Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Акмал РАҲМОНОВ: Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг муҳим кафолати

Акмал РАҲМОНОВ: Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг муҳим кафолати

Инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланади. Мамлакатимиз Конституциясида умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ -нормаларига мувофиқ, бу қоида кафолатланганлиги белгилаб қўйилган.


Дарҳақиқат, юртимизда ислоҳотларнинг дастлабки босқичидаёқ, инсон ҳуқуқлари устуворлиги принципига таянган ҳолда, миллий ҳуқуқий тизим барпо этилди. Ўлим жазосининг бекор қилиниши ҳам истиқлол йилларида халқимиз эришган энг катта ютуқлардан бири бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Асосий Қонунимизда ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи мустаҳкамланиши баробарида, давлат томонидан уни қўриқлаш ва ҳимоя қилишнинг кучли механизми яратилиши кўзда тутилган. Бу каби тадбирлар нафақат жиноятчиликнинг олдини олиш ёки унга қарши курашиш натижасидаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятини, балки ижтимоий соҳада ҳам инсон ҳаёти таъминланишини ўз ичига олган. Хусусан, яшаш ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида давлатимиз томонидан фуқаролар соғлиғини сақлашга катта эътибор берилмоқда. Бунинг учун соғ-лиқни сақлашнинг ягона тизими яратилган бўлиб, у давлат, хусусий ва бошқа тизимлардан иборат. Шу билан бирга, инсон ҳаётини муҳофаза қилишга доир жиноий ҳуқуқий чораларнинг пухта тизимига эга бўлдик. Масалан, Жиноят кодекси нормаларида бевосита фуқароларнинг ҳаётига зиён етказганлик учун у ёки бу даражада жавобгарлик белгиланган.

Конституциямизга таяниб Ўзбекистон Республикасининг жиноят қонунчилиги инсонларнинг ижтимоий сифатлари ёки ҳар қандай биологик хусусиятларга эга бўлишидан қатъи назар, уларнинг соғлиғини ҳимоялашни ўз олдига бирламчи мақсад қилиб қўйган. Ҳар бир инсоннинг, у ёш гўдак ёки қария, жисмонан соғлом ёки ногирон, ақли расо ё норасо бўлишидан қатъи назар, ҳаёти ва соғлиғи энг олий қадрият эканлиги Конституция даражасида мустаҳкамланган.

Юртимизда, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш давомида ушбу соҳа қурилишининг мутлақо янги концепцияси жорий этилди. Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш давомида жиноят қонунчилигидаги жиноятлар таснифи қайтадан кўриб чиқилди ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар кўлами кенгайтирилди. Ушбу йўналишда қабул қилинган муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар Асосий Қонунимизда жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмаслиги, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароит таъминлаб берилиши, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслигига оид белгиланган қоидаларнинг янада тўлиқ руёбга чиқишига ҳуқуқий асос яратмоқда.

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шубҳасиз, юртимизда қарор топган демократик конституциявий тузумни янада мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинлик-лари, қонуний манфаатлари ва мулкини самарали ҳимоя қилишда ички ишлар органларининг серқирра фаолиятини, шубҳасиз, янги босқичга кўтарди.

Бинобарин, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида ҳуқуқий демократик давлат қуриш ғояси ётар экан, ундаги энг муҳим талаблардан бири қонун устуворлигини таъминлашдир. Зеро, қонунга итоат қилинган жойда тартиб-қоида бўлади, жамият тинчлиги ва хавфсизлиги муҳофаза этилади, фуқароларнинг ҳуқуқлари амалга ошади, қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади. Қисқача айтганда, юртда тинчлик, осойишталик ҳукм суриши, фуқаролар хавфсизлиги, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари таъминланиши кўп жиҳатдан ички ишлар тизими фаолиятига боғлиқ.

Маълумки, ички ишлар органлари фаолияти ўзининг функционал мақсадига кўра, кенг қамровлидир. Шу боис Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тезкор-қидирув фаолиятни амалга ошириш, суриштирув ва дастлабки тергов, уюшган жиноятчиликка ва терроризмга қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, эҳтиёт чораларини, жиноий жазони ва жиноий-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини ижро этиш ички -ишлар органлари фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида ўз ифодасини топди. Шунингдек, унда шахсларни қидириш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, маъмурий жазоларни қўллаш тўғрисидаги қарорларни ижро этиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги, паспорт режими, қўриқлашга доир тизимнинг ўндан ортиқ вазифалари тизимлаштирилди. Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни, энг муҳими, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга -хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойилни изчил рўёбга чиқаришни таъминлайди.

Умуман, ҳозирги вақтда Асосий Қонунимиз ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибаси, демократия ва ижтимоий адолат, халқаро ҳуқуқ қоидаларининг устунлиги асосида инсонпарвар демократик давлат барпо этиш йўлида улкан аҳамият касб этиб бормоқда. Зеро, Конституция ҳамда қонунларимизнинг бош ғояси ўта муҳим концептуал масала — осойишта ҳаёт, яъни мамлакат ичида бевосита фуқаро ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқий тартиботни янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ. Айни чоғда бу борада конституциявий ислоҳотлар тизимли амалга оширилаётгани инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлаш, халқаро ҳуқуқ нормалари устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Акмал РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.



Кўришлар сони: 397

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими