Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шухрат ЯКУБОВ: Давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг янги босқичи

Шухрат ЯКУБОВ: Давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг янги босқичи

Ўзбекистонда ҳозирги кунда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Агар 1991 йилда улар сони 95 тани ташкил этганини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич бугунги кунга қадар қарийб тўқсон баробар ортганини кузатиш мумкин.

Бундай демократик институтлар аҳоли турли қатламлари, хусусан, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, спортчилар, фермерлар, ижодкорлар ва бошқалар манфатларини ҳимоя қилишда давлат органлари билан ижтимоий шериклик қилмоқда. Лекин, уларнинг фаолиятини ислоҳ қилиш ҳам бугунги куннинг зарурати ҳисобланади.

Айниқса, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар бундай демократик институтлар фаолиятига ҳам янгича мазмун олиб киришни тақозо этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, жорий йил 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Мазкур Фармон ўз моҳиятига кўра, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг мазмун жиҳатидан янги босқичига мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади. Чунки, унда давлат томонидан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини янада кучайтиришнинг энг муҳим йўналишлари белгиланган.

Аввало, мазкур соҳада ҳозирча фойдаланилмаган имкониятлар, айрим муаммоли ҳолатлар еттита йўналишда ёритиб берилган. Улар давлатнинг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали мулоқоти йўлга қўйилмагани, жамият ҳаётидаги муҳим жараёнларга нодавлат ташкилотларини жалб этиш даражаси пастлиги, ижтимоий шериклик механизмларининг самарали ишламаётгани, аҳолини ташвишга солаётган муҳим муаммоларни ҳал этилишида нодавлат ташкилотларининг иштироки етарли эмаслиги, нодавлат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишдаги ортиқча бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги, давлат органлари томонидан нодавлат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ҳамда улар билан ҳамкорлик қилиш учун самарали тизим яратилмаганлиги каби омиллардан иборатдир.

Фармондаги энг асосий масала, мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий амалиётида илк бор Президент билан нодавлат ташкилотлари ўртасидаги мулоқотни жорий этиш учун янги Кенгаш ташкил этилганидир.

Бу янги тузилма – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши, деб номланади ҳамда унинг таркиби давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакилларидан иборат бўлади. Улар жамият ҳаётидаги энг муҳим масалалар, мамлакатда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини юксалтириш орқали фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид масалаларни муҳокама қиладилар.

Шунингдек, Кенгаш кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, улар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентини мунтазам равишда хабардор қилиш, давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлигининг замонавий механизмларини, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларини жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш, мазкур йўналишда тадқиқотларни амалга ошириш, жамоатчилик фикрини, хориж тажрибасини ўрганиш асосида янги механизмларни жорий этиш фаолияти билан бирга, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича Президентга таклифлар киритиб боради.

Умуман, мазкур янги Кенгаш мамлакатимиз сиёсий ҳаётини янада демократлаштиришга, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Шунингдек, Фармон орқали яна бир қатор янгиликлар жорий этилди. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг эркинлигини таъминловчи янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш масаласи қайд этилди. Бунда уларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш, уларни назорат қилишдага ортиқча тўсиқларни олиб ташлаш эътиборга олинган.

Юқоридагилар билан бирга, давлат органларида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни ташкил этиш билан шуғулланадиган янги лавозим жорий этилиши, ҳудудларда ҳам нодавлат ташкилотлари уйлари, уларнинг қўллаб-қувватлаш фондларини ташкил этиш каби янгиликлар жорий этилмоқда.

Фармонда эътибор қаратилиши лозим бўлган яна бир муҳим янгилик шундаки, у махсус мукофот ташкил этилиши билан боғлиқ. Хусусан, мамлакатда нодавлат нотижорат секторини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган жамоат тузилмалари вакилларига ҳамда ташаббускор фуқароларга фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун тақдим этиладиган “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилиши қайд этилди.

Умуман, мазкур Фармоннинг амалга татбиқ этилиши, Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг самарали мулоқотини ташкил этишга, “учинчи сектор” фаолиятини янги босқичга кўтариш орқали аҳоли турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга имкон яратади.

Шухрат ЯКУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик 

палатаси депутати


Кўришлар сони: 886

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.08.2018
НОРМА ИЖОДКОРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ АМАЛДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 8 августда қабул...

15.08.2018
Қуйи палата қўмиталарида Давлат бюджети ижроси муҳокама этилди

Қайд этилганидек, Ҳаракатлар стратегиясининг тизимли амалга оширилиши юртимиз иқтисодиётида таркибий...

15.08.2018
ЎзЛиДеП фракцияси Давлат бюджетининг ижросини қандай баҳолади?

2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида кўчмас мулк объектларини ва ер майдонларини ялпи хатловд...

Тадбирлар тақвими