Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Акмал Саидов: Юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови

Акмал Саидов: Юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови

Мамлакатимиз Конституцияси ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасида босқичма-босқич ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда ҳуқуқий кафолати бўлиб келмоқда. Шу маънода, унинг яратилиши жараёнини атрофлича ўрганиш, мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил этиш юртимизнинг янги тарихини ўқиб-ўрганишнинг ажралмас қисми сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, Асосий Қонунимиз ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва ривожлантирилиши босқичлари мустақиллик тарихи билан бевосита боғлиқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, 1992 йил 8 декабрда мустақил Ўзбекистонимиз Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди. Конституциянинг яратилиши ҳамда ҳаётимизга татбиқ этилишида замонамизнинг буюк давлат арбоби Ислом Каримовнинг хизмати беқиёс эканини барчамиз яхши биламиз.

Ўша тарихий онларда Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам самарали меҳнат қилди. “...Мен ҳам Конституциявий комиссия таркибида Бош Қомусимизни яратиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганимни доимо фахрланиб эслайман. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар бугунгидек ёдимда”, деган эди Президентимиз.

Юртбошимиз Асосий Қонунимиз истиқлол арафасида ишлаб чиқилиши ҳамда мустақилликнинг илк йилларида қабул қилиниши даврида ҳам, уни ривожлантириш ва унда белгиланган энг муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳам Биринчи Президентимизнинг ёнида туриб, елкама-елка бирга ишлади, давлат сиёсатини юритиш бобида юксак маҳорат мактабини ўтади. Аниқ айтадиган бўлсак, парламент депутати, Мандат комиссияси раиси, Конституциявий комиссия аъзоси сифатида Асосий Қонунни ишлаб чиқиш билан боғлиқ барча жараёнда унинг ёнида туриб, изчил фаолият юритди.

Асосий Қонунимизни яратиш, қабул қилишдаги иштирокини 4 йўналиш бўйича талқин этиш мумкин. Аввало, Ўзбекистон Олий Совети депутати сифатида фаолият юритган бўлса, иккинчидан, Ўзбекистон Олий Совети Мандат комиссияси раиси сифатида самарали ишлади. Ўзбекистон Олий Совети Конституциявий комиссияси ҳамда Конституциявий комиссия 6-ишчи гуруҳи аъзоси сифатида ҳам фаолият олиб борди.

Шу хусусда сўз борганда, 1990 йил 18 февралда халқ депутатлари Ўзбекистон Олий Советига бўлиб ўтган сайловда 9 миллион 385 минг 740 нафар аҳоли ёки рўйхатга олинган сайловчиларнинг 98,5 фоизи иштирок этганлигини айтиш лозим. Табиийки, бундай юксак даражадаги ижтимоий-сиёсий фаоллик жамият ҳаётидаги мураккабликларга қарамасдан халқ бирдамлигини таъминлаган бўлса, иккинчи томондан, фуқаролар ишончи ва муҳаббатига сазовор, ҳақиқий жонкуяр инсонлар сайланишида муҳим омил бўлди.

Замон талаблари асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Олий Советига сайлов тўғрисидаги янги Қонун асосида ўтказилган сайловда Тошкент шаҳар, Қорасув сайлов округидан номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёев депутат сифатида сайланган. Эътиборли жиҳати шундаки, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Олий Совети депутатлари эл-юртимиз тарихида ғоят улкан аҳамиятга эга қарорлар қабул қилган. Хусусан, парламент аъзолари иштирокида собиқ Иттифоқ ҳудудида биринчи бўлиб 1990 йил 24 мартда Ўзбекистонда Президент лавозими таъсис этилди. Айни чоғда 1990 йил мартида Ўзбекистон тарихида бўлмаган янги орган — Конституциявий назорат қўмитасига асос солинди. Ўша йилнинг 20 июнида Мустақиллик декларацияси эълон қилинди, истиқлол арафасида мустақил Давлат байроғи, Герби ҳамда Мадҳиясини яратиш йўлида дастлабки қадамлар қўйилди. Қолаверса, Мустақиллик эълон қилинишидан анча олдин, яъни 1990 йил 21 июнда Конституциявий комиссия тузилиб, мустақил давлат Асосий Қонунини яратиш ишлари бошлаб юборилди.

Давр қонунчилигига кўра, сайлов натижалари, депутатларнинг сифат таркиби ҳақидаги батафсил маълумотлар Олий Совет сайлайдиган Мандат комиссияси томонидан эълон қилинар, депутатлар ваколатларини аниқлаш учун зарур бўладиган барча ҳужжатни ҳам сайлов комиссияси мазкур комиссияга топширар эди. Шу боис 1990 йил 24 мартда бўлиб ўтган ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Олий Совети биринчи сессиясида депутатлар биринчи навбатда 24 кишидан иборат Мандат комиссияси таркибини сайлаб олишди. Депутат Шавкат Мирзиёев ушбу комиссия раиси этиб сайланди.

Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Олий Совети биринчи сессиясида Конституция лойиҳасини тайёрлаш учун комиссия тузиш, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг собиқ биринчи секретари Шароф Рашидов давридаги республика партия ташкилоти фаолиятига берилган сиёсий баҳони қайта кўриб чиқиш ҳамда тегишли махсус комиссия ташкил этиш ва Ўзбекистон ССР Президентини сайлаш ҳақидаги муҳим масалалар муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

Ўзбекистон Олий Советининг 1990 йил 20 июндаги қарори билан Биринчи Президентимиз раислигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссия тузилди. Шавкат Мирзиёев унинг таркибида фаол иштирок этди. Шу тариқа Олий Кенгашнинг 1992 йил 2 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси лойиҳаси ҳамда Конституциявий комиссия таркибига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори билан мазкур комиссиянинг 71 нафар аъзодан иборат янгиланган таркиби тасдиқланди.

