Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Дилфуза ЖАЛИЛОВА: БМТ минбарида Ўзбекистон Президенти ёшлар масаласига оид аниқ таклифларни илгари сурди

Дилфуза ЖАЛИЛОВА: БМТ минбарида Ўзбекистон Президенти ёшлар масаласига оид аниқ таклифларни  илгари сурди

БМТ Бош Ассамблеясининг олий минбаридан туриб илк бора чиқиш қилган Давлатимиз раҳбарининг маърузаси бугунги кунда минтақа давлатлари, қолаверса дунё аҳлини ташвишга солаётган турли глобал муаммолар ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишлангани билан аҳамиятлидир. Айниқса, юртимизда ёшлар масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлиги ва аниқ стратегияга асосланган таклифлар бугун халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида бўлмоқда.

Юртбошимиз ушбу нуфузли тадбирда ёшларнинг онггу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш муҳим вазифа эканлигини қайд этдилар. Шунингдек, ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоялаш баробарида уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланиб, Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация  технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди ва бу ташаббус иштирокчилар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. У Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва кўплаб қонунларда ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Куни кеча “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига бир йил тўлиши муносабати билан “Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Эътиборлиси, мазкур қонунни қабул қилиш жараёнидаги қизғин  муҳокамаларда айнан ёшларнинг иштироки ва улар томонидан билдирилган таклиф-мулоҳазаларнинг аксарияти бугун ушбу ҳужжатда акс этган.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан юртимизда “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи”нинг ташкил этилганлиги ва 30 июнь санасини – Ёшлар куни деб эълон қилиниши ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ушбу ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Президент қарори билан тасдиқланган ёшларга доир сиёсат борасидаги барча мақсадларни ўзида акс эттирган Дастурда ёшларни масъулиятли лавозимлар захирасига киритиш, олий таълим муассасаларига имтиёз билан қабул қилиш, имконияти чекланган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби”ни ташкил қилиш сингари ғоят муҳим ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш белгилангани эътиборга молик жиҳатлардан биридир. Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида айнан ёшлар масалалари билан ишловчи доимий комиссия тузиш тўғрисида амалий ишлар олиб борилмоқда. Албатта, ушбу вазифаларни рўёбга чиқаришда биз, депутатлар ёшларга янада яқин бўлиб, уларни ўйлантираётган масалаларда ҳамфикр бўлишимиз, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини юксалтиришга ҳисса қўшишимиз мақсадга мувофиқдир.

Ушбу нуфузли тадбирнинг эътиборли томони, Президентимиз нутқи нафақат дунё ҳамжамияти томонидан, балки кенг жамаотчилик, жаҳон оммавий ахборот воситалари орқали ҳам тўғридан тўғри ёритилди. Бу ҳам бизнинг мамлакат ривожланишига ва аниқ мақсадли стратегик тараққиёт йўлимизга берилган юксак баҳодир, деб биламиз.

Зеро, ёш авлоднинг иқтидор ва  салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқаришда, энг аввало, уларнинг илм-фан, техника, ахборот технологиялари, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик, умуман айтганда, барча соҳалардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтириш, бу борада давлат ва жамоат тузилмаларининг ижтимоий шериклигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳимдир. Зеро, мамлакат тараққиёти, унинг янада гуллаб-яшнаши навқирон авлод камолотига бевосита боғлиқдир.

Дилфуза ЖАЛИЛОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.


Кўришлар сони: 16859

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.11.2019
Қонун билан тасдиқланаётган Давлат бюджетида нималар кўзда тутилмоқда?

Бу йил парламент тарихида илк бор Давлат бюджети қонун билан мустаҳкамланмоқда. Бу, албатта, давлат...

13.11.2019
Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимига қанча маблағ ажратилмоқда?

Таъкидландики, мазкур лойиҳада 2020 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари 14,8 трлн. сўмни...

12.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджетига доир қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда

Йиғилишда қайд этилганидек, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

Тадбирлар тақвими