Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ойбек ЖУМАЕВ: Мамлакатимиз манфаатларини илгари суриш ва фаол ташқи сиёсат юритиш – устувор вазифа

Ойбек ЖУМАЕВ: Мамлакатимиз манфаатларини илгари суриш ва фаол ташқи сиёсат юритиш – устувор вазифа

Барчамизга яхши маълумки, мамлакатимизда Ўзбекистон Республика-сини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсад ва вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Жаҳон ҳамжамияти мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихидаги тинчликсевар ташқи сиёсати ўзаро ишонч, яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва очиқлик тамойиллари асосида изчил амалга оширилаётганлигини эътироф этмоқда. 

Мустақил ва фаол ташқи сиёсат юритиш  миллий давлатчилигимиз тараққиётида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожланишига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлашга ҳамда Ватанимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.     

Шу сабабли, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 январида Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишдаги нутқида – “Бугунги кунда ҳаётнинг ўзи барча соҳалар каби ташқи сиёсат йўналишидаги фаолиятимизни ҳам танқидий қайта кўриб чиқишни, Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналаримиз, бутун дипломатик корпусимиз ишини янгича ташкил қилишни талаб этмоқда” деб таъкидлаб ўтган эди.   

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармони мамлакатимиз манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли фаол ташқи сиёсатни юритиш йўлида ташланган муҳим қадам бўлди. 

Албатта, кейинги бир ярим йил ичида мустақил давлатимизнинг ташқи сиёсати борасида сифат жиҳатидан янги ва салмоқли ишлар амалга оширилганлигини  фахр билан эътироф этиш ўринлидир. Мамлакатимиз  етакчи хорижий давлатлар, аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аниқ натижаларга эришди.  Бўлиб ўтган кўплаб олий даражадаги ташриф ва учрашувлар, қатор долзарб муаммоларнинг ечимини топишга қаратилган янги шартнома ва келишувлар принципиал жиҳатдан янги мазмундаги ҳамкорлик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди. Ўтган 2017 йил давомида хорижий шерикларимиз билан 200 дан ортиқ халқаро шартномалар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қиймати қарийб 60 миллиард долларлик келишув ва битимлар имзоланганлиги ўзаро ҳамкорликка қаратилган фаол ташқи сиёсатимизнинг дастлабки натижалари бўлди.

Мазкур фармонда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини ислоҳ этишнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди.

Вазирлик ва мамлакатимизнинг хориждаги муассасалари фаолияти  норматив-ҳуқуқий асосларини “иқтисодий дипломатия”ни ривожлантиришга урғу берган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, республиканинг ягона ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишда Ташқи ишлар вазирлигининг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш,

мамлакатимиз маҳсулотлари, ишлари (хизматлари) экспортини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, инвестициялар, илғор технологиялар ва туристлар оқимини республикамизга жалб этишга йўналтирилган янгича ёндашув ва усулларни жорий этиш каби устувор вазифалар иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига ҳамда халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.   

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки,  фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалда ҳимоя қилинишини таъминлаш механизмларини шакллантириш ва амалга ошириш, хориждаги ватандошларимиз билан ҳар томонлама мулоқотни қўллаб-қувватлаш, уларни савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ижтимоий лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишга фаол жалб қилиш Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.  

Шунингдек, дипломатик кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунадиган мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази сифатида қайта ташкил этилганлиги жаҳондаги илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганиш учун ушбу соҳага замонавий билимларга эга ёшларни кенг жалб этиш имкониятини яратади.   

Ишончимиз комилки, глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечаётган ҳозирги даврда мамлакатимиз манфаатларини илгари суриш ҳамда фаол ташқи сиёсат юритиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимининг ислоҳ этилиши республикамизнинг барқарор ривожланишини таъминлашга ва Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Ойбек ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 92

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.04.2018
Қўмита фуқароларнинг пенсия таъминоти масалаларига мутахассислар эътиборини жалб қилди

Давра суҳбатида келтириб ўтилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда Пенсия жамғармаси тизимида 3,3...

18.04.2018
Қонун лойиҳаси юзасидан депутатларни ўйлантирган саволлар муҳокама этилмокда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонунлар, жумладан Ўзбекистон Ре...

17.04.2018
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 40 та депутат сўрови юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан брифинг ўтказилди. Унда фракциянинг...

Тадбирлар тақвими