Конституциявий комиссия томонидан лойиҳа 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди. Конституциявий комиссия ўзининг тўла таркибида уч марта мажлис ўтказди. Уларнинг барчасида Президентимиз қатнашди.

Биринчи мажлисда Асосий Қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича 32 кишидан иборат Конституциявий комиссия Ишчи гуруҳи тузилган.

Мазкур гуруҳ аъзолари Асосий Қонунимиз лойиҳасининг сўнгги бўлимига тегишли якуний қоидаларни ишлаб чиқиш билан шуғулланди. Якуний қоидаларда, аввало, Конституцияни ўзгартириш тартибини, унинг кучга киришига доир нормаларни, Ўзбекистон пойтахти ва давлат рамзларига тегишли моддаларни акс эттириш кўзда тутилганди. Шу ўринда ушбу ишчи гуруҳ томонидан илгари сурилган конституцияшунослик соҳасидаги янги бир ташаббус қандай рўёбга чиққани ҳақида мухтасар тўхталмоқчимиз. Гап шундаки, собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистоннинг пойтахти ҳамда давлат рамзларига доир моддалар 1978 йилги Конституциянинг охирги бўлимида берилган эди.

Гуруҳ аъзолари давлат пойтахти ва рамзлари мустақил давлатнинг муқаддас тимсоллари эканини ҳисобга олиб, уларга доир қоидаларни Асосий Қонун лойиҳасининг Биринчи бобига ўтказиш таклифини илгари сурди. Комиссия томонидан маъқулланган ушбу ташаббус икки марта ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида кенг жамоатчилик тасдиғидан ўтди. Натижада Конституциямизнинг 5-моддасида давлат рамзлари — байроқ, герб ва мадҳияга доир норма, 6-моддасида пойтахтимиз — Тошкент шаҳрига тегишли қоида мустаҳкамлаб қўйилди.

Шундай қилиб, Юртбошимиз ўз даврида қонун чиқарувчи ҳокимият намояндаси, парламент депутати, Мандат комиссияси раиси, Конституциявий комиссия аъзоси, ишчи гуруҳ эксперти сифатида Асосий Қонунимизни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш жараёнида бевосита қатнашган бўлса, кейинги чорак аср давомида ижро этувчи ҳокимият тизими поғоналарида самарали фаолият юритиб, конституциявий нормаларни ҳаётга изчил татбиқ этишда муносиб ҳиссасини қўшди.

Бугунги кунда Президентимиз, Конституциямизнинг 89-моддасига асосан, давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлаб келмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси, ўз моҳиятига кўра, дунёда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги замонда давлат ҳамда жамият қурилиши соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий соҳалар ва хавфсизликни таъминлаш бўйича бешта устувор йўналишда аниқ муддатга мўлжалланган том маънодаги миллий стратегия ҳисобланади.

Конституциямизда белгилаб берилган қоида ҳамда тамойиллар негизида мамлакатимизда самарали миллий қонунчилик тизими, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланиб, ҳаётимизнинг барча соҳа ҳамда тармоқларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалиб, халқимизнинг онгу тафаккури тобора ўсиб бораётгани, айниқса, аҳамиятлидир.

Асосий Қонунимизнинг чорак асрлик ёши кенг нишонланаётган шу кунларда унинг бошқа давлатлар Бош ҳужжатларидан ажралиб турадиган ўзига хос жиҳатларини яна бир бор кўрсатиб ўтиш жоиз. Аввало, у ўзининг туб моҳияти ҳамда фалсафаси, мақсадлари ва ғояларига кўра янги ҳужжатдир. Унинг биринчи моддасидан то охиргисигача истиқлол ғоялари билан суғорилган.

Конституциямиз ўзининг ички тузилиши ҳамда янги конституциявий институтлари билан ажралиб туради. Қолаверса, бошқа конституциялардан фарқли равишда, унда ўта мафкуралаштириш ва сиёсийлаштириш руҳи эмас, балки умумбашарий қадриятлар устуворлик қилади. У халқаро ҳуқуқнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган талаб ҳамда қоидаларига тўлиқ жавоб беради.

Шунингдек, Асосий Қонунимиз жаҳон конституциявий тажрибасига кенг таяниши ва ижобий томонлардан атрофлича фойдаланганлиги билан ажралиб туради. Уни мустақил давлатимиз равнақининг ҳуқуқий кафолати даражасига кўтарувчи муҳим белги шуки, мазкур ҳужжатда жаҳоннинг бу борадаги илғор тажрибаси миллий-маънавий ва ҳуқуқий қадриятларимиз, ўзбек халқи бой тарихига уйғун ҳолда қўлланилган.

Умуман олганда, Конституциямиз яратилиши тарихи шундай ўзига хос курашларга бой бўлган. Зотан, Конституцияни яратиш тарихи, бу — мустақиллик учун, конституциявий суверенитет учун курашнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси.



Кўришлар сони: 1415

Депутатлар минбари

Янгиликлар

12.12.2017
“Адолат” СДП фракцияси: Илм-фан, инновацияларни кенг қўллаб-қувватлаш — бош мақсадимиз

Эътироф этилганидек, 2018 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг...

12.12.2017
Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлиги сақлаб қолинади

Депутатлар томонидан 2018 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш хақи тўловлари, пенсиялар, ...

12.12.2017
Мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинди

Фракция аъзолари 2018 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамаси чоғида хўжалик юрит...

Тадбирлар тақвими