Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Фарходжон ҚУВАТОВ: Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда

Фарходжон ҚУВАТОВ: Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда

Инсонларнинг табиатдан оқилона фойдаланмаганликлари оқибатида хавф остида қолаётган табиий худудлар, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш мақсадида қўриқхоналар ташкил этилади. Мамлакатлар биохилма-хиллигини сақлашда қўриқхона ва миллий боғлар катта аҳамиятга эга. Шу боис, 1997 йилда ёввойи табиатни муҳофаза қилиш маркази ва бутун дунё ёввойи табиат Фонди томонидан 11 январ қўриқхоналар ва миллий боғлар куни деб эълон қилинган. Шундан буён, жаҳонда ушбу сана “Миллий боғлар ва қўриқхоналар куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Зеро, экологик барқарорликни таъминлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш, атроф-муҳит мусаффолигига эришишда бундай объектларнинг алоҳида ўрни бор.

Шу боис мамлакатимизда табиий қўриқланадиган ҳудудларни янада кенгайтириш, уларда ноёб наботот ва ҳайвонот турларини кўпайтириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида истиқлол йилларида миллий ва халқаро “Қизил китоб”га киритилган айрим турларни кўпайтиришга муваффақ бўлингани диққатга сазовордир.

Мамлакатимизда биохилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича қабул қилинган Миллий стратегия ва Ҳаракат режасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилиб, бу соҳадаги фаолиятни янада жонлантириш, унинг самарадорлигини оширишга оид қатор вазифалар ва узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Муҳофаза қилинадиган ҳудудларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва бундай ҳудудларда фаолият юритишнинг иқтисодий механизмларини халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда олиб бориш масаласи ана шундай вазифалардан биридир.

 Ҳар бир тирик организм, табиатнинг тарихан бетакрор, генетик жиҳатдан ягона, ўзига хос аҳамиятга эга бўлагидир. Биохилма-хиллик объектлари инсон ҳаётида қандай аҳамиятга эга эканлигидан қатъий назар, табиий жамоалар мувозанатини ва умуман табиий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Нафақат республикамиз балки дунё миқёсида аҳоли сонининг ўсиши, унинг моддий ва маънавий эҳтиёжларининг ортиб бориши оқибатида табиий ресурларга нисбатан эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Бу ҳолат тирик организмлар ва уларнинг яшаш муҳитларини вайрон бўлишига, ареалларини қисқаришига, айрим турларнинг бутунлай қирилиб кетишига олиб келмоқда. Маълумотлар, йилдан йилга ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун нормаларининг бузилиш ҳолларининг ошишини, экологик ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг ўсишини кўрсатмоқда.

Юқорида қайд этилганлар асосида айтиш мумкинки, тирик организмлар ва ландшафтларни сақлаб қолишда соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, кенг жамоатчиликнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишдаги иштирокини таъминлаш айни вақтдаги долзарб вазифалардан саналади.

Республикамизда биологик хилма-хилликнинг асосини ташкил этувчи ўсимлик ва ҳайвонот дунёси бетакрор ва ўзига хос. Маълумотларга кўра мамлакатимизда 15700 га яқин ҳайвон турлари учрайди. Шундан 15000 га яқини умуртқасиз яъни тубан ҳайвонлардир. Умуртқасиз ҳайвонлардан Ўзбекистон “Қизил китоби”га 78 тури киритилган, шундан 18 тури эндемик, 3 тури эса ТМҚХИ (Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи) қизил рўйхатига киритилган.  Ўзбекистонда учровчи ҳайвон турларининг 677 таси юксак тузилишга эга бўлган умуртқали ҳайвонлар бўлиб, шундан, 106 тури Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган. Жумладан, Ўзбекистон “Қизил китоби” балиқларнинг 18 тури (шундан 6 тури ТМҚХИ қизил рўйхатига), судралиб юрувчиларнинг 16 тури (2 тури ТМҚХИ қизил рўйхатига), қушларнинг 48 тури (23 тури ТМҚХИ қизил рўйхатига), сут эмизувчиларнинг 24 тури (17 тури ТМҚХИ қизил рўйхатига) киритилган. Қиёслаганда, 2009 йилги Ўзбекистон Қизил китобига жами 184 та ҳайвонлар киритилган бўлса, 1983 йилда уларнинг сони 63 та бўлган.

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва биохилма-хиллигини сақлаб қолишда уларни кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга. 2012 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда ёввойи ва декоратив ҳайвонларни кўпайтириш бўйича расмий рўйхатдан ўтган 30 та питомниклар фаолият юритган. Жумладан, “Зоокомплекс” МЧЖ тутқунликда тошбақа ва бошқа рептилияларни кўпайтириш ва тайёрлаш билан шуғулланса, Бирлашган Араб Амирлиги билан ҳамкорликда йўрға тувалоқни кўпайтиришга мўлжалланган питомник Бухоро ва Навоий вилоятларида фаолият юритмоқда.

Республикамизда айни вақтда 4500 ўсимлик турлари учраши тўғрисида маълумотлар бор. Шундан 9% эндемиклардир. Ўзбекистон “Қизил китоби”га 324 тур ўсимликлар киритилган (1984 йилда уларнинг сони 163 та бўлган). Флора таркибида учровчи турларнинг 700 таси эфир сақловчи, 100 таси замонавий тиббиётда, 1500 таси халқ табобатида фойдаланувчи турлардан ташкил топган. Ўсимлик дунёсидан тиббиёт ва бошқа мақсадларда фойдаланишда бир қанча давлат ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ўсимликларни етиштириш йўлга қўйилган.

Юқорида қайд этилган бой фауна ва флора турларини муҳофаза қилишда муҳофаза қилинадиган ҳудудлар асосий ўрин эгаллайди. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 1995 йилгача муҳофаза қилинадаган ҳудудларнинг майдони республика умумий майдонининг 2% ни ташкил этган. Юқорида қайд этилган Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режасида қўйилган асосий вазифалардан бири ушбу майдонни яна камида 5 баробарга кўпайтириш яъни, 10% га етказишдир.

Ўзбекистонда айни вақтда 8 та давлат қўриқхоналари (Чотқол, Зомин, Нурота, Ҳисор, Китоб, Сурхон, Зарафшон, Қизилқум), 2 та миллий табиат боғлари (Угом-Чотқол миллий табиат боғи, Зомин миллий табиат боғи), 1 та давлат биосфера резервати (Қуйи-Амударё давлат биосфера резервати), 12 та буюртмахона, 7 та давлат табиат ёдгорликлари ва ҳайвонларни кўпайтиришга мўлжалланган 3 та табиий питомниклар (“Жайрон” Экомаркази ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларида жойлашган 2 та МЧЖ йўрға-тувалоқ парваришлаш питомниги) мавжуд. Уларнинг умумий майдони эса 9,1 миллион гектардан ошди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиатда турларнинг ривожи бамисоли занжирдек бир бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, улар ўзаро яхлит экотизимни ташкил этади. Ҳатто бир гиёҳнинг йўқолиши ҳам яшил оламнинг мувозанати бузилишига олиб келади. Аммо шунга қарамай, табиат неъматларига бўлган нооқилона муносабат айрим турларнинг тобора камайиши, қолаверса, бутунлай йўқолиб кетишига сабаб бўлмоқда. Айни пайтда дунё бўйича 16 минг 928 тур йўқолиб кетиш хавфи остида эканлиги, айниқса, ачинарлидир. Бу флора ва фаунанинг табиий кўпаядиган ҳудудлари тобора қисқариб бораётгани, ноқонуний овнинг камаймаётгани билан изоҳланмоқдаки, шу жиҳатлар соҳа мутахассислари зиммасидаги масъулиятни янада кучайтиришни талаб қилади.

Шуни айтиш жоизки, биологик хилма-хилликни сақлаб қолишда муҳофаза этиладиган ҳудудларда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бу албатта,  биологик ресурсларни муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини оширишга хизмат қилади.  

 

 

Фарходжон ҚУВАТОВ,

         Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза

 қилиш масалалари қўмитаси аъзоси 


Кўришлар сони: 3710

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.07.2018
Олий Мажлис қуйи палатасининг айрим қўмиталари таркиби ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг яқинда бўлб ўтган навбатдаги мажлисида...

17.07.2018
Фаолиятда самара ва изчиллик – энг муҳим талаб

Ҳисобот даврида фракция аъзоларига сайловчилардан 564 та ёзма, 1205 та оғзаки мурожаатлар...

16.07.2018
Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати: Ўзбекистон тажрибаси — экспертлар нигоҳида

Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда...

Тадбирлар тақвими