Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қодир ЖЎРАЕВ: Тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

Қодир ЖЎРАЕВ: Тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти турли қитъада жойлашган ва турли сиёсий табиатга эга бўлган давлатлар ўртасидаги ўзаро узвий ҳамкорликни йўлга қўйишга бел боғлаган, жаҳонда тинчлик ва барқарорликни қарор топтириш ва мустаҳкамлашга интилаётган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. Бугунги кунда БМТ дунёда кечаётган муҳим сиёсий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш, минтақавий можароларни бартараф этиш, табиий офатларнинг олдини олиш, камбағалликка қарши курашиш, ривожланишга кўмаклашиш каби кенг қамровли муаммоларни ҳал этиш йўлида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон БМТга 1992 йилнинг 2 мартида аъзо бўлиб кирди. Халқимиз орзуси ушалган ушбу кундан бошлаб юртимиз байроғи мазкур ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи пештоқида мағрур ҳилпираб турибди. Айнан шу санадан эътиборан мамлакатимиз глобал ва минтақавий муаммоларнинг муҳокамасида ҳамда муҳим халқаро қарорларни қабул қилиш жараёнида бевосита қатнашиш имкониятига эга бўлди.

Ўтган даврда Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорлик қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб олди. Ҳозирда мамлакатимизнинг БМТ оиласига кирувчи ташкилотлар билан ўзаро алоқалари тобора чуқурлашиб бораётгани эътиборга молик. Чунончи, БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ ҳамкорлигида болалар саломатлигини асраш, улар орасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эмлаш, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

Биз учун БМТнинг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган ташкилоти — ЮНЕСКО билан ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мазкур ташкилот дунё мамлакатларида фан, таълим, маданиятни ҳар томонлама ривожлантириш орқали инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб келаяпти.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида самарали алоқалар йўлга қўйилган. Чунончи, бир қатор қадимий шаҳарларимиз ва буюк аждодларимизнинг юбилей тадбирлари мазкур халқаро ташкилот билан биргаликда кенг нишонланмоқда. Анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро фестивали бунга яққол мисолдир. Яна бир диққатга сазовор жиҳати, Ўзбекистон Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича халқаро конвенцияни ҳам ратификация қилган. Шу асосда Наврўз байрами, “Катта ашула” қўшиқлари, Бойсун тумани фольклори, “Шашмақом” миллий мумтоз мусиқа асарлари Инсониятнинг номоддий мероси рўйхатидан ўрин олди ва ноёб дурдоналар сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳудудидаги тўрт мингдан зиёд моддий-маънавий обидалар Бутунжаҳон маданий меросининг ноёб намуналари сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон БМТнинг низомий, ёрдамчи ва конвенциявий ташкилотлари билан инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу йўналишда мамлакатимиз 80 дан ортиқ ҳужжатлар билан бирга, олтита асосий битимга қўшилди. Мамлакатимиз ушбу ҳужжатлар доирасида ўзининг халқаро мажбуриятларини изчил равишда бажариб, улардаги энг муҳим нормаларнинг миллий қонунчилигимизга имплементация қилинишига катта эътибор қаратаяпти.

Шу ўринда БМТнинг 2015 йилда 193 давлат вакиллари иштирок этган олий даражадаги Саммитида эълон қилинган Барқарор тараққиёт мақсадларига алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқ. Таъкидлаш жоизки, республикамизда Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда бир қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда таълим сифатини кучайтириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва фаоллигини ошириш, болалар ўлимини камайтириш, оналар соғлиғини яхшилаш, турли юқумли ва хавфли касалликларнинг олдини олиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасида ижобий натижаларга эришилаяпти. Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистон йиллик давлат бюджети харажатларининг салкам 60 фоизи ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун сарфланаётгани эса алоҳида эътиборга моликдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга қаратилгани билан БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла ҳамоҳангдир. Унда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг изчил ижроси бизни олдимизга қўйган улуғ мақсад — буюк келажак сари янада яқинлаштиради.

Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи Ўзбекистон — БМТ муносабатларининг янги босқичини бошлаб берди. Дунё жамоатчилиги диққатини тортган ушбу маърузада Президентимиз, энг аввало, мамлакатимизда мустақиллик йилларида барча соҳада чуқур ислоҳотлар амалга оширилгани, Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантириш йўлида изчил саъй-ҳаракатлар рўёбга чиқарилаётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, халқаро аҳамиятга эга бўлган бир қатор долзарб вазифаларга эътибор қаратди. Айниқса, ёшлар масалаларига алоҳида урғу бериб, глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Президентимиз томонидан билдирилган таклифлар халқаро жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Ушбу тарихий маъруза бугунги кунда минтақа давлатлари, қолаверса, дунё аҳлини ташвишга солаётган турли глобал муаммолар ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишлангани билан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбарининг қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёр эканлиги борасида билдирган қатъий позицияси жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланди ва қўллаб-қувватланди.

Умуман олганда, ўтган даврда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаол аъзоларидан бирига айланди, десак асло янглишмаймиз. Зеро, 26 йилдирки, мамлакатимиз ушбу халқаро ташкилот билан узвий ҳамкорлик қилиб, дунёда ва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларимиз, дадил ташаббусларимиз бардавом бўлади.


Қодир ЖЎРАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 1841

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.09.2018
Ўзбекистон-Туркия: Парламент ҳамкорлиги тобора кучаймоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон Туркия билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий...

21.09.2018
Қонунларга киритилаётган ўзгартишлар фуқароларнинг манфаатини ёқлашга, фаоллигини оширишга қаратилди

Киритилаётган ўзгартишларга кўра,  турар жой мулкдорининг оила аъзоси деб эр-хотиннинг ота-онаси,...

21.09.2018
Энергиядан оқилона фойдаланиш масаласи муҳокама марказида

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда муҳандислик коммуникацияларнинг эскириши ва қониқарсиз...

Тадбирлар тақвими