Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қувондиқ ЖУМАНИЁЗОВ: Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш — бугуннинг долзарб вазифаси

Қувондиқ  ЖУМАНИЁЗОВ: Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш — бугуннинг долзарб вазифаси

Халқимиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик билан муносабатда бўлади. “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, “Фарзанд азиз, одоби ундан азиз” деган нақллар замирида ҳам уларнинг тарбияси нечоғли муҳим эканлиги ифодаланган.

Ушбу жиҳатлар бугун давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда ҳам ўз ифодасини топаётганлиги янада эътиборлидир.

Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан фарзандларни болалар боғчасига қамраб олиш, улар учун замонавий мактабгача таълим муассасалари бунёд этишга оид ислоҳотлар ота-оналар, кенг жамоатчилик томонидан мамнуният ила қабул қилинди. Бинобарин, Юртбошимиз раислигида 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши  ўтказилгани бу борадаги ишларнинг қанчалик долзарб эканлигини тасдиқлайди.  

Давлатимиз раҳбари ёш авлод тарбиясининг биринчи ва муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2017 йил 16 август ва 19 октябрь кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда мазкур масала атрофлича муҳокама қилинган эди. 2017 йил 30 сентябрда Президентимиз томонидан “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида ва ҳудудларга ташрифлари чоғида ўтказилган мажлисларда ҳам бу борада кўплаб вазифалар белгилаб берилди. 

Йиғилишда жойлардаги мактабгача таълим муассасаларининг аҳволи, соҳадаги ишларни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев тизимни чуқур таҳлил қилиб, шу пайтгача назардан четда бўлган энг кичик жиҳатларгача эътибор қаратди.

Бугун ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, фуқароларнинг мактабгача таълим тизимига бўлган қизиқишларининг юқорилиги, соҳада давлат ва хусусий секторнинг уйғунлашуви, мактабгача таълим тизимидаги туб ўзгаришлар болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб улғайишига хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида ҳам таъкидланганидек, 2017 йилда янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада  107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди.

2018 йил 1 январдан бошлаб, 5 йил давомида инвестиция шартларини бажариш шарти билан  “ноль” қийматида биноларнинг берилиши ҳамда хусусий инвесторларнинг ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган биноларда ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг 2023 йил 1 январгача фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ учун тўловнинг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қопланиши, боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ҳамда уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлаш мақсадида 2018 йилдан бошлаб ҳар бир мактабгача таълим муассасасига 10 — 15 нафар фермернинг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархларда етказиб бериш учун бириктирилиши, болалар боғчаларига тайёр сифатли иссиқ овқат етказиб берадиган давлат корхонаси ташкил этилиб, “Кетринг” хизматини йўлга қўйиш механизмининг ишлаб чиқилиши, биринчи навбатда, мактабгача таълим тизими фаолиятини тубдан ўзгартирса, иккинчидан, болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамровини кескин ошириши табиий.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жорий йилнинг январь ойида ҳудудларни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан ўрганишлар давомида бу борада амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилиб, унда айрим  муаммолар ҳам мавжудлиги қайд этилди.

Аниқланган муаммоларни бартараф қилиш, мазкур масалада вилоят, шаҳар, туман мактабгача таълим бўлимлари масъулиятини ошириш,  мактабгача ёшдаги болалар қамровини кенгайтириш, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини  ташкил этишда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш, мактабгача таълим масканларини аттестация ҳамда аккредитация қилиш жараёнларини соддалаштириш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий  базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим тизимида нодавлат секторни ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларини шакллантириш механизмларини изчил татбиқ этиш, “Мактабгача таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан  аниқ  таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мазкур тизимда кадрларга бўлган эҳтиёж мавжуд муаммолардан бири эди. Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячиларнинг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга.

Қайд этилганидек, ўрганишлар келгуси 3 йилда мактабгача таълим тизимида 47 минг 300 дан зиёд олий маълумотли педагог кадрлар, жумладан, 28 минг 300 нафар тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлишини кўрсатган. Шу боис 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида “Мактабгача таълим” йўналишида кундузги шаклда 3 йиллик бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади. Бунда илғор хорижий тажриба, жумладан, Жанубий Кореянинг етакчи университетлари тажрибаси асосида янги ўқув режаси ва дастурлари ишлаб чиқилади.

Бундай чора-тадбирлардан кўзланган мақсад фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялашдир.

Қувондиқ  ЖУМАНИЁЗОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати



Кўришлар сони: 3941

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2018
Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019...

10.12.2018
Қонун лойиҳаси парламент аъзоларининг эътирозига, жиддий танқидига сабаб бўлди

2018 йил 10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис...

07.12.2018
Тараққиётимизнинг мустаҳкам кафолати

“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигинин...

Тадбирлар тақвими