Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ: Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш — устувор вазифа

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ: Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш — устувор вазифа


Аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини оширишда барча соҳалар қатори электр энергетика тармоғи муҳим ўрин тутади. Таъкидлаш жоизки, биз, депутатлар ҳудудларга чиқиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиш жараёнида истеъмолчиларга етказиб берилаётган энергия ресурслари қийматини аниқлашда табақалаштирилган ёндашув мавжуд эмаслиги ва бу нооқилона фойдаланишга сабаб бўлаётганига, муқобил энергия манбаларининг жорий этилмаганига гувоҳ бўлдик.

Президентимизнинг шу йил 8 ноябрда қабул қилинган “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада учраётган бундай камчиликларни бартараф этиш баробарида янги технологияларни татбиқ этишга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.  

Мазкур ҳужжатга кўра, 2018 йил 1 январдан энергия ресурсларидан тўғри ва тежамкорлик билан фойдаланишни рағбатлантирувчи бир қатор механизмлар назарда тутилмоқда. Жумладан, пишган ғишт, гипс, цемент ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, шунингдек, муайян хизматлар кўрсатувчи (ресторанлар, кафелар ва бошқалар) истеъмолчилар уланган қуввати 750 кВА бўлган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ўрнатиладиган ўсиб борувчи коэффициент ва тарифларга мувофиқ амалга оширилади. Уланган қуввати 750 кВА ва ундан юқори бўлган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар сутка вақтларининг табақалаштирилган тарифи бўйича қилинади. Эътиборлиси, мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмалари насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станцияларига нисбатан татбиқ этилмайди. Республика электр таъминоти тизимига юкламани тенглаштириш мақсадида электр энергиясидан фойдаланганлик учун тўловларнинг қулай тарифлари ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистондаги энергия тежалишига оид ҳуқуқий база 1997 йил 25 апрелдаги “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан мустаҳкамлаб қўйилган. Айни пайтда “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам тайёрланмоқда. Унда қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш билан бирга, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сотиш масалалари алоҳида инобатга олинаётир.

Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг барча тармоқларига оид устувор вазифалардан бири, шубҳасиз, энергия ресурсларидан фойдаланишда суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик ва тежамкорлик билан ёндашишдан иборатдир. Бунда жисмонан ва маънан эскирган ишлаб чиқариш қувватларини энергия тежайдиган технологияларга алмаштириш, шунингдек, янги лойиҳаларни амалга оширишда айнан шу технологияларни, ишлаб чиқаришда эса электр ва газ тежайдиган қурилмаларни жорий қилиш, мавжуд хомашё базасидан оқилона фойдаланиш, иккиламчи қайта ишлаш лойиҳаларини илгари суриш, асосий ишлаб чиқариш ва ёрдамчи қувватларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштириш сингари йўналишларга кенг урғу берилмоқда.

Бугунги кунда муқобил энергия манбаларини қўллашдан келиб чиққан ҳолда, электр энергиясини ишлаб чиқариш, тарқатиш ва истеъмол қилиш соҳаларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш муҳим ўрин тутади. Шубҳасиз, мамлакатимизда энергия тежамкор технологияларнинг жорий этилиши аҳоли фаровон турмуш тарзининг янада яхшиланишига олиб келади.

 

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.


Кўришлар сони: 317

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими