Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Фарҳоджон ҚУВАТОВ: Ўзбекистоннинг сув-ботқоқ ҳудудлари ва уларни муҳофаза қилиш йўлидаги ислоҳотлар

Фарҳоджон ҚУВАТОВ: Ўзбекистоннинг сув-ботқоқ ҳудудлари ва уларни муҳофаза қилиш йўлидаги ислоҳотлар

            2 февраль – Бутунжаҳон сув-ботқоқ ҳудудлари куни

Сув – кўплаб экотизимларнинг муҳим компоненти ҳисобланади, шу сабабдан сувнинг мавжудлиги – ҳам сув объектларида ҳам қуруқликда экологик мувозанатни ва биологик хилма-хилликни сақлаб туришнинг зарурий шарти ҳисобланади. Бугунги кунда сув объектлари нафақат инсониятнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, балки бутун ҳайвонот ва ўсимлик оламининг ўзига хос яшаш муҳити сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бинобарин Ер шарининг ярмидан кўпроғи, яъни 71 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, сув ҳавзаларидан охирги йилларда саноат ҳамда хўжалик эҳтиёжлари учун кенг фойдаланиш уларга бўладиган турли таъсирлар кўламининг кенгайишига олиб келмоқда. Шу мақсадда инсониятнинг сув-ботқоқ ерларига кучайиб бораётган тажовузини олдини олиш, унга нисбатан тўғри муносабатни кучайтириш мақсадида сув-ботқоқ ҳудудлари ҳақидаги халқаро Конвенцияни ишлаб чиқишга зарурат туғилди. Шундан келиб чиқиб, 1971 йилнинг 2 февралида Эроннинг Рамсар шаҳрида “Асосан сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойи сифатида ҳалқаро аҳамиятга молик сув-ботқоқ майдонлари тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинди. Мазкур Конвенциянинг мақсади инсон ва унинг атрофини ўраб турган муҳитнинг ўзаро боғлиқлигини ва сув-ботқоқ ерларнинг иқтисодий, маданий ва рекреациявий аҳамиятини ҳамда сувда сузувчи қушлар ва уларнинг муҳофазасига халқаро ресурс сифатида қаралиши лозимлигини тан олган ҳолда узоқни кўзлаган миллий сиёсат билан халқаро ҳаракатлар мувофиқлаштирилишини таъминланишдан иборат. Айни пайтда мазкур Конвенцияга 169 та давлат аъзодир. Бугунги кунда Рамсар рўйхатига 2250 дан ошиқ сув-ботқоқ ҳудудлар киритилган ва уларнинг умумий майдони 215 миллион гектарни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 30 августдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Рамсар Конвенциясига қўшилди ва ушбу қарор 2002 йилнинг 8 февралидан кучга кирди. Ҳозирда мамлакатимизнинг майдони 31,3 минг гектарга тенг Денгизкўл ҳамда 527,1 минг гектар бўлган Айдар-Арнасой кўллар тизими Рамсар рўйхатига киритилган.

Денгизкўл сувда сузувчи қушлар мониторинги учун муҳим сув муҳофаза объекти ҳисобланади. У ерда қушларнинг 170 дан ортиқ турини, хусусан, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қушларнинг 24 тури ва Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг рўйхатига киритилган 2 турини учратиш мумкин.

Умуман, мазкур акваториянинг биохилма-хиллигини сут эмизувчиларнинг 35 тури, балиқ ҳамда судралиб юрувчиларнинг 24 тури, амфибиянинг 2 тури ташкил этади. Суви оқиб чиқиб кетмайдиган кўлда ўсимликларнинг 47 тури ўсиб, улардан 6 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бўлиб, 16 тури Марказий Осиё эндемиклари ҳисобланади.

Рамсар рўйхатига киритилган иккинчи объект – Айдар-Арнасой кўллар тизими таркибига Тузкон, Арнасой ва Айдаркўл кўллари киради. Суви оқиб чиқиб кетмайдиган кўл 200 дан ортиқ сувда сузувчи ва сув олди қушларини жалб этади. Бу эса ушбу ҳудудда илмий-тадқиқот фаолиятни олиб бориш учун кенг имкониятларни очиб беради. Акватория сувларида балиқларнинг 22 тури, судралиб юрувчиларнинг 7 тури яшайди.

Мазкур Конвенция яшаш ареаллари нафақат бир давлат ҳудудида жойлашган, балки уя қуриш, учиб ўтиш, қишлаш ареаллари турли давлатлар чегарасида жойлашган қуш турлари, шунингдек, Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган, ҳаётининг маълум қисмида республикамиз ҳудудида яшовчи қуш турларини ҳам муҳофазалашда муҳим ўрин тутади.

