Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Феруза ИБРАГИМОВА: Миллий ҳунармандчилигимиз бардавомлиги йўлида муҳим қадам

Феруза ИБРАГИМОВА: Миллий ҳунармандчилигимиз бардавомлиги йўлида муҳим қадам

Асрлар оша авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтиб келаётган миллий ҳунармандчилигимиз анъаналари халқимизнинг кўп минг йиллик боқий қадриятларидан биридир. Шу боис, мамлакатимизда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши натижасида қадимий анъаналарни замон билан уйғунлаштирган ҳолда, ҳунармандчиликнинг янгидан-янги турлари яратилмоқда. Бугун моҳир қўллар билан яратилган ҳунармандчилик маҳсулотлари хорижий давлатларда ҳам Ўзбекистон номини шарафламоқда.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда фаолият юритаётган “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларининг сони бугунги кунга келиб 20 минг нафардан ошди. Миллий ҳунармандчиликнинг 34 йўналишида фаолият юритаётган ҳунармандлар қатор солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиб келмоқдалар. Айни вақтда юртимиз ҳунармандлари ички ва ташқи бозор учун 1000 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқармоқдалар. Улар ўзининг юқори сифати, бадиий жиҳатдан юксаклиги, табиийлиги ва миллий ўзлигимиз, тарихий анъаналаримизни ўзида мужассам этгани билан маълум маънода Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига ва туризмнинг брендига айланмоқда.

Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда кўтарилган масалалар, белгилаб берилган муҳим вазифалар эса келгусида соҳани янада ривожлантириш йўлида янги бир босқични бошлаб бергани, шубҳасиз.

Шу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан ҳунармандларнинг оғриқли муаммолари ечимига қаратилган фикрлари эътиборга моликдир. Энди айнан ушбу муаммолар давлат сиёсати даражасида ҳал этилиши, истиқболли лойиҳаларнинг молиялаштирилиши, ҳатто соҳага халқаро молия институтлари инвестицияларини жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш, ўз навбатида, партиямизнинг ўз электорати олдидаги масъулиятини янада кучайтиришга, миллий ҳунармандларимизнинг истиқболли лойиҳалари ва ташаббусларини рўёбга чиқаришда катта имкониятларни яратди.

Шунингдек, ҳунармандларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳам ўз навбатида иш билан банд аҳолининг статистик рўйхати шаклланишига олиб келсада, уларнинг ҳунармандчилик фаолиятига тўсқинлик қилмайди. Аксинча янада кенг шарт-шароитларни яратади. Ҳунарманд ишлаб чиқарган маҳсулотини хоҳласа уйида, хоҳласа супермаркет ва бозорларда сотиши мумкин. Уларга савдо қоидалари бўйича касса аппарати ва савдо терминалидан фойдаланиш ҳамда тижорат банкларига савдодан тушган нақд пулни инкассация қилиш талаблари ихтиёрий этиб белгиланди. Бу жиҳатлар ҳунармандларни тадбиркорлик ишларига янада кўпроқ рағбатлантириши табиий.

Бугун иқтисодиётимизда туб бурилиш валюта сиёсатини либераллаштириш билан боғлиқ ислоҳотлар ишбилармонлар қатори ҳунармандлар учун ҳам ниҳоятда қўл келиб, бир қадар енгилликларни яратди. Президентимиз йиғилишда ҳунамандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, жумладан, банк ҳисобрақамларидан хорижий валютани нақд ҳолда олиш ҳуқуқи берилиши масаласини кун тартибига қўйгани айни муддао бўлди.

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи ва бешинчи бандларида белгиланган вазифаларнинг ҳаётийлигини ҳам айнан давлатимиз раҳбарининг ҳунармандларни хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль ва ярмаркаларда қатнашишларига қаратилган топшириқларида яққол кўринади. Чет элларда ўтказиладиган бундай тадбирларда миллий ҳунармандларимизнинг қатнашиши давлатлараро ҳамкорлик, ўзаро товар айирбошлаш, давлатларнинг ўзаро маданияти ва тарихидан хабардорлиги, бунинг замирида, энг аввало, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Президентимиз яқинда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари саммитида “давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун биз олдин ҳамкорлик қилмаган йўналишларни, соҳаларни очишимиз даркор”, деб таъкидлади. Айнан давлат раҳбари назарда тутган йўналишлардан бири ҳунармандларимиз миллий брендимиз тамғаси остида ишлаб чиқарган маҳсулотларни жаҳонга кенг ёйиш эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Зеро, бугун жаҳон ва маҳаллий бозорларимизни безаб турган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ёшларимиз қалбида асрий қадриятларимизга меҳр ва муҳаббатни шакллантириш баробарида, уларни авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналарни давом эттиришда муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз томонидан ҳунарманчилик соҳасининг юқори даражада қўллаб-қувватланаётгани соҳанинг истиқболига хизмат қилади.

 

Феруза ИБРАГИМОВА,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси.


Кўришлар сони: 287

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими