Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ойбек ДЖУМАЕВ: Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти эътиборида

Ойбек ДЖУМАЕВ: Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти эътиборида

Мамлакатимизнинг мустақил тараққиётида 2017 йил ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-сиёсий воқеаларга ниҳоятда бой бўлди. Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашида тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жаҳондаги энг нуфузли халқаро ташкилотнинг анжумани биринчи иш кунида етакчи давлатлар қаторида давлатимиз раҳбарининг чиқиши мамлакатимиз обрў-эътиборининг халқаро миқёсда кескин ошганлигини яққол намунаси бўлди. Албатта, ўтган бир йил давомида жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини янги босқичга олиб чиқди ва аҳолининг барча қатламлари томонидан қўллаб қувватланиб, халқимизнинг эътирофига сазовор бўлди. Мустақил давлатимизда кечаётган ушбу тарихий ўзгаришлар ҳақли равишда халқаро миқёсда ҳам ўз эътирофини топди.

Мамлакатимиз Президенти ушбу анжумандаги нутқида аввало жамиятимизда янгиланиш жараёнларининг стратегик дастурига алоҳида тўхталиб, барча ислоҳотлар “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида босқичма-босқич амалга оширилаётганлиги, бу ислоҳотлар бизнинг бош мақсадимиз бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишга хизмат қилиши аниқ ва равшан баён этилди. Яъни, юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлаш устувор вазифа эканлиги кўрсатиб берилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур анжумандаги нутқида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ал-Ҳусайннинг ташрифи якунлари бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилганлиги муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Шу ўринда мамлакатимизда барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти устидан парламент ва фуқаролар томонидан доимий назорат олиб борилаётганлиги ва шунингдек сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг роли ортиб бораётганлиги, суд органларининг мустақиллигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Албатта, мамлакатимиз иқтисодиётини либераллаштириш, миллий валютани эркин конвертация қилиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, жумладан тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман институтини жорий этилиши, бизнес соҳасидаги солиқларни сезиларли равишда қисқартирилиши, кредит олиш имкониятларининг кенгайтирилганлиги жаҳон иқтисодиётида беқарорлик давом этаётган ҳозирги даврда барча давлатлар учун ҳам яхши тажриба бўлиб хизмат қила олади.

Ушбу анжуманда таъкидлаб ўтилганидек, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлигимизнинг муваффақиятли ривожланаётганлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шериклик алоқаларимизни янгитдан тикланганлиги мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари мазкур анжумандаги нутқида Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият беришини алоҳида таъкидлаб ўтди. Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон учун ушбу минтақанинг барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланиши албатта мамлакатимизнинг миллий манфаатларига ва минтақа халқларининг орзу-интилишларига тўла мос келади.

Шу ўринда, Президентимизнинг қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти эканлиги тўғрисидаги фикрлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда жаҳондаги етакчи давлатлар эътиборини ушбу мураккаб муаммони ечимига яна бир бор қаратди. Ўзбекистон раҳбарининг қатъий фикрига кўра Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга катта ҳисса қўшмоқда. Ўйлаймизки, мамлакатимизнинг ушбу тинчликсевар ташқи сиёсати жаҳондаги барча давлатлар ва халқлар учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилади.

Мустақил Ўзбекистон Президенти ўз нутқида ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоси ҳисобланадиган халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизига алоҳида тўхталиб, уни бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини кўрсатиб ўтди. Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари жаҳон ҳамжамияти эътиборини, энг муҳим вазифа – ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялашга қаратди. Чунки Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги ёш авлоднинг қандай инсонлар бўлиб камолга етиши билан бевосита боғлиқдир.

Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, “Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир”. Бунинг учун албатта ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Албатта, шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, уларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш борасида катта ютуқларга эришилди ва бу ютуқлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилди.


Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Ҳеч шубҳасиз Президентимизнинг ушбу таклифи умумжаҳон аҳамиятига эга бўлиб, аввало халқаро ҳамжамият эътиборини ҳозирги даврнинг энг муҳим муаммосига қаратиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган давлатлар томонидан  ушбу муаммони ўзаро ҳамкорликда ечиш учун мутлақо янги механизмни яратиш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифи ҳам мамлакатимизда мустақиллик йилларида ушбу соҳада амалга оширилган  улкан ишлар ва катта тажрибага асосланилган бўлиб, жаҳон миқёсида саводсизлик, жаҳолат ва мутаасибликка барҳам беришга кўмаклашишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи мамлакатимизнинг халқаро майдонда олиб бораётган ташқи сиёсатида янги саҳифа очди. Ишончимиз комилки, мазкур анжуманда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар ва ташаббуслар албатта Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириши, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши йўлида ташланган катта қадам бўлиб хизмат қилади.

Ойбек ДЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.


Кўришлар сони: 23686

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...

Тадбирлар тақвими