Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шуҳрат ЁҚУБОВ: Ижтимоий адолат ва қонунийлик асоси

Шуҳрат ЁҚУБОВ: Ижтимоий адолат ва қонунийлик асоси

Конституциямиздаги ҳар бир қоида таҳлилий фикр ва мулоҳаза учун алоҳида мавзу. Лекин шундай конституциявий нормалар борки, улар депутатлар, халқ вакиллари, давлат хизматчилари фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш учун бош мезондир. Бундай эзгу ғоялардан бири – бу ижтимоий адолат ва қонунийлик тамойили ҳисобланади.

«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак» деган эзгу ғоя замирида ҳам айнан Асосий қонунимизда белгиланган давлатнинг инсон фаровонлигини кўзлаб фаолият олиб боришига оид принципиал қоидалар мужассам.

Халқ манфаатларини кўзлаб, фуқаролар фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган янгиликлар сифатида аввало Ҳаракатлар стратегияси аталмиш ҳаётий дастурнинг қабул қилиниши, 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниб, Давлат дастурининг ишлаб чиқилгани ҳамда унинг самарали ижро этилаётганини кўрсатиш лозим.

Давлат органларининг мансабдор шахслари, депутатларнинг ҳудудларга чиқиб, халқ орасига кираётгани, аҳоли кўтараётган кўплаб муаммоларнинг ҳал этилаётгани ҳам юқоридаги конституциявий норманинг амалий ижросидир.

Масалан, биргина депутатлик корпуси томонидан 2017 йил мамлакатимизнинг 77 туманида ўрганишлар ўтказилиб, хонадонларга кирилиб, халқ билан бевосита мулоқот қилинди. Аҳолини ташвишга солаётган масалаларни ўз жойида ҳал этишга эътибор қаратилди. Ўрганишлар жараёнида 452 мингдан зиёд фуқаро, жумладан, 8 минг 512 тадбиркорлик субъекти вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Бундай мулоқотлар чоғида аҳоли томонидан 25 мингдан зиёд масала кўтарилган бўлиб, уларнинг асосий қисми уй-жой, коммунал соҳа, транспорт ва йўл қурилиши, аҳоли бандлиги, соғлиқни сақлаш, банк-кредит, таълим, савдо ва маиший хизмат, тадбиркорлик соҳаларига тааллуқли бўлди.

Ҳудудларда парламент аъзолари томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли 5 мингдан ортиқ масала ўз жойида ҳал этилди. Хусусан, 557 фуқаро ишга жойлаштирилди, 1 минг 280 фуқарога тадбиркорликни амалга ошириш учун 9,6 миллиард сўмдан зиёд банк кредити ажратилишига кўмаклашилди. 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган 2 та ҳудудда сув қудуғи қазилиб, сув насоси ўрнатилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Хонадонларга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди, савдо объектларига банк терминаллари ўрнатилди. Фуқароларга даволаниш учун ордерлар олиш, уларни ногиронлик араваси билан таъминлашга ва бошқа тиббий хизматлар кўрсатилишига кўмаклашилди.

Бош қомусимизнинг 14-моддасида барча амалий ишлар «ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширилади» дея мустаҳкамланган. Умуман, ижтимоий адолатга интилиш каби устувор ғоя Конституциямизнинг муқаддимасидаёқ белгиланган. Бу асосий қонуннинг барча нормалари адолат тамойиллари асосида шаклланганини кўрсатади.

Адолат ва ҳақиқатга интилиш халқимизнинг табиатига хос. Адолат ва ҳақиқат ғояси ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олмоғи даркор. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 январь куни прокуратура органлари ходимлари билан учрашувда «одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликка чидай олмайди. Жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлмоғи керак» деган фикрлари, нафақат прокуратура органлари ходимларига, балки давлат ҳокимияти идораларида хизмат қилаётган барча мансабдор шахслар учун энг асосий мақсад, энг муҳим вазифа бўлмоғи лозим. Зеро, адолат устувор бўлган жойда барака бўлади, тинчлик ҳукм суради, фуқароларнинг фаровонлиги таъминланади, мамлакат янада ривожланади.

Президентимиз томонидан судлар фаолиятини янада кучайтириш, ижтимоий адолатни таъминлаш борасидаги жиддий ташаббуслар суд ҳокимияти фаолиятига янгича мазмун олиб кирди. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги янги қонунлар қабул қилинди.

Биз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган ҳуқуқий давлат барпо этар эканмиз, бунинг учун аввало жамиятда қонун устуворлигини таъминлашимиз лозим. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги алоҳида қонуннинг қабул қилиниши катта амалий аҳамиятга эга бўлди.

Шунингдек, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ва аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилгани мамлакатимизда қонунийликни таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.

Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Асосий қонунимизни ҳаётга татбиқ этиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон манфаатларига йўғрилган ташаббуслар барчамизни юртимиз тараққиёти учун хизмат қилишда янада фаол бўлишга чорламоқда. Зеро, барчамизнинг энг асосий мақсадимиз ҳам халқимиз учун хизмат қилиш, қонун устуворлиги ва адолат тантанаси учун курашиш, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдир.

Шуҳрат ЁҚУБОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1509

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими