Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ: Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар – халқ манфаатларини таъминлашга қаратилади

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ: Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар – халқ манфаатларини таъминлашга қаратилади

Мамлакатимизда илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга тараққиётнинг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Ўзбекистон Республикасини ҳар томонлама ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатнома билан чиқдилар.

Мурожаатномада аввало, 2017 йил давомида мамлакатимизни янада тараққий эттириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ижроси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тизимли таҳлил қилиниб, уларга холисона баҳо берилди.

Унда мамлакатимиз келажагини таъминлашнинг асосий йўналиши ва омили бўлган иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган ўзгаришлар ва янгиланишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мурожаатномани чуқур ва атрофлича таҳлил қилар эканмиз ўтган бир йил мобайнида Президентимиз ташаббуси билан соҳада мавжуд камчиликлар ва иш услублари танқидий қайта кўриб чиқилганини, бу йўналишда амалий натижадорлик ва самарадорликка эътибор қаратиш, шунингдек инсон манфаатларини таъминлаш иқтисодий ислоҳотларнинг бош мақсади эканлигини кўришимиз мумкин. Бу борада соҳани янад такомиллаштириш борасида давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ва Қарорлари қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди.

Уларда асосий эътибор тармоқлар ва ҳудудларда мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этишга, фаол инвестиция сиёсатини юритишга, инновация ютуқларидан кенг фойдаланишга, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини оширишга, ҳудудларни комплекс ва жадал ривожлантиришга, иқтисодиётни бошқаришдаги давлат ролини камайтириш ва унинг органлари ишини тубдан яхшилашга қаратилди.

Амалий мисолларга юзланадиган бўлсак, миллий валютамиз – сўмнинг эркин конвертациясига йўл очилди, божхона тўловлари ставкалари 2 баробар пасайтирилди, тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш янада кучайтирилди, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинди.

Солиқ ва бюджет сиёсатида солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш ва солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш борасида жиддий ўзгариш ва янгиланишларнинг амалга оширилиши Давлат бюджетининг мутаносиблигини ва самарали ижросини таъминлашга имкон яратди.

Эътиборлиси, маҳаллий бюджетларнинг юқори бюджетларга бўлган боғлиқлигини кескин камайтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет маблағларини бошқаришдаги мустақиллигини кучайтириш борасида Тошкент шаҳрида ўтказилган тажриба барча бўғиндаги бюджетларнинг барқарорлигини таъминловчи тизимни яратиш ва маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлаш имконини беради.

Дарҳақиқат, ўтган йили соҳада эртанги кун талабларига жавоб берадиган тизимли ислоҳотларнинг амалга оширилиши уни мутлақо янги асосда ташкил этиш, янада эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишнинг янги имкониятларини очиб берди.

Буларнинг ҳисобига 2017 йилда иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5 фоизни ташкил этди, экспорт ҳажми қарийб 15 фоизга кўпайди, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 854 миллион доллар, мамлакат олтин-валюта заҳиралари йил давомида 1,1 миллиард доллардан зиёд бўлди. Мана шу қисқа даврда 161 та йирик саноат объектлари ишга туширилди. Бу нафақат иқтисодий балки, ижтимоий масалалар ечимига ҳам хизмат қилди. Яъни кўплаб юртдошларимизнинг ана шу саноат корхоналаридаги бандлиги бўладими, доимий даромад манбаининг вужудга келгани бўладими буларнинг барчаси бевосита ҳалқимиз манфатига хизмат қилди.

Дарвоқе, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш масалалари ҳам амалга оширилаётган янгиланишларнинг диққат марказида бўлди. Янги саноат корхоналарини қуриш, хизмат кўрсатиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш эвазига ўтган йилда 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Шу жойда таъкидлаш жоизки, биз депутатлар жойларда бўлганимизда, сайловчилар билан учрашувларда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганлигига, уларнинг натижалари халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топаётганлигига, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. 

Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилга юртимизда “Фаол тадбиркорлик, иннавацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб ном берилиши ҳам айнан миллий иқтисодиётимизни янада кучайтириш ва унинг рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилганлиги билан эътиборлидир. Бу мамлакатимизда ислоҳотлар кўлами кенгайиши ва шиддати янада тезлашишини англатади.

Шу муносабат билан мурожаатномада буюк келажагимизни таъминлаб берадиган иқтисодиёт соҳасида жорий йилда ва истиқболда амалга оширишимиз зарур бўлган устувор йўналишлар ва аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, тармоқ ва соҳаларда инновацион ривожланиш йўлига ўтиш, ресурс ва энергия тежайдиган технологиялар, муқобил энергия манбаларини тадбиқ этиш, бизнесни жадал ва барқарор ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни икки йилга тўхтатиш, тез ривожланаётган, йириклашиб бораётган корхоналарни рағбатлантириш сиёсатига ўтиш, ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни “ўзбек бренди” номи билан олиб чиқиш каби ўта долзарб бўлган вазифалар белгилаб берилди.Ушбу изчил ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаб бориш масаласи ўз-ўзидан аён бўлади. Демак, мазкур йўналишлардаги қонунчиликни такомиллаштириш, керак бўлса янги қонунларни ишлаб чиқиб, қабул қилиш биз депутатлардан ҳам юксак масъулиятни талаб этади.

Бунда белгиланган вазифаларни амалга ошириш, амалиётга жорий этиш ҳамда мамлакатимизни жаҳондаги индустриал давлатлар қаторига жадал олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистонни технологик ривожлантириш ва ички бозорни модернизация қилишбўйича кучли миллий ғоя, миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Умуман айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада белгилаб берилган энг муҳим йўналишлар ва устувор вазифаларнинг ҳаётий рўёби, шубҳасиз, келажакда эркин бозор талабларига тўла жавоб берадиган, замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини ўзида мужассам этган тизим ва механизмларни яратиш асосида иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини таъминлашга ва мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга, ички бозорларимизни сифатли, арзон ва харидоргир маҳсулотлар билан тўлдиришга, аҳоли бандлигини таъминлашга, энг муҳими ҳалқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.


Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати




Кўришлар сони: 2945

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.04.2018
Қўмита фуқароларнинг пенсия таъминоти масалаларига мутахассислар эътиборини жалб қилди

Давра суҳбатида келтириб ўтилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда Пенсия жамғармаси тизимида 3,3...

18.04.2018
Қонун лойиҳаси юзасидан депутатларни ўйлантирган саволлар муҳокама этилмокда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонунлар, жумладан Ўзбекистон Ре...

17.04.2018
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 40 та депутат сўрови юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан брифинг ўтказилди. Унда фракциянинг...

Тадбирлар тақвими