Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ислом ХУШВАҚТОВ: Сув объектларида қум-шағалдан фойдаланиш борасида назорат кучайтирилади

Ислом ХУШВАҚТОВ: Сув объектларида қум-шағалдан фойдаланиш борасида назорат кучайтирилади

Кейинги вақтларда дарё ўзанлари, каналлар ва коллекторларни тозалаш ва уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш борасидаги мукаммал бўлмаган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар сабабли кенг тарқалган фойдали қазилмалар (қум-шағал) заҳираларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жорий йилда мазкур соҳада парламент назоратини олиб бориш натижасида соҳада қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, айрим тадбиркорлар томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш  учун берилган экспертиза хулосалари муддати ўтган бўлсада фаолият юритаётганлиги ва мавжудлари ҳам техник шартларга зид равишда қум-шағал материалларидан тартибсиз равишда фойдаланилаётганлиги аён бўлди. Бунинг натижасида бугунги кунда мавжуд 12,7 минг километрни ташкил этувчи 437 та дарё ва бошқа сув объектлари ландшафтлари ўзгариб, табиий ресурсларга, жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, уларнинг яшаш ва ўсиш муҳитига, қум-шағал заҳираларига катта зиён етказилмоқда.

Дарё ўзанларининг қум-шағал заҳираларидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида дарё ўзанларининг чуқурлашиши ер ости ичимлик суви заҳираларининг ифлосланишига, дарё ўзанларидаги стратегик объектлар (кўприклар, магистрал йўллар, газ ва сув қувурлари ва бошқ.) хавфсизлигига, шунингдек айрим дарё ўзанларида ҳосил бўлган ноқонуний чиқиндихоналар эса маҳаллий аҳолининг ҳаётига ва уларнинг мол-мулкига хавф солмоқда. Дарё ўзанларининг чуқурлашиши қирғоқларнинг ўпирилишини, ботқоқликларнинг пайдо бўлишини келтириб чиқармоқда. Бу ён атрофдаги минглаб гектар майдонларнинг сув таъминотига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шунингдек, дарё ва каналлар қирғоқларида қум-шағал ортиш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларининг техникалари (экскаватор, тошни қайта ишлаш ва ювиш қурилмалари, юк машина)лари йил давомида ишлаши натижасида очиқ сув ҳавзасидаги ичимлик сувининг ифлосланиши мазкур сувдан ичимлик сифатида фойдаланаётган аҳолининг ҳақли эътирозини келтириб чиқармоқда.

Дарёларнинг ўзанларини тозалаш фаолиятини олиб бораётган субъектлар қум-шағал материалларни жисмоний ва юридик шахсларга сотиш фаолиятини олиб бормоқда. Бироқ, Солиқ органларининг маълумотларига кўра, мазкур тадбиркорлик субъектлари жисмоний шахсларга пул кўчирмалари орқали хизмат кўрсатган, жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар учун олинган нақд пул тушумлари эса банк кассаларига деярли кирим қилинмаган, банк терминаллари ўрнатилмаган.

Кенг тарқалган фойдали қазилмалар ресурсларига келтирилган зарарни ундириш бўйича меъёрий - ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаганлиги боис тегишли назорат юритувчи орган инспекторлари томонидан қонунбузар  фуқарога ва мансабдор шахсларга нисбатан таъсирчанлиги паст бўлган  маъмурий жазо қўлланилган холос. Шу сабабли кейинги вақтларда мазкур соҳада ноқонуний фаолият олиб борадиган сохта “тадбиркор”лар сони кўпайиб борди.

Бугунги кунда тараққиётнинг янги босқичига кўтариш йўлидан жадал илгарилаб бораётган Ўзбекистон мазкур соҳада ҳам туб ислоҳатларни амалга оширмоқда. Юртимизнинг бугунги ва эртанги тараққиётини белгилаб бергувчи Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида ҳам атроф-муҳит, аҳоли соғлиғи ва генофондига путур етказувчи экологик муаммоларни ҳал этиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизимини такомиллаштириш муҳим стратегик йўналиш деб белгиланган.

Соҳада юқорида кўрсатиб ўтилган салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан дарёларнинг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустахкамлаш, қум-шағал қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга оширишга йўл қўймаслик бўйича мажмуавий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Жумладан, бундан бўён дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари фақатгина тошқин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юборишнинг имкониятсизлиги билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошида фаолият олиб борадиган махсус муҳандислик-техник отрядлар томонидан олиб борилади. Ушбу фаолият билан бошқа ташкилотлар ҳам шуғулланиши мумкин.

Бундай ишларни амалга ошириш учун Тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарори асос ҳисобланади. Бунда Комиссия томонидан шундай қарор Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг мазкур йўналишда баҳолаш натижалари бўйича қўшма хулосаларига асосан қабул қилинади. Шундан сўнг, дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишга тайёрланган лойиҳа ҳужжатлари Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси органлари томонидан қонун хужжатларида белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилади.

Дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари давлат бюджети маблағларидан ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Шунингдек, Қарор билан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишни тартибга солиш, унинг атроф муҳитга салбий таъсирини олдини олиш мақсадида дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлашда амалга ошириладиган мазкур фаолият лицензияланиши шартлиги белгиланмоқда.

Дарёлар ўзанларида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш хуқуқи учун лицензия амалдаги тартибларга асосан Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш бўйича  Вазирлар Махкамаси Комиссияси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган заҳиралар мавжудлиги ва сув режимига салбий таъсирга йўл қўймаслик шарти билан берилади.

Шунингдек, Қарорга асосан мазкур фаолиятда тартибни бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилишгача бўлган жавобгарликни кучайтиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Мазкур Қарорнинг амалга оширилиши,  шубҳасиз равишда дарё ва сув ҳавзаларининг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни, хусусан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олишни ва улар оқибатида атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш имконини беради.

Кейинги вақтларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида белгиланган барча вазифалар, хусусан уй-жой ва йўл қурилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Албатта, мазкур объектлар учун арзон қурилиш материаллари, асосан маҳаллий қум-шағал материаллари муҳим аҳамият касб этади. Ушбу соҳадаги тадбиркорлик субъектлар сонининг ошиши ва улар технологияларининг такомиллашиши мазкур қурилиш хом-ашёси нархини паст бўлишида ва бу пировард натижада мазкур объектларнинг арзон бўлишида муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу фаолиятни ҳукумат доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бироқ, ушбу соҳада йўл қўйилган камчиликларга бундан бўён чек қўйиш ва соҳада назорат ишларини олиб боришда идоралараро гуруҳларлар фаолиятига Парламент ва фуқаролар назорати институтидан кенг фойдаланиш соҳада назорат тизими самарадорлигини ошириш имконини беради. Зеро, демократик қадриятлар такомиллашиб бораётган бугунги Ўзбекистонда атроф муҳит муҳофазаси нафақат давлат ёки жамият, балки ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришишдан иборатдир.

 Ислом ХУШВАҚТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 3519

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.12.2017
Конституция — ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асоси

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан Конституция қаб...

06.12.2017
Депутатлар янги шароитларда ОАВни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Ҳаракатлар стратегиясида ҳозирги вақтда Ўзбекистонни изчил тараққий эттиришнинг белгилаб берилиши жу...

06.12.2017
Эътироф ва рағбат

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги...

Тадбирлар тақвими