Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Элдор ТУЛЯКОВ: Ижро ишини юритиш такомиллашади

Элдор ТУЛЯКОВ: Ижро ишини юритиш такомиллашади

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорлигини ва ишбилармонлар фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шубҳасиз, бу жараёнда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш, мол-мулкни реализация қилиш бўйича аукцион савдоларининг қонунийлиги, шаффофлиги ва холислигини таъминлаш муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  қонун лойиҳаси ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қонун лойиҳаси билан мамлакатимизнинг “Гаров тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги ҳамда “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, унга мувофиқ, хатланган мол-мулкни сотиш бўйича аукцион савдолар фақат электрон онлайн-аукционлар шаклида ўтказиш таклиф этилмоқда. Бундай янги тартиб фуқаролар учун электрон онлайн-аукционларда кенг иштирок этиш ҳамда кўчмас мол-мулк, автотранспорт воситалари ва бошқа мол-мулкни адолатли ва шаффоф савдоларда сотиб олиш имкониятини таъминлайди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан дастлабки электрон онлайн-аукционлар нархни ошириб бориш тамойили асосида ўтказилиб, унда лот нархи бўйича охирги тасдиқлаган иштирокчи ғолиб деб топилиши таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, дастлабки аукционлар мол-мулкка қизиқиш бўлмаганлиги сабабли ўтказилмаган деб топилган тақдирда, нархни тушириб бориш тамойили асосида такрорий аукционлар ўтказилиб, бундай аукционларда эълон қилинган лот нархини биринчи тасдиқлаган иштирокчи ғолиб деб топилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса электрон онлайн-аукционларда ғолибларни ташқаридан ҳеч бир аралашувсиз автоматик тарзда аниқлаш имконини беради.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат. Илгари суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда анъанавий аукционларни ташкил этиш билан риэлторлик ташкилотлари (кўчмас мулк бўйича) ва бошқа ихтисослаштирилган ташкилотлар (бошқа мол-мулклар бўйича) шуғулланар эди. Қонун лойиҳасида ушбу функцияни ваколатли операторга юклатиш таклиф этилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси қошида «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш бўйича марказ» давлат унитар корхонаси ташкил этилди. У "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли оператор сифатида белгиланган.

Тан олиш лозимки, шу кунгача ижро ишини юритишда коррупциявий хавф-хатарларни ўз ичига олган, қонунларнинг бузилиши ва фуқароларнинг асосли норозилигига сабаб бўлиб келган айрим механизмлар мавжуд эди. Қолаверса, суд қарорларини ижро этиш доирасида ўтказиб келинган оммавий савдолар замонавий талабларга жавоб бермасди. Оқибатда буларнинг барчаси хатланган мол-мулкнинг олди-сотди бозорини монополиялаштиришга, нарх бўйича манипуляцияларга ва бошқа коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга  сабаб бўлар эди.

Масалан, кўп ҳолларда мол-мулк савдога қўйилганлиги тўғрисидаги ахборотдан кўпчилик хабардор бўлмаган, чунки бундай хабарномалар савдодан бир ой олдин фақат бир марта босма оммавий ахборот воситаларида чоп этилган.  Натижада айрим инсофсиз савдо ташкилотлари томонидан аукционда иштирок этувчи харидорларнинг сони сунъий равишда чекланишига, мол-мулклар эса арзон нархларда манфаатдор шахсларга сотилишига муваффақ бўлинган.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги мазкур камчиликлар сотувга чиқарилган мол-мулкнинг бир неча маротаба арзонлаштирилишига, мазкур жараёнларнинг чўзилиб кетишига олиб келиб, пировард натижада, суд қарорларининг вақтида ҳамда тўлиқ ижро этилишига имкон бермаган.

Шу сабабли ҳам қонун лойиҳаси жамоатчилик, соҳа вакиллари томонидан ижобий кутиб олинди. Чунки бу қонун лойиҳаси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бозорини монополиядан чиқаришга ва унинг имкон қадар шаффофлигини таъминлашга қаратилган. Айни пайтда соҳада нарх билан боғлиқ манипуляциялар ва бошқа коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, уй-жой ва нотурар кўчмас мулкларни, автотранспорт воситалари ва бошқа турдаги мол-мулкни очиқ ҳамда адолатли оммавий савдоларда (электрон онлайн-аукционларда) сотиб олиш жараёнларига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этишга замин яратади.

Албатта, қонун лойиҳаси билан жорий этиладиган замонавий тизим, бошқа соҳаларда бўлганидек, фақат адолат тамойили асосида иш кўришга, юртдошларимизга янада қулайликлар яратишга, халқимиз манфаатини таъминлашга хизмат қилади.

Элдор ТУЛЯКОВ,

Ўзбекистон Республикси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.


Кўришлар сони: 564

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими