Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Баҳром ОБИДЖОНОВ: Жиноятчиликка қариндошлик жиноят эмас

Баҳром ОБИДЖОНОВ: Жиноятчиликка қариндошлик жиноят эмас

Кўп йиллардан буён амалиётда давлат идораларига ишга кирмоқчи бўлган шахслар яқин қариндошлари ёки ўзининг судланганлиги муносабати билан ишга киришда тўсиққа учраб келганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бунга амалдаги қонунчиликда шахснинг ўзини ёки яқин қариндошларини муқаддам судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишнинг рад этилиши тартиблари аниқ белгиланмаганлигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Мисол учун, биргина 2016 йилда 33 нафар фуқаро яқин қариндош­ларининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилиш рад этилганлигидан норози бўлиб турли юқори идораларга мурожаат қилишган. Тартиб-қоида шунақа экан, деб мурожаат қилмаган иқтидорли ёшлар яна қанча. Ҳатто акаси ёки отаси Россияга бориб ишлаб келгани учун маъмурий органларга ишга олинмаганлар ҳам бор.

Ҳаётий бир мисол: бир-икки йил илгари солиқ тизимида масъул лавозимлардан бирида ишлайдиган танишларимдан бири қайноғасининг норасмий диний оқимлар таъсирига тушиб қолганлиги оқибатида эгаллаб турган вазифасидан олинган эди. Адашган қайноғаси кейинчалик қилган ишидан пушаймон бўлиб, тўғри йўлга қайтди. Аммо жуда катта тажрибага эга, соҳани чуқур биладиган яхши раҳбар «айбсиз айбдор»лигича қолаверди. Шундай салбий ҳолатлар, тушунмовчиликлар йиллар давомида жамиятимизнинг ўткир муаммосига айланди.

Президентимиз 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиё­сий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган йиғилишдаги маърузасида айнан шу масалага алоҳида тўхталиб: «20 йил давомида шунақа тизим яратилдики, яхши-яхши ­кадрларни «отаси қамалган», «акаси қамалган» деган важлар билан бош­қарувга яқин йўлатмадик. Барча ўзи учун жавоб берсин. Ота ўзи учун, бола ўзи учун, ака ўзи учун, энди ватанпарвар бўлса, ташаббус­кор бўлса, бошқарувга жалб қиламиз», деб таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фикри, таклиф ва тавсиялари, фуқаролардан тушаётган мурожаатлар таҳлилига кўра тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси халқимизни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган мазкур муаммога ечим бўлади, албатта.

Лойиҳада Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритилиб, шахс­нинг муқаддам судланганлиги (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) ёхуд яқин қариндошларининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилиш рад этилишини тақиқловчи нормани ўрнатиш назарда тутилмоқда.

Мазкур масала юзасидан хорижий давлатларнинг қонунчилиги тажрибалари ҳам пухта ўрганилди. Маълум бўлдики, Франция Респуб­ликасининг Меҳнат тўғрисидаги Кодексида, Латвия Республикаси Меҳнат ҳуқуқининг 7-бўлимида шахснинг судланганлиги муносабати билан камситиш тақиқланиши белгиланган экан. Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия каби қатор ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳам шахснинг судланганлиги муносабати билан камситишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги меъёрлар мавжуд.

Айни кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда маъқулланиб, иккинчи ўқиш жараёни кетаётган қонун лойиҳасида таклиф этилаётган қўшимча ва ўзгартиш ватанпарвар, ташаббус­кор, билимли, интилувчан кадрларни бошқарувга жалб қилиш, шахснинг меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш ҳуқуқи тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Баҳром ОБИДЖОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1217

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.05.2018
“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай...

25.05.2018
Тиббий хизмат сифати, ичимлик суви таъминоти аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган муаммо сифатида ўрганилмоқда

Дастлабки уч кунда депутатлар 750 та хонадонда бўлиб, икки мингга яқин аҳоли билан мулоқот қилдилар....

25.05.2018
Зоминдаги учрашувларда аҳолини ўйлантираётган муаммолар бартараф этилди

Олий Қонунчилик палатаси депутати Зулайҳо Акрамова Зомин туманидаги “Пишағор”, “Даштобод” қишлоқ фуқ...

Тадбирлар тақвими