҚШ, Россия, Хитой, Туркия ва Жанубий Корея давлатлари билан глобал ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал этиш, ўзаро манфаатли алоқалар сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилгани халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Шу билан бирга, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаш, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик каби хатарларга қарши курашиш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириб, тинчлик ва хавфсизлик йўлида олис ва яқин давлатлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича сайъйи ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Қисқа давр ичида юртимизда давр талаби ва жаҳон андозаларига жавоб берадиган Қуролли Кучларни барпо этиш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, барқарор ва изчил демократик тараққиётимизнинг ишончли кафолати бўлган миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ва моҳиятан улкан ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг янгиланган Мудофаа доктиринасининг ишлаб чиқилгани, унга мос равишда мудофаа соҳасидаги қонунларимизнинг  такомиллашуви, бир қатор халқаро шартномаларнинг ратификация қилингани бу борадаги мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни шакллантирилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнларининг йил сайин жадаллашиб бориши, ҳозирги замонда вазиятнинг шиддат билан ўзгариши, сиёсий ва иқтисодий кучлар жойлашувида рўй бераётган ўзгаришлар, минтақада ҳамда Ўзбекистоннинг ёнгинасида таҳдидларнинг, террорчилик кўринишидаги хавфхатарлар ва кескинликнинг кучайишини эътиборга олиб, давлатимиз томонидан халқаро, минтақавий ва мамлакат миқёсидаги воқеликка ўз вақтида ва муносиб жавоб қайтариш масалаларига алоҳида урғу бераётгани бежиз эмасдир.

Зеро, ҳар қандай давлатнинг асосий функцияси – мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, уни ташқи хавф-хатарлардан самарали ҳимоя қила олишидир. Давлат суверенитетини, хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминламай туриб, ўзининг стратегик мақсадларига эриша олмайди, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва бошқа функцияларини бажара олмайди. Кучли давлат тузуми, аввало, мамлакатнинг мудофаа қобилиятига суянади. Ана шу боис, бугунги кунда ушбу мақсад ва вазифаларини ифода этувчи, ўзига хос усул ва шакллар билан бошқарув фаолияти самарадорлигини ошириш, умумий хавфсизликни таъминлашнинг стратегик мақсадлари, вазифалари, соҳалари аниқ белгиланган концептуал ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилмоқда.

Чунки, янги — жаҳон миқёсида вазият тез ўзгариб турган ҳозирги кунда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни, барқарор тараққиётни янада мустаҳкамлаш асосий вазифаларимиздандир.

Шу ўринда Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилиб, том маънода умумхалқ муҳокамаси асосида қабул қилинган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган ўта муҳим ҳаётий аҳамиятга эга чора-тадбирлар ўз моҳият эътиборига кўра бир томондан, замонавий ислоҳот ва янгиланишлар объекти бўлса, иккинчи томондан, халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида демократик ислоҳотларга чинакам ҳуқуқий пойдевор, фуқаролар тинчлиги, фаровонлиги ва миллий тотувлигига кафолат бераётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, ушбу улкан тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳужжат дунё сиёсий харитасидан қатъий ўрин топган суверен демократик давлат – Ўзбекистон Республикасининг яқин беш йилга мўлжалланган тараққиёт йўли харитасини қонунлаштириб берди. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Стратегия – бу иш кабинетидаги фикрлар ҳосиласи эмас. Бу ҳужжат лойиҳаси халқ томонидан маъқулланган, жамоатчилик муҳокамасидан ўтган, бу муҳокамалар давомида минглаб таклифлар ва янги ташаббуслар берилган ва уларнинг бир қисми якуний таҳрирга қўшилган”. Албатта ҳаёт давом этар экан, мамлакатнинг истиқболдаги ривожи таъминланиши учун олдимизга кўплаб вазифалар қўйилди. Шу боис, бу ҳужжат дастури давлат қурилиш соҳалари, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни, иқтисодий ўсиш барқарорлигини таъминловчи таклифлар, ижтимоий соҳалар ривожи, мамлакат хавфсизлигини ва ташқи алоқалар ривожини таъминлаш чораларини қамраб олган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини ҳар томонлама ўрганиб, уни ёшларимиз онгига сингдириш, шиддат билан ўзгараётган бугунги дунёда миллий хавфсизлигимизни таъминлаш нафақат ён-атрофимизда юз бераётган жараён ва ҳодисаларга муносиб жавоб бериш, балки улар салбий оқибатларининг ўз вақтида олдини олиш, юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий хавф-хатарларни олдиндан кўра билиб, тегишли эҳтиёт чораларини ишлаб чиқиш ва таҳдидларни бартараф этишни тақозо этмоқда.

Бу ёруғ оламда ягона ва тенгсиз бўлган она юртимиз, Ўзбекистонимизни улуғлаш, уни кўз қорачиғидек асраш, шаъну шарафини ҳимоя қилиш ва юксалтириш, шу олий мақсад йўлида фидо бўлиб яшаш бизнинг муқаддас инсоний бурчимиздир. Тинчлик ҳаёт, тинчлик – меҳнат, тинчлик ободлик дегани. Шундай экан бизнинг тинчлик дарахтимиз мангу гуллайверсин.

 

 

Акмал РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари

қўмитаси раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 154

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.05.2018
“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай...

25.05.2018
Тиббий хизмат сифати, ичимлик суви таъминоти аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган муаммо сифатида ўрганилмоқда

Дастлабки уч кунда депутатлар 750 та хонадонда бўлиб, икки мингга яқин аҳоли билан мулоқот қилдилар....

25.05.2018
Зоминдаги учрашувларда аҳолини ўйлантираётган муаммолар бартараф этилди

Олий Қонунчилик палатаси депутати Зулайҳо Акрамова Зомин туманидаги “Пишағор”, “Даштобод” қишлоқ фуқ...

Тадбирлар тақвими