Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Инсон омилига қаратилган давлат дастури

Инсон омилига қаратилган давлат дастури

Давлат ва жамият ҳаётида кечаётган жиддий ислоҳотларга фундаментал таянч бўлиб хизмат қилаётган “ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ”нинг бош ғояси замирида ИНСОН омили, унга ҳар томонлама муносиб турмуш шароитини яратиб бериш мақсади ётади. 2018 йил 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида айни шундай инсонпарвар мақсадларни амалга оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган.

         Давлатимиз раҳбари томонидан биринчи навбатда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутасаддиларига, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларига, қўйингки, бутун жамият аъзоларига мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш учун жуда катта синов ва сафарбарбарлик йили деб эълон қилинган 2018 йилги Давлат Дастурида кўлами ва моҳияти нуқтаи-назаридан ниҳоятда улкан масалалар назарда тутилган. Мазкур Фармонда белгиланган “Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлар  “Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт” деган қоидани рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қарат”иши ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган вазифалар сирасига киради. 

          5 та боб, 231 та банддан иборат Давлат Дастурида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, унда давлат хизматининг нуфузи ва самарадорлигини, давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини, уларнинг сифати ва тезкорлигини тубдан ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш масаласида фуқаролар шахсий ҳаёти дахлсизлигининг конституциявий кафолатларини, шу жумладан, тинтув ва телефон орқали сўзлашувларни эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича комиссияни ташкил этиш орқали янада мустаҳкамлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишида эса, фаол тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий, ташкилий шароитлар яратиш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий қилиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасида бугунги кунда ниҳоятда долзарб аҳамият касб этаётган терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашиш, хорижда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш каби вазифалар белгиланган.

         Пировард мақсад, “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил ҳамда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоя.

         Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзолари Давлат Дастурида белгилаб берилган ана шундай энг муҳим вазифалар, унинг аҳамияти, аввалги йиллардаги Давлат Дастурларидан фарқли жиҳатлари ҳақида  сўз юритади.

 

Акмал Саидов, Қўмита раиси:

– Муҳтарам Президентимиз 2017 йил 22 декабрь куни Парламентга йўллаган тарихий Мурожаатномасида жамиятимизда учраб турган ўткир муаммоларга эътибор қаратиб, уларни ҳал этишнинг аниқ йўлларини таклиф қилган эди. Шундан келиб чиқиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда аҳоли ўртасида жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази масъуллигида ўтказилган баъзи бир жамоатчилик муҳокамаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, масъул вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам иштирок этишди.

Гап шундаки, ушбу муҳокамаларда Давлат Дастурининг тегишли бандларида назарда тутилган Фуқароларнидоимийвавақтинчарўйхатгақўйиш (ҳисобгаолиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш, Конфессиялараро ҳамжиҳатлик ва миллатлараро тотувликни янада  мустаҳкамлаш, давлат институтлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш масалалари жуда катта қизиқиш билан жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Муҳокама қилиш давомида фуқаролардан 4 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Ўз ўрнида улардан Давлат дастурини такомиллаштиришда фойдаланилди. 

 Алоҳида таъкидлаш керакки, Давлат Дастурининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилишининг ўзиёқ, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларга амалий мисол бўла олади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январь куни имзолаган Фармони билан Давлат дастури тасдиқланиб, унинг асосий йўналишлари ва уни амалга оширишнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари белгиланди. 

Аҳолидан тушган таклифларда кўрсатилган долзарб муаммоларни ҳал қилишга оид алоҳида ҳуқуқий нормалар бевосита Фармоннинг ўзида кўрсатилган бўлиб, уларнинг ижросини дарҳол таъминлаш шарт эканлиги белгиланди. 

Фармон билан тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий эълон қилинди. Эндиликда, Фармон эълон қилинган кундан бошлаб тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувларига вақт ва ресурс сарфламасдан ўз фаолиятини хотиржам амалга оширишлари мумкин. 

Давлат дастурида белгиланган энг муҳим янгиликлардан бири шу бўлдики, эндиликда вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга олишга оид тақиқ бекор қилинади. Ушбу меъёр фуқароларга мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради. Истиқболли кадрлар қаерда доимий ёки вақтинча прописка қилингани, турар жойи бўйича ҳисобда турганидан қатъи назар, пойтахт минтақасида меҳнат қила оладилар. Ўз навбатида, иш берувчилар вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга олганликлари учун жавобгарликдан озод этилади. Бу инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро демократик принципларга тўла мос бўлиб, давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

Баҳром Обиджонов, Қўмита аъзоси:

– Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бугун давлатимиз сиёсатининг энг устувор мақсадига айланди. Шундан келиб чиқиб, давлат дастуринг иккинчи йўналишида айнан 2018-2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича концепцияни ишлаб чиқиш, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. 

