Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ислом ЗОКИРОВ: Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасининг ҳуқуқий асослари янгиланмоқда

Ислом ЗОКИРОВ: Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасининг ҳуқуқий асослари янгиланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 5 январда “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини янги таҳрирдаги лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Уни иккинчи ўқишга тайёрлаш ва маромига етказиш бўйича ишчи гуруҳи томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Бу хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ислом Зокиров батафсил маълумотлар беради. 

Қонунни янги таҳрирда қабул қилишнинг зарурати

Мамлакатимизда тинчлик-осойишталик таъминланиб, улкан бунёдкорлик ишлари, катта тизимли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда, аҳоли сонининг йилда-йилга ортиб бориши, мамлакат иқтисодий тараққиётини таъминлаш, ўз навбатида, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини диққат марказимизда бўлиши кераклигини тақозо этади.

Қолаверса, замон шиддат билан ўзгаряпти, қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳам бундан 20-30 йил аввалги қарашларимиз ҳозирга тўғри келмайди. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилганидек, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш орқали мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қолаверса, экспорт салоҳиятини ошириш билан иқтисодиётни тараққий этишига хизмат қилиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш агротехнологиясини тизимли ривожлантиришни тақозо этади. Чунки соҳага доир амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатлари бундан қарийб 20 йил аввал, ўша давр талабидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.

Қонунчилик палатасидаги Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан 2016 йилда ушбу қонуннинг ижросини назорат таҳлил тартибида жойларда ўрганилганда ҳам, унинг нормалари амалиётда тўлиқ ишламаётганлиги, ҳаволаки нормалар ва бўшлиқларнинг кўплиги уни янги таҳрирда қабул қилиш лозимлиги қайд этилган эди.

Демак, энди соҳага замон талабидан келиб чиқиб қараш, яъни мутасадди вакиллар билангина эмпас, балки комплекс ёндашув тақозо этилмоқди. Шундай экан, соҳа вакиллари билан бир қаторда, маҳаллий давлат ҳокимликлари, нодавлат, нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек фуқаролар ҳам бирдек масъуллигини қонун билан белгилаш вақти етди.

Айниқса, мазкур соҳа учун Президентимизнинг алоҳида Фармон ва Қарорлари ҳам қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, реализация қилаш борасида ягона тизим яратиш мақсадлари илгари сурилган.

Мана шу таъкидланганларнинг барчаси таклиф этилаётган қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга асос бўлган.

Амалдаги қонун билан бугун тақдим этилаётган лойиҳа ўртасида жиддий  фарқлар мавжуд 

Маълумки, қонунчилик амалиётида, амалдаги қонуннинг 30% ва ундан ортиқ қисми ўзгарса, у янги таҳрир ҳисобланади. Қонуннинг амалдаги таҳрири 28 моддадан иборат  эди. Янги таҳрирда 34 модда, яъни 6 та янги модда киритиляпти. Шунингдек, қонун лойиҳаси фақат моддалар билан эмас, балки бобларга ажратилган ҳолда ишлаб чиқилган (5 та бобдан иборат). Шунингдек, амалдаги таҳрирда ҳаволаки нормалар 8 та эди, улар қисқармоқда ва тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар киритилмоқда.

Масалан, давлат сиёсати нималардан иборат бўлиши керак? Бу жуда муҳим. Бугунги қонунчилик амалиётида барча қонунларимизда айни соҳани фаолияти бўйича давлат сиёсатининг йўналишлари белгилаб қўйилмоқда. Қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи саналган ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасига бугун давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Шундай экан,  мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қонун даражасига кўтарилаётганлиги соҳанинг нечоғлик аҳамиятли эканлигидан далолат беради. Яъни, бундан буён мамлакатда ўсимликларни ҳимоя қилиш борасида:

    - ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва техник шарт-шароитлар яратиш;

    - давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

    - ўсимликларни ҳимоя қилишга оид талабларга риоя этилишини давлат томонидан назорат қилиш;

    - соҳадаги илмий ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш;

    - соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, амалдаги қонунда 4 тагина ваколатли органлар белгиланиб, уларнинг ваколатлари умумий тарзда ифодаланган бўлса, таклиф этилаётган таҳрирда эса ваколатли органлар сони 10 тани ташкил этади. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,  Давлат кимё комиссияси,  Давлат санитария-эпидемиология хизмати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, махсус ваколатли хўжалик бошқаруви ташкилоти, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколат ва вазифалари аниқ белгиланяпти.

