Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Тўлқин КАРИМОВ: Тинчлик ва барқарорликнинг ишончли кафолати

Тўлқин КАРИМОВ: Тинчлик ва барқарорликнинг ишончли кафолати

Тарихдан маълумки, ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки ва тинчлиги унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилинади. Мустақиллигини, тинчлигини асрай олган давлатгина барқарор ривожланади, тинчлик, хотиржамлик, осойишталик қарор топган мамлакат гуллаб-яшнайди. 

Шу боис истиқлолимизнинг дастлабки кунларида – 1991 йил 6 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. 1992 йил 14 январь куни эса мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим қадам қўйилди. Шу куни мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қуролли Кучларнинг мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, халқимизнинг тинчлиги ҳамда бунёдкорлик меҳнатини ҳимоялаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини инобатга олиб ҳамда мамлакатимиз ҳудудидаги ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг давлатимиз тасарруфига ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган қонунига биноан 14 январь Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.

Ўтган йиллар мобайнида юртимизда давр талаби ва жаҳон андозаларига жавоб берадиган Қуролли Кучларни барпо этиш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, барқарор ва изчил демократик тараққиётимизнинг ишончли кафолати бўлган миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

 Аввало, ҳарбий соҳа ислоҳотлари билан боғлиқ стратегик мақсадларга эришишнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори бунёд этилди. Мамлакатимиз Конституциясининг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи” эканлиги алоҳида белгилаб қўйилди. Асосий қомусимизда, шунингдек, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳуқуқий мақоми ҳам аниқ белгилаб берилган бўлиб, унга кўра Қуролли Кучлар Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, республикамиз аҳолисининг осуда ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилиши қайд этилди. Шунингдек, “Мудофаа тўғрисида”, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлар Қуролли Кучларимиз ташкилий асосларини ўзида мужассам этди.

Қуролли Кучларимизни ислоҳ қилиш бўйича ўз вақтида қабул қилинган дастурга мувофиқ амалга оширилган кенг кўламли ишлар замонавий талабларга жавоб берадиган миллий армиямизни шакллантириш ва бошқаришнинг сифат жиҳатдан мутлақо янги тизимига ўтиш борасида муҳим қадам бўлди. Қисқа вақт ичида ҳарбий округлар, чегара ҳудудлари ва махсус операцияларга ихтисослаштирилган қисмлар тузилди. Миллий армиямизни босқичма-босқич ва тизимли равишда шакллантиришда, аввало, хавфсизлигимизга қарши қаратилган жиддий таҳдид ва хатарлар, айниқса, халқаро терроризм, экстремизм, наркоагрессия, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши каби бало-қазолар ҳисобга олинди.

Қуролли Кучларимиз ва уларнинг асосий жанговар бўлинмаларининг принципиал жиҳатдан янги ташкилий-таркибий тузилмаси жорий этилди, бошқарув ва тузилмаларнинг бир-бирини такрорлайдиган, кам самарали бўғинлари тугатилди. Бу эса, ўз навбатида, мазкур бошқарув ва тузилмаларнинг ҳаракатчанлиги, тезкорлиги ва жанговар қобилиятини ошириш имконини берди.

Мамлакатимиз ҳудудига суқилиб кирадиган ҳар қандай тажовузкор босқинчига қарши қатъий зарба беришга қодир бўлган Махсус операцияларни амалга оширадиган кучлар, Террорчиликка қарши курашиш корпуси бўлинмалари ва бошқа замонавий жанговар бўлинмалар ташкил этилди ва уларнинг фаолиятини кучайтириш давом эттирилмоқда. Бугун Армияда хизмат қилишнинг нуфузи баланд. Йигитларимиз учун ҳарбий соҳада хизмат қилиш, нафақат фахрли бурч, балки юксак шон-шарафга айланди.. Барча ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгач, унинг Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилишини ният қилишади. Чунки замонавий жанговар техник қуролларни мукаммал эгаллаган йигитларимиз миллатнинг, юртнинг ифтихори бўлишаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномада мудофаа ва хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз жаҳонда кескин иқтисодий рақобат, ахборот хуружлари, террористик таҳдидлар тобора кучайиб бораётганлиги. Дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ минтақасида қонли тўқнашув ва низолар давом этаётгани,  бундай нотинч кескинлик ўчоқлари камайиш ўрнига кўпайиб бораётганлиги таъкидлаб, ана шундай таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича фаолиятимизни ҳар томонлама кучайтиришимиз шартлиги – замон талаби эканлигини айтиб ўтдилар.

Шу ўринда яна бир муҳим масала – мамлакатимиз мудофаа тизимининг ташкилий тузилмаси, унинг ҳарбий-жанговар ҳолати, аскар ва офицерларнинг маънавий ва руҳий тайёргарлик даражаси бугунги тез ўзгараётган давр талабларидан келиб чиқиб ислоҳ қилинишини  қайд этиш лозим.

Мамлакатимизда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, ўтган қисқа даврда миллий армиямизни ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилиниб, Қуролли Кучларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш жараёни бошланди. Ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг самарасини оширишда янгидан қабул қилинаётган Мудофаа доктринаси муҳим роль ўйнайди. Ушбу доктрина Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойилини, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантиришни ифода этади. Унда давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида аниқ белгилаб қўйилган. Мамлакатимиз геостратегик жойлашувининг ўзига хослиги, шунингдек, минтақада вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Миллий гвардия барпо этилди, армияни янги қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ўзгаришлар асосида Қуролли Кучлар академиясининг фаолияти тубдан қайта ташкил этилди.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилалари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017 йилда ҳарбий хизматчилар учун 56 та кўпқаватли уй барпо этилди ва бу ишлар келгуси йилда янада катта ҳажмда давом эттирилиши таъкидланди.

Қуролли Кучларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш учун Мудофаа-саноат комплексини шакллантириш ва ривожлантириш давлат дастурини қабул қилиш вазифаси белгиланди. Ушбу дастур давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, армиямизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Миллий армиямизни барпо этиш жараёнлари Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигини қўлга киритиш тарихи билан узвий боғлиқдир. Шу маънода, 14 январь санасини фақат ҳарбий хизматчилар эмас, умумхалқ байрами сифатида қабул қилишимиз, уни энг улуғ, энг азиз айёмлардан бири сифатида юксак даражада нишонлаётганимиз бежиз эмас. 

Ватан туйғуси, Ватан ҳимояси тушунчаси шундай азиз ва улуғ неъматки, ҳаёт йўлларида, оғир ва машаққатли синовларда бизга ҳамиша куч-қувват бахш этиб, мардлик ва жасоратга даъват этади. Она ватанимиз Ўзбекистонимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг шаъну шарафини ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

 

 

Тўлқин КАРИМОВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик

  палатаси депутати

 


Кўришлар сони: 267

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.01.2018
Ўзбекистон – Грузия: парламентлараро ҳамкорлик кенгаймоқда

Жорий йилнинг 22 январь куни Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегация Ўзбекистон...

19.01.2018
Парламент аъзолари муаммоларни бартараф этишда мутасадди ташкилотларга кўмаклашмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзола...

18.01.2018
Мурожаат жойида ҳал этилди

Депутат Умид Сулаймонов ҳам сайловчиларнинг мурожаатлари юзасидан учрашувлар ташкил этиб, кўтарилга...

Тадбирлар тақвими