Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Акмал РАҲМОНОВ: Мамлакатимиз мудофаа тизимининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори

Акмал РАҲМОНОВ: Мамлакатимиз мудофаа тизимининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори

Юртимиз мудофаа соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар миллий армиямиз қудратини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.  Айни пайтда унинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилаётгани мамлакатимизда ҳарбий-сиёсий фаолиятга устувор аҳамият қаратилаётганининг ифодасидир.

Президентимиз томонидан жорий йил 9 январда имзоланган Қонун билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тасдиқланиши улкан сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятга эга воқеа бўлди.

Мамлакатимизнинг давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш долзарб вазифа сифатида аниқ белгилаб қўйилган мазкур ҳужжат бир қатор ўзига хос жиҳатларига эга. Энг аввало, ушбу Доктринанинг очиқлигини қайд этиш жоиз. Бу ташқи сиёсатимиз очиқ, қўшни давлатлар билан дўстона ҳамда амалий муносабатларни ривожлантириш, бошқа чет давлатлар билан ҳамкорликни юксалтиришга хизмат қилади.

Сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан мазкур ҳужжатни қабул қилиш орқали Ўзбекистон барча мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни юртимиз миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларини инобатга олган ҳолда, ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ҳамда ўзгармаслигини тан олиш асосида қуришини билдиради. Шунингдек, Доктринани рўёбга чиқариш республиканинг миллий хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсати доирасида амалга оширилишини белгилаб беради.

Айтиш мумкинки, ушбу ҳужжат жаҳон ва минтақадаги вазият, юзага келаётган хатару таҳдидларга, мамлакат имкониятларига мос ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, шу вақтгача амалда бўлган ҳарбий ҳамда мудофаа доктриналарини яхлит ҳужжатга бирлаштирди.

Унда миллий армиямизнинг қурилиши ва ривожланишини давом эттириш бўйича истиқболли йўналишлар белгилаб берилди. Шу билан бирга, бугунги кунда вужудга келган вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш негизида соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ифодаланди. Хусусан, мавжуд ҳарбий-сиёсий вазиятни баҳолаш ва чуқур таҳлиллар асосида таҳдидларни аниқлаш, давлатимиз мудофаа соҳасидаги сиёсатининг принципиал ёндашув ҳамда йўналишлари, Қуролли Кучларнинг вазифалари ва қўллаш асослари, шунингдек, мамлакат мудофаасига раҳбарлик қилиш тартиблари мантиқий кетма-кетликда очиб берилди.

Бу бежиз эмас. Чунки Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони мамлакатимиз мудофаа тизимининг ташкилий тузилмаси, унинг ҳарбий-жанговар ҳолати, аскар ҳамда офицерларнинг маънавий ва руҳий тайёргарлик даражаси бугунги тез ўзгараётган давр талабларидан ортда қолаётганини таъкидлаган эди. Шу боис ўтган қисқа вақтда миллий армиямизни ислоҳ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилиниб, Қуролли Кучларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш жараёни кенг миқёсда бошлаб юборилди.

Жумладан, мамлакатимиз геостратегик жойлашувининг ўзига хослиги, шунингдек, минтақада вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ҳамда тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Миллий гвардия барпо этилди, армияни янги қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ўзгаришлар асосида Қуролли Кучлар академиясининг фаолияти тубдан қайта ташкил қилинди. Ҳарбий соҳадаги ислоҳотларимиз самарасини янада оширишда эса ушбу Доктрина муҳим роль ўйнайди.

Мудофаа тизимини ҳарбий-иқтисодий таъминлаш, хусусан, Ўзбекистонда ҳарбий саноат комплексини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгиланишига ҳам мазкур ҳужжатнинг яна бир муҳим фундаментал аҳамиятга эга қирраси, деб қараш лозим. Зеро, ҳар қандай мустақил давлат ўз мудофаа хавфсизлигини таъминлашда миллий иқтисодиётининг таянч соҳасига айланган миллий мудофаа саноати қудратига таяниши талаб этилади. Шу маънода, Президентимизнинг Мудофаа саноати давлат қўмитасини ташкил қилишга оид қарори билан мамлакатимизда мудофаа мақсадидаги буюртмалар ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ягона сиёсатни мувофиқлаштириб борувчи махсус орган тузилиши айни муддао бўлди.

Доктринада кўп йиллар давомида йиғилиб қолган жиддий камчиликлар, жумладан, кадрлар масаласи, қўшинларни замонавий қурол-яроғлар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир бир қатор муаммоларни ҳал этишнинг концептуал ечими бўйича аниқ вазифалар кўзда тутилгани эътиборга молик. Мазкур жиҳат давлатимизнинг бу борадаги сиёсатида марказий ўрин эгаллаган хавфсизликнинг бўлинмаслиги ҳамда шу каби энг асосий тамойилларга мос келади.

Эндиликда Доктринанинг ижросини таъминлаш учун ҳукуматнинг амалдаги қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш, давлат бошқаруви органларининг унга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш, энг муҳими, биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда унинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш талаб этилади.

Бу масалалар Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам белгилаб берилди. Унга мувофиқ, Мудофаа доктринасининг ўз вақтида ҳамда самарали рўёбини таъминлаш борасида тегишли идоралар томонидан аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши кўзда тутилди. Амалдаги қонунчиликка, жумладан, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш ва тегишли идоравий ҳужжатларни қайта ишлаб чиқиш назарда тутилди.

Бундан ташқари, Доктрина ижроси доирасида Президентимизнинг Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисидаги нутқида белгилаб берилган вазифаларга жиддий эътибор қаратилади. Мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ролини фаоллаштириш, ҳарбий округлар қўшинларининг жанговар таркибини янада такомиллаштириш, қўшинларни бошқариш тизимини автоматлаштириш ва оптималлаштириш орқали армиямизнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажариш салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий таъминот тизимини янада такомиллаштириш борасида 2020 йилгача мўлжалланган комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш ана шулар жумласидандир.

Ушбу муҳим вазифаларни рўёбга чиқариш мамлакатимиз осойишталигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг тинч ҳамда фаровон ҳаёт кечиришларини кафолатлашга хизмат қилади.

Акмал РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 1379

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.02.2018
Қонунчилик палатаси делегацияси Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан амалий мулоқотлар олиб бормоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги па...

23.02.2018
Ҳудудларда ўрганишларни давом эттираётган депутатлар нима дейди?

– Олтинкул туманида 26 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Уларда 2622 нафар 3-7 ёшли болалар...

23.02.2018
Ўзаро манфаатли алоқалар янада мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Корея Республикаси...

Тадбирлар тақвими