Шунингдек, қонунда акс этиши лозим бўлган асосий тушунчалар салмоғи ҳам кўпайяпти. Аввал 7 та асосий тушунча бўлса, яна 6 та асосий тушунча янги лойиҳага киритиляпти.

Қонун лойиҳаси орқали киритилаётган принципиал янгиликлар

Қонун лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳатларидан бири, унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари иштироки белгиланмоқда (13-модда). Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда жамиятимиз тараққиётида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари иштироки алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шунга мувофиқ, қонуннинг янги таҳририда ушбу органларнинг соҳага алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши, кўмаклашиши ва тадбирларда бевосита иштирокига оид нормалар киритилмоқда.

Энг муҳим принципиал янгиликлардан яна бири, янги таклиф этилаётган қонун лойиҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича норма киритилмоқда (13-модда). Унга кўра, қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назорати амалга оширилади.

Амалдаги қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбуриятлари белгиланган эди. Янги таҳрирда эса уларнинг ҳуқуқлари (14-модда) ҳам алоҳида киритилиши мамлакатимизда қонун устоворлигини таъминлаш билан бирга, фуқаролар манфаатларининг ҳуқуқий кафолатлари янада мустаҳкамланиб бораётганлигидан далолатдир.

Қонуннинг аксарият моддалари таъсирчанлиги билан аҳамиятли 

Масалан, қонуннинг қабул қилиниши билан рўйхатга киритилмаган, белгиланган тартибда илмий муассасалар синовларида биологик самарадорлигини, токсикологик ва экологик хусусиятлари ўрганилмаган, инсон ва атроф-муҳитга зарарли таъсирлари бўлган кимёвий воситаларни қишлоқ хўжалик махсулотлари ишлаб чиқарувчилар томонидан қўллаш таъқиқланиши белгиланяпти.

Қабул қилинаётган қонуннинг амалий аҳамияти 

     - давлат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш; 

     - ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштириш;

     - ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг инсон соғлиғига, атроф табиий муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш, қулай фитосанитар вазиятни таъминлаш;

     - ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш ва шу орқали ўсимликларни ҳимоя қилиш тизими сифатини яхшилаш;

     - қонунни қўллаш амалиётида юзага келаётган муаммоларни, қонун ҳужжатларида мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга эришилади.

Янги таҳрирдаги қонуннинг тадбиркорларик соҳасида ҳам алоҳида аҳамиятли томонлари бор. Масалан, рўйхатга киритилган кимёвий воситаларни барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан белгиланган тартиб асосида республикага олиб кириш, сотиш ва сервис хизматлари кўрсатишига эркинлик берилмоқда. Шунингдек, бундан буён маҳаллий корхоналар техник шартлар асосида кимёвий воситаларни эркин ҳолда ишлаб чиқариши, реализация қилиши ҳамда экспорт қилиши мумкин.

 


Кўришлар сони: 1320

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.07.2018
Олий Мажлис қуйи палатасининг айрим қўмиталари таркиби ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг яқинда бўлб ўтган навбатдаги мажлисида...

17.07.2018
Фаолиятда самара ва изчиллик – энг муҳим талаб

Ҳисобот даврида фракция аъзоларига сайловчилардан 564 та ёзма, 1205 та оғзаки мурожаатлар...

16.07.2018
Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати: Ўзбекистон тажрибаси — экспертлар нигоҳида

Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда...

Тадбирлар тақвими