Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Нодир МУХТОРОВ: Туризмни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда

Нодир МУХТОРОВ: Туризмни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда

Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда туризмни ривожлантириш орқали иқтисодиётни тараққий топтириш ва халқ фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор бермоқда. Шу мақсадда 2016 йил 2 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинганди.

Мазкур ҳужжатларда анъанавий маданий-тарихий туризм баробарида, унинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, даволаш-соғломлаштириш, спорт, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик турларини кенг оммалаштириш, соҳани комплекс ривожлантиришга доир миллий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, бу борадаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти, хорижий мамлакатларнинг шу фаолият билан шуғулланадиган ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, республикамизнинг барча ҳудудида туризм индустрияси объектларини жойлаштириш, тизим учун етук кадрларни тайёрлашни тубдан такомиллаштириш каби долзарб вазифалар кўзда тутилган бўлиб, ушбу йўналишда муайян чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шунингдек, соҳада бошқарувни такомиллаштириш мақсадида “Ўзбектуризм” Миллий компанияси негизида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил қилинди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 июлдаги “Туризм соҳасини ривожлантиришда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қaрори билан Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳокимларининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимлари жорий қилинди.

Президентимизнинг шу йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи нав-батдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди, унинг ижроси устидан тизимли назоратни олиб бориш учун Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди.

Умуман, ўтган даврда туризмни жадал равнақ топтиришга қаратилган 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, изчил ижро этилмоқда.

Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётир. Масалан, жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра, қарийб 1 миллион 800 минг нафар сайёҳлар мамлакатимизга келган. Бу 2016 йилнинг шу давридагига нисбатан 17 фоиз кўп. Йил охиригача сайёҳлар сони 2,5 миллион нафардан ошиши кутилаётгани, айниқса, эътиборлидир.

Бугунги тезкор замонда шу натижалар билан кифояланиб қолиш мумкин эмас. Шундан келиб чиқиб, 3 октябрда -Юртбошимиз томонидан туризмни янада ривожлантириш борасида бошланган ишлар ижроси ҳамда истиқболдаги муҳим вазифалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Унда давлатимиз раҳбари ўтган қисқа даврда бажарилган ишларга баҳо берар экан, истиқболдаги долзарб вазифаларга тўхталиб, Ўзбекистон ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай мамлакат эканлиги, соҳани ривожлантириш учун, аввало, инфратузилмани такомиллаштириш лозимлиги, ҳар бир йўналиш бўйича, яъни Европа, Осиё ҳамда бошқа қитъалардан келадиган сайёҳлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқиш, чартер рейслар ва темир йўллар қатновини кўпайтириш, ички туризмни янада ривожлантириш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини яхшилаш юзасидан фикр-мулоҳазаларни билдирди.

Айни чоғда соҳа истиқболидаги муҳим жиҳат, бу — ҳудудлардаги барча маданий-тарихий мерос объектлари, табиий ўлкашунослик, миллий қўриқхона ҳудудларининг ягона маълумотлар базасини яратиш, туризм соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, хусусий секторнинг иштирокини янада кенгайтириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, сайёҳликни мавсумий эмас, йил давомида даромад манбаига айлантиришдан иборат эканлигига алоҳида эътибор қаратди.

Юртимизда туризмни юқори даражада ривожлантиришга қаратилган ана шу мақсадли ҳаракатларни ҳам халқ вакили — депутат сифатида, ҳам соҳани ривожлантиришни асосий мақсадларидан бири сифатида ўз дастурларида белгилаб олган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси сифатида қўллаб-қувватлаймиз. Қабул қилинган Фармон ва қарорлар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишдан ташқари, соҳа тараққиётини таъминлаш билан боғлиқ таклифларни илгари суриш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришда фаоллик кўрсатишимиз айни заруратдир. Зотан, партиямизнинг сайловолди платформасида соҳани бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилган.

Нодир МУХТОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.



Кўришлар сони: 476

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

12.10.2017
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолият олиб бориб, улар...

Тадбирлар тақвими