Республикамиздаги Рамсар рўйхатига киритилган кўллардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш ва умуман Конвенция талабларини тўлақонли бажаришда сув-ботқоқ экотизимлари кадастри ва мониторингига йўналтирилган илмий тадқиқотларни бажариш муҳим ўрин тутади. Шу сабабдан айтиш мумкинки, табиатга салбий таъсир қилувчи омиллар оқибатларини юмшатишга хизмат қилувчи илмий тадқиқотларни ҳар томонлама рағбатлантириш, жумладан, турли мавсумларда ва миграциялар даврида қушлар йиғиладиган кўлларни аниқлаш, ҳаёти сув ҳавзалари билан узвий боғлиқ бўлган турларнинг табиий ареалларини ўрганиш, ареалларнинг қисқаришига, тур таркиби ва популяция сонининг камайишига сабаб бўлувчи омилларни аниқлаш долзарб вазифалардан саналади. Бундан бир неча йиллар илгари олиб борилган тадқиқотлар ва уларнинг натижалари эса эндиликда вазиятни тўғри ва тўлиқ баҳолаш учун етарли эмас.

Конвенциянинг 4-моддасида ҳар бир аҳдлашувчи томон сув-ботқоқ ерларни ва сувда сузувчи қушларни сув-ботқоқ ерларда табиий резерватлар тузиш йўли билан муҳофаза қилишга ёрдам бериши, сув-ботқоқ ерлардан оқилона фойдаланиш йўли билан сувда сузувчи қушлар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилиши белгиланган. Келажакда Рамсар рўйхатига кирган сув ҳавзаларига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мақомини бериш ва бу ерларда қўним топган турларнинг кўпайиши учун қулайлик яратиш мақсадида турли биотехник тадбирларни ўтказиш ҳам ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Юртимиздаги асосий сув манбалари трансчегаравий хусусиятга эга бўлган Амударё ва Сирдарё дарёлари билан узвий боғлиқ. Ички кўллар сув сатҳидаги ўзгаришлар ҳам мазкур дарёларнинг йиллик сув ҳажми билан узвий боғлиқлигини ҳисобга олсак, бу масаланинг ўта долзарблиги яққол намоён бўлади.

Шунингдек, Конвенциянинг 5-моддасида аҳдлашувчи томонлар ушбу Конвенциядан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш бўйича, айниқса, сув-ботқоқ ерлар бирдан ортиқ аҳдлашувчи томонлар ҳудудларида жойлашган бўлса ёки сув тизими бирдан ортиқ аҳдлашувчи томоннинг ҳудуди таркибида бўлганда, бир-бирлари билан маслаҳатлашиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Бу эса республикамиздаги сув-ботқоқ ҳудудларини тўлақонли муҳофаза қилишда Конвенциянинг бошқа иштирокчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилишни тақозо этади.

Ўзбекистонда қарийб 1 миллион гектар майдонни эгаллаган 500 та кўлларда ҳаёти сув ҳавзалари ва қирғоқ зонаси билан узвий боғлиқ бўлган 150 турдаги сув ва сув олди қушлари учрайди. Республикамизда учровчи жами 462 турдаги қушларнинг деярли ярми яшаш ва дам олиш маскани сифатида қирғоқ ҳудудларини танлайди.Худди шундай тарихий-тадрижий ривожланиш ва мослашиш натижасида ҳайвонот дунёсининг кўпгина бошқа турлари, ўсимликларнинг аксарияти яшаш, кўпайиш, озиқланиш муҳити сифатида турли сув ҳавзалари ва уларнинг қирғоқларини танлашган.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки бугунги кунда мамлакатимизда Рамсар конвенциясига мувофиқ келувчи ҳудудларни кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам экологик тизимларни сақлаш ва яхшилаш, аҳолининг экологик хавфсиз яшашини таъминлашга эришиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида 2019-2023 йилларга мўлжалланган концепция” лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши белгиланган.

Мамлакатимизда барқарор ривожланиш борасидаги устувор йўналишлардан бири ҳам минтақамизда соғлом экологик вазиятни сақлаб қолишга қаратилган. Сув-ботқоқ ҳудудлари эса экологик тизимлар барқарорлиги ва бус-бутунлигини таъминлашда тизим занжирининг муҳим бир халқаси сифатида алоҳида ўрин тутади. Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳавзалардаги экологик барқарорликни келгуси авлодлар учун сақлаб қолиш учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Фарҳоджон ҚУВАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 3175

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.08.2018
НОРМА ИЖОДКОРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ АМАЛДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 8 августда қабул...

15.08.2018
Қуйи палата қўмиталарида Давлат бюджети ижроси муҳокама этилди

Қайд этилганидек, Ҳаракатлар стратегиясининг тизимли амалга оширилиши юртимиз иқтисодиётида таркибий...

15.08.2018
ЎзЛиДеП фракцияси Давлат бюджетининг ижросини қандай баҳолади?

2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида кўчмас мулк объектларини ва ер майдонларини ялпи хатловд...

Тадбирлар тақвими