Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Экологик муаммолар аҳолининг ушбу соҳадаги маданиятини юксалтириш орқали бартараф қилинади

Экологик муаммолар аҳолининг ушбу соҳадаги маданиятини юксалтириш орқали бартараф қилинади

Атроф-муҳитни муҳофаза этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш, мазкур соҳада самарали ҳуқуқий механизмни яратиш бўйича янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳаётий зарурат бўлиб, бугунги кунда ушбу йўналишда белгиланган чора-тадбирлар ижросига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Айтиш мумкинки, айни чоғда экологик муаммоларни ҳал этиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамиятга эга. Тежамкор, экологик тоза технологияларни жорий қилиш, табиатни муҳофаза этиш тадбирларини изчил олиб бориш ёки соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришга доир саъй-ҳаракатлар мазкур жараёнда етарли эмаслигини кўрсатмоқда.

Бунинг учун аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитга оқилона муносабатда бўлиш, табиат неъматларини келгуси авлод учун асраб-авайлаш ҳиссини шакллантириш билан бир қаторда, экологик таълим-тарбиянинг ўрнини мустаҳкамлаб бориш ниҳоятда муҳимдир. Айнан у табиат ва жамият ўртасидаги узвийликни таъминлаш ҳамда табиий барқарорликни сақлашга хизмат қилади. Шу боис экологик таълимни замон талабларига мувофиқ, тегишли қонунларда назарда тутилган қоида ва меъёрларга мослаштириш айни муддаодир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экоҳаракат депутатлар гуруҳи Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг экологик таълим концепциясини яратиш борасида амалий ишлар олиб бормоқда. Албатта, таълим муассасаларида ўқитиш жараёнида ўқувчилар онгини ҳозирги экологик муаммолар моҳиятини очиб берувчи билимлар билан бойитиш ҳамда уларни амалий фаолият, ижтимоий меҳнат билан мустаҳкамлаб бориш мақсадга мувофиқдир. Бундай масъулиятли вазифани ҳал этиш учун ўқитувчидан шу соҳа бўйича билимга, педагогик маҳоратга, юксак экологик маданиятга эга бўлиш, шунингдек, доимий изланиш, ўрганиш талаб қилинади.

Экоҳаракат депутатлар гуруҳи Ўзбекистон Республикасининг экологик таълим концепциясини мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим ҳамда олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш босқичларига жорий этиш масаласини илгари сурмоқда. Бу мамлакатимизда узлуксиз экологик таълимнинг мазмуни ҳамда моҳиятига тўлиқ мос келади. Бу борада, энг аввало, “Ўзбекистон Республикасида экологик таълим ва тарбия тизимининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” ҳақида ахборот-таҳлилий қўлланма яратиш, Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг экологик тарбияси ҳамда таълим дастурини қабул қилиш ва амалиётга татбиқ этиш, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилиниши лозим.

Ўқув муассасаларида узлуксиз экологик таълим ҳамда барқарор ривожланиш таълимини жорий этиш учун мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари, мактаб, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун ўқув-методик қўлланмалар, дарсликлар яратиш, кўргазмали ҳамда дидактик материалларни ишлаб чиқиш, марказлаштирилган ҳолда нашр қилишни таъминлаш, мунтазам равишда экофестиваллар ёхуд танловлар ўтказиб туриш, ўқув-методик қўлланмалар, дарсликлар, кўргазмали материалларни чоп этиш яхши самара бериши, шубҳасиз.

Бинобарин, она-табиатга меҳр қўйиш, уни ўрганиш, ундан оқилона фойдаланиш халқимизга хос қадриятлардан, десак, асло янглишмаймиз. Шу ўринда соҳибқирон Амир Темурнинг табиатга муносабати ҳақида сўз юритадиган бўлсак, айтиш жоизки, буюк давлат арбоби ҳар доим мамлакатда биринчи галда ободончилик ишларига алоҳида эътибор қаратган. “Темур тузуклари”да айтилишича, соҳибқирон қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштирганларни рағбатлантирган. Қаровсиз ерларни обод қилиш, уларни ҳосилдор ерларга айлантириш ҳақидаги кўрсатмалари ҳам диққатга сазовордир.

Шу маънода, миллий маънавиятимизнинг серқирра ҳамда теран илдизларига таянган ҳолда, мафкуравий тарбия йўналишларини ишлаб чиқишда экологик мафкура, таълим ва тарбия тизимини яратиш алоҳида ўрин тутиши лозим.

Экоҳаракат ҳамда унинг депутатлар гуруҳи фаолияти давомида аҳоли, айниқса, ёшларда экологик маданиятни, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмасини шакллантириш, уларнинг экологик билимларини янада бойитиш масалаларига масъулият билан ёндашмоқда. Жумладан, умумтаълим мактаблари ва бошқа ўқув муассасалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оила ҳамда ҳар бир фуқаронинг экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантиришга оид саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, ёшларнинг экологик ташаббусларини, ёш -ихтирочиларнинг табиий ресурсларни асраб-авайлашга, экологик муаммоларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этишга йўналтирилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни муҳим, деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, халқ таълими, олий ҳамда ўрта махсус таълим муассасаларида ёшлар билан ишлашни кучайтириш, аҳоли барча қатламининг экологик маданиятини ошириш учун соҳа йўналишидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига қамраб олган “Экологик қонунлар” тўпламини яратиш, ҳудудларда томорқа маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказиш, ўқув муассасаларида “Экологик марказ”, “Экологик тўгарак”лар ташкил қилиш, уюшган ҳамда уюшмаган ёшларни қамраб олган ҳолда, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган конференциялар, семинар, давра суҳбатлари ва экологик акциялар ташкил этиш белгилаб олингани айни муддао. Бугунги кунда мазкур тадбирлар нафақат марказлар, балки вилоятларнинг чекка қишлоқ ҳамда овулларида ҳам мунтазам ўтказилмоқда.

Умуман айтганда, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг экологик маданиятини ошириш, билими ва савиясини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишда муҳим ҳисобланади. Зеро, бетакрор табиат -инъомларидан оқилона фойдаланиш, уни муҳофаза этиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Борий АЛИХОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.



Кўришлар сони: 2162

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.12.2017
Қирғизистон Президенти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери билан учрашди

Президент Сооранбай Жээнбеков 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси...

13.12.2017
Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати депутатлар диққат марказида

Шу йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажли...

12.12.2017
“Адолат” СДП фракцияси: Илм-фан, инновацияларни кенг қўллаб-қувватлаш — бош мақсадимиз

Эътироф этилганидек, 2018 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг...

Тадбирлар тақвими