Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Исломжон ЗОКИРОВ: Аграр соҳадаги муносабатларнинг янги босқичи

Исломжон ЗОКИРОВ: Аграр соҳадаги муносабатларнинг янги босқичи

Президентимизнинг кеча матбуотда эълон қилинган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фермерлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари, мазкур соҳага алоқадор меҳнаткашлар, умуман, халқимизни беҳад қувонтирди. 

Айни чоғда фермерлар қаторида ўз томорқасида деҳқончилик билан шуғулланувчи ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муҳофаза этишга хизмат қилувчи ҳужжат бўлди, десак, асло янглишмаймиз.

Фармонда фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофазалаш масалалари аниқ-равшан акс этди. Фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйишдаги муаммолар, айниқса, бу борада билим ҳамда кўникмаларни ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлашдаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди. Фермер ҳамда деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ҳамда жамоатчилик назоратини лозим даражада ўрнатиш юзасидан вазифалар юклатилди.

Дарҳақиқат, жорий йилнинг дастлабки ойларидан бошлаб биз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда ҳақиқий ҳолатни ўрганганимизда, қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигига гувоҳ бўлгандик. Шубҳасиз, мазкур Фармон ушбу муаммоларни бартараф қилишда дастуриламал бўлади.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари Фармонида қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг ҳозирги босқичдаги еттита устувор йўналиши белгилаб берилди. Яъни унга кўра, бундан буён соҳадаги ҳуқуқий база такомиллаштирилади. Бу борада парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизими яратилади, соҳага алоқадор мутасаддиларнинг вазифалари аниқ белгиланиб, уларнинг жавобгарлиги кучайтирилади, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. “Томорқа — қўшимча даромад манбаи!” шиори остида аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишлари йўлга қўйилади, ер эгаларининг билим ҳамда тажрибалари оширилади, улар зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминланади.

Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда соҳадаги фаолиятни назоратга олишда давлат органларининг вазифалари белгиланди. Хусусан, 2018 йил ҳосилидан бошлаб фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш натижадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилади. Бу, ўз навбатида, аҳолида ерга бўлган муносабатни тубдан ўзгартиради, фермер, деҳқон хўжаликларида ерлардан унумли фойдаланиш бўйича янги чораларни кўриш ва татбиқ этишга туртки беради. Шунингдек, парламент қуйи палатаси депутатлари ҳудудларда, энг аввало, қишлоқ хўжалиги шароитлари оғир бўлган туманларда, фермер хўжаликларидаги экин экиш аҳволини ҳар ойда ўрганиш ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида амалий чоралар кўриши лозимлиги белгилангани биз, халқ вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди.

Республикамиз бўйлаб 2018 йил 1 октябрга қадар барча экин майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилиши Фармоннинг муҳим жиҳатларидан саналади. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш бўйича муҳим тадбирлар белгиланган бўлиб, ушбу Фармон унинг ижросида асосий мезон бўлиши баробарида, фермерлик ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.

Мазкур ҳужжатда илгари сурилган вазифалар фермерлар фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этишга, уларнинг масъулиятини оширишга, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада тараққий топтиришга, фермерлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини тайёрлаш баробарида, уларни қайта ишлашни кенгайтиришга ҳам замин яратади. Бу эса аграр соҳадаги муносабатларни янги босқичга кўтариш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим ўрин тутади.

Исломжон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.


Кўришлар сони: 1917

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.12.2017
Конституция — ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асоси

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан Конституция қаб...

06.12.2017
Депутатлар янги шароитларда ОАВни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Ҳаракатлар стратегиясида ҳозирги вақтда Ўзбекистонни изчил тараққий эттиришнинг белгилаб берилиши жу...

06.12.2017
Эътироф ва рағбат

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги...

Тадбирлар тақвими