Эндиликда дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш учун тинтув ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция бериш ваколати судга ўтказилади. Инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида тергов изоляторлари ва жазони ижро этиш муассасалари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади.

Дастурда ички ишлар органлари йўл-патруль ва патруль-пост хизматларини улар фуқаролар билан муомала қилаётганда фойдаланиладиган видео-фиксаторлар билан таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, бу нафақат фуқаролар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши, балки тинчлигимиз посбонлари томонидан ўз вазифасини суиистеъмол қилиши ҳолатларининг ҳам олдини олишга хизмат қилади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, давлат дастурида прописка ва паспорт тизимини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган фуқаролар иккиламчи бозорда кўчмас мулк харид қилиш имкониятига эга бўлади. Бу эса кўп йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга барҳам бериши шубҳасиз.

Давлат дастурининг учинчи йўналиши иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга бағишланган бўлиб, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида илғор ғоялар, "смарт" технологиялар ва ноу-хауларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш кўзда тутилмоқда. 

Дастур доирасида венчур фондлар, венчур молиялаштиришни ташкил этиш ва ривожлантириш учун ҳуқуқий асослар, шунингдек, иқтисодиётга инновациялар ва янги технологиялар жорий этишни рағбатлантирувчи механизмлар ишлаб чиқилади. 2023 йилнинг 1 январига қадар венчур фондлар, юқори технологик стартап-лойиҳалар, илмий-тадқиқот муассасалари, инновация марказлари ва лойиҳа-конструкторлик бюроларига ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотиш (фойдаланиш учун тақдим этиш)дан тушган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этилади. 

Аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан яна бири дастурнинг ушбу йўналишида тартибга солиниши кўзда тутилмоқда. Хусусан, ер участкалари беришда шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш мақсадида интернет тармоғида электрон савдолар ўтказишни жорий қилиш режалаштирилган. Давлат активларини электрон савдо майдонлари орқали сотиш тизими яратилади.

Ушбу йўналишда банклар ва банк фаолиятига доир қонунчиликни тубдан қайта кўриб чиқиш, соҳага “рақамли банкинг”, “интернет-банкинг” ва бошқа замонавий технологияларни татбиқ этиш, молия ва божхона сиёсатини такомиллаштириш ва оптималлаштириш, солиқ юкини камайтириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини соддалаштириш бўйича ишлар давом эттирилиши белгиланган. Бу эса тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган юртдошларимиз учун янада қулай имкониятлар туғдириши шубҳасиз.

Бундан ташқари, туризм соҳасини ривожлантириш, кириш туризми ва ички туризмни ривожлантиришни рағбатлантириш, сайёҳлар учун маъмурий ва виза билан боғлиқ тартиботларни соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратишиҳам дастурда назарда тутилмоқда. Бу чора-тадбирлар юртимизнинг туризм салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Алия ЮНУСОВА, Қўмита аъзоси:

– Давлат дастури белгиланганидек йил давомида 37 та қонун (Сайлов кодекси, “Давлат хизмати тўғрисида”, “Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”, “Фан тўғрисида”, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва бошқалар)ни ишлаб чиқиш, 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳамда турли соҳаларни қамраб оладиган 52 та амалий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилганлиги билан тарихий аҳамиятга эгадир.

Эътиборлиси шундаки, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга оид ишлар жорий давлат дастурида ҳам асосий йўналиш сифатида белгиланган. Хусусан, дастур доирасида “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадам бўлади. Ушбу ҳужжат, аввало, давлат идораларида хизматни ҳақиқатдан нуфузли фаолиятга айлантиради, давлат хизматчиларининг меҳнат ҳақи ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб тизим шакллантиради, юклатилган вазифаларнинг сифатли ижроси учун давлат хизматчиларининг жавобгарлигини оширади. Эндиликда ҳар бир давлат хизматчиси эгаллаб турган лавозимга муносиб эканини ҳар куни исботлаши шарт.

Эндиликда давлат функциялари ва ваколатларининг амалдаги марказлашган тизимига барҳам берилади. Биринчидан, ҳукуматнинг алоҳида функциялари, айниқса, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги вазифалари вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказилади. Иккинчидан, тегишли ҳудудда давлат сиёсатини амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун масъул мансабдор шахслар сифатида барча даражадаги ҳокимларнинг ваколатлари кенгайтирилади ва мавқеи мустаҳкамланади.

Дастурнинг биринчи йўналишида белгиланган устувор мақсадлардан яна бири, фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг янги механизми сифатида электрон жамоавий мурожаат қилиш – петиция йўллаш тизими жорий қилинади. Ушбу тизим фуқароларга давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига аниқ саволлар қўйиш имконини беради, ушбу органлар эса фуқароларнинг маълум сони томонидан маъқулланган мурожаатлар юзасидан чора кўриши шарт бўлади.

Мазкур механизм туфайли фаол фуқаролар ва жамоат ташкилотлари турли муаммолар ечими бўйича ташаббус кўрсатишлари мумкин. Шу орқали “Мамлакат ҳаётига алоқадор энг муҳим қарорлар бевосита мулоқот асосида қабул қилинади”, деган тамойил амалиётга татбиқ қилинади.

 

Иброҳим Ходжиев, Қўмита аъзоси:

– Ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор жорий йилда ҳам узвий давом эттирилади. Бу борада дастурнинг тўртинчи йўналишида аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда.

Жумладан, аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси”га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш назарда тутилмоқда. Ҳудудлар кесимида "истеъмол саватчаси"ни ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини белгилаш тизимига босқичма-босқич ўтиш мўлжалланмоқда. 

Бу йил аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича йўлга қўйилган ишлар ҳам изчил давом эттирилади.  Эътиборлиси шундаки, замонавий тараққиётга ҳамоҳанг равишда соғлиқни сақлаш соҳасига "ақлли тиббиёт" тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш кўзда тутилмоқда. 

Йил якунигача аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш режалаштирилаётгани бу чекка-чекка қишлоқ ва овулларда яшовчи фуқароларнинг қувончига сабаб бўлиши шубҳасиз. Ана шундай дорихоналар қишлоқларнинг ўзида ташкилланса, аҳоли дори-дармон сотиб олиш учун узоқ йўл босиб шаҳарларга бориб юрмайди.

Аҳолининг уй-жога бўлган талаби тобора ошиб бораётганини инобатга олиб, тушган талаб ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда дастурнинг ушбу йўналишида ёш оилаларнинг арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2018 йилда бундай уйларни қуриш ҳажми 1,5-2 баробар оширилиши кўзланган. Бу мақсадлар учун 5 триллион 286 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгилаб қўйилмоқда.

Барчамизга яхши маълумки, мамлакатимизда интернет тезлиги бошқа давлатлардагига нисбатан анча паст бўлиб, бу юртимизда глобалл тармоқ фойдаланувчиларини узоқ йилдан бери қийнаб келаётган муаммо эди. Шулларни инобатга олиб, давлат дастурида аҳолини телекоммуникация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш учун чекка ҳудудларда 2000 километр оптик толали алоқа линиялари тортиш, интернет тезлигини 2,5 баробар ошириш ва 4 мингдан зиёд мобиль алоқа таянч станцияларини ишга тушириш дастурда алоҳида белгиланди. Бу эса аҳолининг чексиз қувончига сабаб бўлди.

 

Людмила Кошелапова, Қўмита аъзоси:

– Тинчлик ва хотиржамлик – бу улуғ неъмат. Бугун дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган воқеалар ҳар бир фуқарони хушёр ва сергак бўлишга, ватанни севишга ундайди. Давлат дастурининг бешинчи йўналиши – хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, вазмин, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритишга қартилган бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги тинчлик неъматини мустаҳкамлашдан иборат.

Хусусан, жорий йилда хорижда яшаётган ва ишлаётган юртдошларимиз билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.

Дастурнинг аввалги йиллардаги дастурлардан фарқли жиҳатидан яна бири шундаки, экстремистик ғоялар таъсирига тушиб адашган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, бундай фуқароларни соғлом муҳитга қайтариш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Қолаверса, диний маърифат тизими қайта кўриб чиқилиб, бу борада аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги ва таъсирчанлиги кучайтирилади. 

Мухтасар айтганда, Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга 11,239,2 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилади. Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини амалда юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Парламент аъзолари томонидан юқорида эътироф этиб ўтилганидек, Давлат Дастурида назарда тутилган вазифалар Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичида энг асосий мақсад сифатида қўйилган инсонпарварлик ва эзгулик тамойилининг ҳаётга татбиқ этилишида амалий аҳамият касб этади.

Зотан, ушбу Давлат Дастури замонавий, ривожланган, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаган Ўзбекистон тараққиётининг бугунги босқичида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, энг муҳими уни амалда таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади деб белгиланганлигига ҳаётий мисол бўлади.

Кўришлар сони: 7636

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.05.2018
“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай...

25.05.2018
Тиббий хизмат сифати, ичимлик суви таъминоти аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган муаммо сифатида ўрганилмоқда

Дастлабки уч кунда депутатлар 750 та хонадонда бўлиб, икки мингга яқин аҳоли билан мулоқот қилдилар....

25.05.2018
Зоминдаги учрашувларда аҳолини ўйлантираётган муаммолар бартараф этилди

Олий Қонунчилик палатаси депутати Зулайҳо Акрамова Зомин туманидаги “Пишағор”, “Даштобод” қишлоқ фуқ...

Тадбирлар тақвими