Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Акмал РАҲМОНОВ: Давлат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий ҳужжат

Акмал РАҲМОНОВ: Давлат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий ҳужжат

Демократик ривожланиш йўлидан бораётган ҳар қандай давлат мавжуд конституциявий тузуми, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳамда давлатнинг бошқа манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишга, мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлашга қодир, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш, яъни давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш функциясини бажариш учун махсус яратилган давлат органлари – ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимига эга бўлади.

Зеро, давлат тузилмаси ва давлат чегаралари дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оғишмай риоя этиш, жамиятдаги миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, тинчлик ва осойишталик – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг ҳамда мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Ана шу маънода, жорий йилнинг 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонун айни шу мақсадларга хизмат қилади. Айтиш керакки, мазкур Қонун 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат Дастурининг 63-бандида белгиланган вазифалар доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг фаолиятини тартибга солишга йўналтирилган.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Биз ҳар қайси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи бевосита ўз фаолияти доирасидан чиқмайдиган, бир-бирининг функциясини такрор этмайдиган тизим шакллантиришимиз шарт”  дея алоҳида таъкидлаган эди.

Шуни эътироф этиш жоизки, мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига ҳамоҳанг. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизмнинг тарқалишига ҳамда уларнинг глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда. Айнан шу нуқтаи назардан ва глобаллашув даврининг барча таҳдидларини инобатга олган ҳолда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда фаровон ҳаёти кафолатларини янада мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий пойдевор яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони тарихий аҳамиятга эга бўлиб, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги тизимини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратди.

Хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, Буюк Британия, Германия, Польша, Португалия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Россия, Украина, Беларусь, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистонда ва қатор бошқа мамлакатларда хавфсизлик органларининг фаолияти масалалари қонунлар билан комплекс тартибга солинган, ушбу органларнинг тизими ва тузилмаси, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ваколатлари, фаолиятининг асосий принциплари, жисмоний куч ва бошқа воситаларни қўллаш чегаралари, хавфсизлик органларида хизматни ўташ тартиблари, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси масалалари ҳамда бошқа масалалар аниқ белгиланган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, хавфсизлик хизмати органларининг фаолиятини ислоҳ қилиш мақсадида, Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан, шунингдек ушбу соҳадаги илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланиб, қабул қилинди.

Қонун бир қатор ўзига хос жиҳатларга эга бўлиб, Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий вазифалари, йўналишлари ва принциплари мустаҳкамлаб қўйилди.

Хусусан, асосий вазифалар сифатида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва давлат манфаатларини ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш, қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, шунингдек Давлат хавфсизлик хизмати ваколатига киритилган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва барҳам бериш, фаолиятнинг асосий принциплари сифатида қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ҳурмат қилиш, фуқароларнинг ёрдамига таяниш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси масалаларининг устуворлиги, ягоналик, мустақиллик, конспирация белгиланди.

Давлат хавфсизлик хизмати органлари тизими, унинг фаолиятини ташкил этиш шарт-шароитлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги ҳамда органнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ваколатларининг аниқ тартибга солинди.

Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати         ҳарбий хизматчилари томонидан жисмоний куч, махсус кучларни ва воситаларни, ўқотар қуролни қўллаш, улар томонидан ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш, шунингдек, Давлат хавфсизлиги хизматининг ҳарбий хизматчилари, уларнинг ҳуқуқий ҳолати ва ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазаси масалаларига оид нормалар ўз аксини топган. Давлат хавфсизлиги хизматининг ахборот, молиявий ва моддий-техник таъминотига оид моддалар мустаҳкамлаб қўйилди.

Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига мос ҳолда қабул қилинган қонун Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишини таъминлашга хизмат қилади.

Акмал РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 Мудофаа ва хавфсизлик масалалари

 қўмитаси раисининг ўринбосари


Кўришлар сони: 1554

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.09.2018
Қонунларга киритилаётган ўзгартишлар фуқароларнинг манфаатини ёқлашга, фаоллигини оширишга қаратилди

Киритилаётган ўзгартишларга кўра,  турар жой мулкдорининг оила аъзоси деб эр-хотиннинг ота-онаси,...

21.09.2018
Энергиядан оқилона фойдаланиш масаласи муҳокама марказида

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда муҳандислик коммуникацияларнинг эскириши ва қониқарсиз...

21.09.2018
Илм-фан иқтисодиёт реал секторига наф беряптими?

Ахборотларда қайд этилишича, инновациявий ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш ...

Тадбирлар тақвими